10:24 / 15.05.2020
4 465

Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
15 май – Халқаро иқлим куни

Ер сайёрасида умумий ҳароратнинг кўтарилиши атроф муҳитнинг, айниқса атмосфера ҳавосининг зарарланганлигини кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳароратнинг, балки сайёрамизнинг барча минтақаларининг иқлими ўзгаришига олиб келмоқда.

Иқлимшуносларнинг маълумотларига кўра, иқлим ўзгаришининг асосий сабаби ер юзасидан чиқадиган узун тўлқинли радиацияни ютиб атмосферада иссиқхона эффекти ҳосил қилаётган газлардир. Шу тоифага кирувчи газлар “Иссиқхона газлари” деб аталади. Бу жараённинг моҳияти қуйидагича: қуёшдан келадиган радиациянинг бир қисми (30 фоиз) атмосфера туфайли булутлар орқали космосга қайтади. 15 фоиз атрофидагиси эса, атмосфера қатламларида ютилади, қолган энергия атмосферадан ўтиб ер юзасига етиб келади ва уни иситади.

Ер ўз навбатида атмосфера орқали узун тўлқинли инфрақизил нурларни коинотга қайтаради. Ушбу нурларнинг бир қисми коинотга чиқиб кетиш ўрнига иссиқхона газлари томонидан ютилади ва шу асосда атмосфера меъёридан ортиқ қизийди ва ниҳоят ер иқлимига таъсир кўрсатадиган иссиқхона қатлами ҳосил бўлади. Иссиқхона пайдо қиладиган газларнинг атмосферада ортиши эса, юқорида қайд қилинганидек, инсонларнинг фаолияти билан боғлиқ.

Шу билан биргаликда, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишга сабабчи бўлиб иқлим ўзгаришларини келтириб чиқармоқда. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан мутахассислар томонидан бекорга бонг урилмаяпти. Дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда кетса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси уни ҳал этишнинг иккита асосий йўналиши белгилади: атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши ҳолатида мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида Париж Битими қабул қилинди. Янги келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган.

Келишувнинг асосий мақсади иссиқхона газлари ташланмаларини сезиларли даражада камайтириб, сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туришга эришишдан иборат. Мутахассисларнинг фикрларига кўра, агар бу амалга оширилмаса, сайёрамиз йилдан йилга кўпроқ кескин иқлим ўзгаришларига дучор бўлади. Ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб атмосферага чиқарилаётган ташланмаларнинг умумий миқдори 55 гигатоннани ташкил этиши эҳтимоли бор. Ҳароратни Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туриш учун умумий ташланмалар миқдори 40 гигатоннадан ортиқ бўлмаслиги керак.

Таъкидлаш жоиз, Париж Битими 2015 йил 12 декабрда Парижда Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенция томонлари конференциясининг 21-сессиясида қабул қилинган. 2016 йил 4 ноябрда кучга кирган ва 2020 йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Битим турли миллий шароитлар нуқтаи назаридан адолатлилик принципларини ҳамда умумий, лекин тегишли имкониятларни эътиборга олиб алоҳида жавобгарликни акс эттиради.

Битимнинг мақсади БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенцияни амалга оширилишини фаоллаштириш, глобал ўртача ҳароратнинг индустриаллаштиришгача (1750 й.) бўлган даражага нисбатан 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. Бу 2050 йилга келиб иссиқхона газлари глобал ажратмаларини 40-70 фоизга камайтиришни ва 2100 йилга келиб унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.

