Россия санъат оламининг энг машҳур ва кумуш овоз соҳибаси, афсонага айланган қўшиқчи Алла Пугачёва яна бир катта қарор қабул қилди. Олинган маълумотларга кўра, у ўзининг Россия фуқаролигидан расман воз кечиш ниятида. Бу ҳақда турли манбалар орқали хабар тарқалди.
Маълум қилинишича, Пугачёва Россиянинг Исроилдаги элчихонасига махсус ҳужжатларни топширган. Бу жараён бир қатор бюрократик босқичларни ўз ичига олади ва расмий кўриб чиқиш бир неча ой давом этиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Айни пайтда, санъаткорнинг бундай қадамига асосий сабаб сифатида Россияда унга нисбатан эҳтимолий жиноий жавобгарлик қўзғалиши мумкинлиги айтилмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, айнан шу хавф Пугачёвани кескин қарор қабул қилишга ундаган.
Эслатиб ўтамиз, Алла Пугачёва 2022 йилда Исроил фуқаролигини олган эди. Шу йилнинг ўзида у Украинадаги қуролли тўқнашувларга қарши очиқ-ойдин фикр билдириб, Россия ҳудудини тарк этганди. Унинг бу ҳаракати ўша вақтда ҳам жамоатчилик орасида катта баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Пугачёва нафақат қўшиқлари, балки шахсий жасорати ва ўз позициясини очиқ билдиришга бўлган тайёрлиги билан ҳам машҳур. Унинг навбатдаги қадами эса санъат оламида ва сиёсий муҳитда яна кўплаб тортишув ва фикрлар уйғотиши аниқ.
Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар Пугачёвани Россия фуқаролигидан воз кечиши унинг ҳаётидаги янги босқич бўлиши, унинг келгуси ижодий ва шахсий фаолиятига катта таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!