Самарқанд шаҳридаги ноқонуний тарзда “қўзиқорин” шаклида қурилган бинонинг бузилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг ижро варақасига асосан жавобгар Ф.Х томонидан Самарқанд тумани “Жўйисой” МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган уй-жойда ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган 12 қаватли бино-иншоот (меҳмонхона) жавобгарнинг ҳисобидан буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Жавобгарга бир неча бор огоҳлантириш хатлари берилган. Бироқ жавобгар давлат ижрочиси талабларини бажарилмаганлиги сабабли унга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун иш тўпланган ҳужжатларни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судига юборган ва Суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблашнинг етти (7) баравари миқдорида яъни 2.100.000 сўм маъмурий жарима жазо чораси қўлланилган.
Жавобгар Ф.Х. ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни бажармаганлиги сабабли унга нисбатан 29.05.2023 йилда ЖКнинг 232-моддаси 1-қисми билан ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ҳозирда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун: ушбу бинони бузиш ижро ҳаракатлари даврида, етарли махсус техника воситалари бўлмаганлиги сабабли, ижро ҳаракатлари бир неча бор тўхтатилган эди.
Мажбурий ижро бюроси
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!