Жаҳон энергетика бозорида янги вазият шаклланмоқда. Ҳиндистон томонидан Россия нефтини сотиб олиш ҳажми кескин қисқаргани ортидан пайдо бўлган бўшлиқни Хитой жадаллик билан тўлдирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg бозор маълумотларига асосланиб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон АҚШнинг жорий қилган қўшимча божлари сабаб Россия нефтига талабини камайтирди. Бироқ Пекиндаги қайта ишловчи заводлар Ҳиндистон рад этган хомашёни фаол харид қила бошлади. Натижада, Осиёдаги нефть оқимлари йўналиши кескин ўзгарди ва Хитой компаниялари Россиянинг ғарбий ҳудудларидан келаётган Urals маркали нефтьдан кўпроқ олиш имкониятига эга бўлди.
Авваллари Хитой асосан Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаси орқали етказиб бериладиган хомашёни сотиб оларди. Аммо август ойидан бошлаб вазият ўзгарди: Болтиқбўйи ва Қора денгиз орқали келаётган Urals нефтини етказиб бериш кунига 75 минг баррелга етди. Бу эса йил давомидаги ўртача 40 минг баррел кўрсаткичига нисбатан қарийб икки баравар кўпдир. Шунга параллел равишда, Ҳиндистон импорти эса кескин пасайиб, 400 минг баррелгача тушиб кетди. Июль ойида бу кўрсаткич 1,18 миллион баррел бўлган эди.
Мутахассислар бу мувозанатнинг асосий сабабини АҚШнинг савдо сиёсатида кўришмоқда. Август бошида Вашингтон Ҳиндистонга нисбатан бож ставкаларини икки баробар оширди. Бу орқали АҚШ Россия нефтини сотиб олишда давом этаётган Ҳиндистонни жазолашни мақсад қилди. Бироқ айни чекловлар Хитойга қўлланилмади — савдо соҳасидаги мураккаб келишувларни сақлаб қолиш учун. Шу сабабли Хитой компаниялари ҳеч қандай тўсиқсиз Ҳиндистон ололмаган ҳажмларни ўзлаштириш имконига эга бўлди.
"Хитойдаги қайта ишлаш заводлари учун бу ҳолат жуда қулай. Улар Россия нефтини харид қилишни узоқ муддат давом эттириши мумкин", — дейди экспертлар. Уларнинг таъкидлашича, Urals маркасидаги нефть Яқин Шарқ хомашёсига қараганда рақобатбардошроқ. Бунинг асосий сабаби эса Россиянинг катта чегирмалари ва арзон логистика имкониятларидир.
Шу кунларда маълум бўлишича, Хитой компаниялари аллақачон октябрь-ноябрь ойларига мўлжалланган 10–15 та Urals партиясини банд қилиб бўлган. Ҳозир Чжоушань соҳилларида 2 миллион баррел нефть билан тўлдирилган икки катта танкер турибди.
Бозордаги талаб ҳам юқори. Urals нефти айни вақтда Brent маркасидан тахминан 1 долларга қимматроқ сотилмоқда. Бу эса харидорлар орасидаги қизиқишнинг кучлилигини яққол намоён этади.
Бироқ Ҳиндистондаги қайта ишлаш корхоналарида фаоллик кўзга ташланмаяпти. Айримлари таклифларни кўриб чиқса-да, кўпчилиги АҚШ босими сабаб жиддий хавотирда.
Экспертлар огоҳлантиради: агар келгуси даврда Хитой ҳам харид ҳажмларини қисқартирса, Россия нефти учун янги харидор топиш жуда қийин кечиши мумкин. Бундай шароитда Москва нархларни янада пасайтиришга мажбур бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!