2017 йил 19 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж Битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенция котибиятига иссиқхона газлар ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. Мазкур битим 2018 йили 3 октябрда ратификация қилинди. 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан (ялпи ички маҳсулотга) ялпи ички маҳсулот бирлигига 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, иқлим ўзгариши туфайли содир бўлиши мумкин бўлган оқибатлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
- ҳозирги юз йилликнинг ўзида океанлар сатҳи 1 м кўтарилиши;
- СО2 концентрацияси атмосфера ҳавосида ортиши (1870 йилдан бери уни миқдори 30 фоиз ортди);
- Ернинг устки қобиғи ҳарорати +0,7°С га ўзгарган ( сўнгги юз йил ичида).
- сув ресурслари тақчиллигининг кучайиши, шунингдек ҳудудларда ичимлик сувининг етишмаслиги ҳамда музлик ва қор қоплами кунларининг 7-10 кунга камайиб бориши, қурғоқчилик такрорланишининг кўпайиши (ҳозирги даврда ҳар 10 йилнинг 3 йилида).
- табиий офатларнинг ортиши – селлар, тошқинларнинг тез-тез такрорланиши (сўнгги 40 йил ичида табиий офатдан бўлган зарар миқдори 10 маротабага ошган);
- ўртача ҳароратнинг ошиши, йиллик иссиқ даврларнинг 10-15 кунга ўсиб бориши;
- ёғингарчиликнинг йиллик ўртача даражасини мамлакатни бутун ҳудуди бўйлаб пасайиши ва уларнинг ҳудудлар, вақт ҳамда миқдори бўйича нотекис тарқалиши, ҳаддан ташқари кучли ёғингарчиликли ва умуман ёғингарчиликсиз кунлар сонининг ортиши;
- қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши;
- юқори даражадаги жазирамалар такрорланишининг ошиши, ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиши;
- ўсимликлар ва ҳайвонларнинг аксарият турлари яшайдиган ареалларнинг қайта тақсимланиши, демак, экологик жараёнлар, бериладиган маҳсулотлар ва бажариладиган функцияларнинг тубдан ўзгариши;
- саҳроланиш жараёнларининг кучайиши, яъни, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерларнинг камайиши;
- иқтисодиёт секторлари таъсирининг тўлиқ қайта тақсимланиши ва олдиндан аниқ айтиш қийин бўлган бошқа кўпгина оқибатлар.

Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:
Биринчидан, иссиқхона газларини камайтириш. Бунинг учун биринчи навбатда ишлаб чиқариш корхоналари, ИЭС ва бошқа атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарувчи ташкилотларда экологик тоза технологияларни жорий этиш орқали атмосферага ташланаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш зарур.

Иккинчидан, ёқилғилар сифатини янада яхшилаш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, шу жумладан кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этиш ўз навбатида иссиқхона газлари миқдорини камайтиради.

Учинчидан, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш. Табиий дренаж ҳисобланган кўп йиллик дарахтларнинг экилиши ҳудуддаги микроиқлимни юмшатишга сабаб бўлади. Шунингдек, Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса шаҳар ва автомобил йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш зарарли моддалар миқдорини камайишига хизмат қилади.

Тўртинчидан, сувдан оқилона фойдаланиш. Томчилаб суғоришни ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам ўз навбатида иқлим ўзгаришларига мослашиш учун хизмат қилади.

Бешинчидан, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, яъни чиқиндисиз технологиялар. энергиятежамкор, ресурстежамкор, чиқиндисиз, кам чиқиндили технологиялардан фойдаланишни жорий этиш ёки бошқачароқ қилиб айтганда мамлакатда яшил иқтисодиётни жорий этиш зарур.

Олтинчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш. Қуёш, шамол энергияларидан фойдаланиш билан биргаликда атом энергетикасини ривожлантириш орқали атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини олдини олиш орқали иқлим ўзгаришлари оқибатларини маълум бир даражада камайтириш мумкин.

Иқлим ўзгаришларининг оқибатларини барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Хусусан, минтақамизга мос бўлмаган шамолнинг тезлиги натижасида Бухоро вилоятида юз берган табиий офат ёки бир қатор ҳудудларда сел келишининг ортиши бу албатта иқлим ўзгаришларининг оқибатидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ишларига эътибор янада кучайди.

Юртбошимиз юксак минбарлардан экологик муаммоларни ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидламоқдалар. Жаҳон ҳамжамиятини буни қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини, шу жумладан минтақа мамлакатларини экологик масалаларда, жумладан Орол денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Бугунги кунда мазкур масалаларда амалий ишларни барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина мисол сифатида БМТ шафелиги остида Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондининг ташкил этилиши ёки мустақилликнинг 27 йили давомида Оролнинг қуриган тубида 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, сўнгги икки йилда қарийб 1200 минг гектарга саксовул ва бош чўл ўсимликлари уруғлари сепилганлиги ва кўчатлари экилганлигини келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг бир қатор бандларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш масалалари белгиланганлиги иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун хизмат қилади.

Мухтасар қилиб айтганда, глобал тусдаги экологик муаммони бир ёки икки давлатнинг саъй-ҳаракати билан бартараф этиб бўлмайди. Бунга барча давлатлар ҳамжиҳатликда экологик муаммони бартараф этиш учун курашиш талаб этилади. Келгуси авлодлар учун мусаффо осмон, гўзал табиат ва унинг бебаҳо неъматларини бекаму кўст ҳолда етказиш барчамизнинг умуминсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?