Тошкент вилоятида жуда муҳим иқтисодий аҳамиятга эга воқеа қайд этилди. Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган ва тахминий 2 тонна олтин захирасига эга «Терекли» участкаси рекорд нархда сотилди.
Маълумотларга кўра, 19 август куни E-auksion электрон савдо майдонида бўлиб ўтган аукцион қарийб 12 соат давом этди. Савдоларда қаттиқ рақобат кузатилди ва натижада 377-чи қадамдан кейин «Toyloq Toza Hudud» компанияси ғолиб сифатида эълон қилинди. Компания 81,79 миллиард сўм (тахминан 6,5 миллион доллар) таклиф қилиб, участкада геологик изланиш ва тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритди. Шу тариқа, коннинг баҳоси бошланғич нархдан қарийб 20 баробарга ошди.
«Терекли» участкаси Шаугаз қишлоғидан 9,6 километр жануби-шарқда жойлашган бўлиб, умумий майдони 65 гектарни ташкил этади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, ушбу ҳудудда тахминан 2 тонна олтин захираси мавжуд. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик ресурс сифатида катта аҳамият касб этади.
«Toyloq Toza Hudud» компанияси ҳақида маълумотларга тўхталсак, у 2021 йилда Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти кўп қаватли уй-жойларни бошқариш билан боғлиқ. Устав капитали 67,88 миллиард сўмни ташкил этади ва компаниянинг ягона эгаси Бахтиёр Марупов ҳисобланади. У шунингдек «Afrasiab Jeans Textile», «Puremilky Products», «Pet Agro Oil» ҳамда «Sam Plast Works» каби қатор йирик компанияларнинг асосчиси сифатида ҳам танилган.
Қизиқарли жиҳати шундаки, «Toyloq Toza Hudud» аввал асосан уй-жой коммунал соҳасида фаолият юритган бўлса, энди олтин қазиб олиш соҳасида ҳам ўз кучини синаб кўрадиган бўлди. Бу компаниянинг йўналишини янада кенгайтириши ва янги соҳада ўз ўрнини топишига туртки бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал, 20 август куни Навоий вилоятидаги «Темирчи» участкаси ҳам савдога чиқарилган эди. Тахминий 6 тонна олтин захирасига эга бўлган ушбу кон «Zauris» компанияси томонидан 67,8 миллиард сўмга сотиб олинди.
Мамлакатимизда олтин захираларига эга бўлган конларни электрон аукцион орқали сотиш жараёни шундан далолат берадики, соҳага хусусий капиталнинг кириши кучаймоқда. Бу эса иқтисодиётда рақобат муҳитини ошириши, иш ўринлари яратилиши ва янги сармояларни жалб этишига хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!