14:21 / 21.12.2020
1 145

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексида янги шартноманинг шартли депонентлаш (Эскроу) турига оид нормалар

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексида янги шартноманинг шартли депонентлаш (Эскроу) турига оид нормалар
Жаҳонда рўй бераётган илм-фан тараққиёти, иқтисодий алоқаларнинг такомиллашуви ҳамда мол-мулкка оид янги амалиётларнинг вужудга келиши, шатнома турларининг ҳам ривожланишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаш- тириш концепциясида ҳам шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг сифат жиҳатдан янги механизмларини жорий қилиш зарурлиги алоҳида вазифа қилиб белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, янги шартнома тури сифатида шартли депонентлаш (Эскроу) тури киритиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу шартнома тури англо-саксон ҳуқуқий тизимига эга бўлган давлатларда тадбиркорлик фаолиятида, айниқса банклар томонидан кенг қўлланилади. Шунингдек, континентал ҳуқуқий тизимга эга давлатлар ҳам ушбу шартномани жорий қилган.

Бизда ҳам ушбу янги шартнома турининг тегишли асослари ва нормаларини белгилаб олиш муҳим аҳамият касб этади. Шунга кўра, амалдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида Шартли депонентлаш (эскроу) деб номланган, 940-947-моддалардан иборат бўлган, янги 50-боб киритилмоқда.

Мазкур янги боб шартли депонентлаш шартномаси (эскроу), эскроу-агентнинг ҳақи, бенефициарга мол-мулкни ўтказиш учун асосларни текшириш, депонентланган мол-мулкни ажратиб чиқариш, ашёларни депонентлаш хусусиятлари, ҳужжатсиз қимматли қоғозларни ва нақдсиз пул маблағларини депонентлаш хусусиятлари, эскроу шартномаси тарафлари-нинг талабларини мол-мулкка қаратиш хусусиятлари, эскроу шартномаси-нинг бекор бўлиши билан боғлиқ қоидаларни тартибга солади.

Янги бобда қандай моддалар кўзда тутилди
Янги боб лойиҳаси 8 та моддадан иборат бўлиб, қуйидаги нормалар назарда тутилган:
Шартли депонентлаш шартномаси (эскроу)нинг моҳияти, кимлар ўртасида тузилиши, амал қилиш муддати, қандай ҳолларда нотариал тасдиқланиши, депонентлаш обеъктлари ҳамда ўзаро эскроу каби нормалар 940-моддада ёритилган.

Хусусан, шартли депонентлаш шартномаси (эскроу) бўйича депонент эскроу-агентга мол-мулкни депонентнинг бошқа шахсга ўтказиш мажбуриятини бажариш учун уни депонентлашга бериш мажбуриятини олади, эскроу-агент эса ушбу мол-мулкнинг сақланишини таъминлаш
ва шартномада кўрсатилган асослар юзага келганда уни бенефициарга топшириш мажбуриятини олади.

Эскроу шартномаси депонент, бенефициар ва эскроу-агент ўртасида тузилади ҳамда мол-мулкни депонентлаш муддатини назарда тутиши керак. Эскроу шартномасини амал қилиш муддати беш йилдан ошмаслиги керак. Кўпроқ муддатга тузилган ёки муддатсиз тузилган эскроу шартномаси беш йилга тузилган ҳисобланади.

Эскроу шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт бўлиб, нақдсиз пул маблағлари ва (ёки) ҳужжатсиз қимматли қоғозларнинг депонентлаш ҳолатлари бундан мустаснодир.

Депонентлаш объектлари бўлиб кўчар мулк (жумладан, нақд пул, ҳужжатли қимматли қоғозлар ва ҳужжатлар), нақдсиз пул маблағлари, ҳужжатсиз қимматли қоғозлар ҳисобланади.

Шунингдек, тарафлар эскроу-агентда икки тарафлама шартнома тарафларнинг ўзаро топширилиши керак бўлган мол-мулк депонентла-нишини назарда тутувчи шартнома яъни ўзаро эскроу тузишлари мумкин.

Эскроу-агентнинг ҳақи тўғрисидаги нормаларга кўра, агар шартномада бошқача назарда тутилмаган бўлса:
- эскроу-агент ўз мажбуриятларини бажарганлиги учун ҳақ тўланишини талаб қилиши мумкин;
- депонент ва бенефициарнинг эскроу-агентга тўлаш бўйича мажбурияти солидар бўлади;
- эскроу-агент ўзининг ҳақи тўланиши ёки таъминланиши ҳисобига депонентдан олинган мол-мулкни ҳисобга киритиши ёки ушлаб туриши мумкин эмас.

Бенефициарга мол-мулкни ўтказиш учун асосларни текширишга оид нормаларга кўра, агар эскроу шартномасида бенефициарга мол-мулкни ўтказиш учун асослар юзага келганлигини тасдиқлаши учун бенефициар томонидан ҳужжатларни тақдим этиш мажбурийлиги назарда тутилган бўлса, эскроу-агент уларни ташқи белгилари бўйича текширишга мажбур ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар оқилона равишда ишончли эмас деб ҳисобланганда, мол-мулкни топширишдан бош тортиши мумкин, агар шартномада бошқача назарда тутилмаган бўлса.

Бундан ташқари эскроу шартномасида эскроу-агентнинг бенефициарга мол-мулкни топшириш асослари мавжудлигини текшириш мажбурияти назарда тутилган бўлиши мумкин.

Депонентланган мол-мулкни ажратиб чиқаришга оид нормаларга кўра:
- эскроу-агентга топширилган мол-мулк унинг мол-мулкидан ажратилиши керак. Ушбу мол-мулк алоҳида балансда акс эттирилади ва (ёки) у бўйича мустақил ҳисоб юритилади;
- эскроу-агентнинг унга депонентлаш учун топширилган мол-мулкни
шу турдаги бошқа (шу жумладан, ўзининг) мол-мулк билан аралаштириб юбориши эскроу-агентнинг депонент ва бенефициар олдидаги мажбурият-ларини тугатмайди;
- агар шартнома билан бошқача назарда тутилмаган бўлса ёки мажбуриятнинг мазмунидан келиб чиқмаса, эскроу-агент унга депонентлаш учун топширилган мол-мулкдан фойдалана олмайди ва уни тасарруф қила олмайди.

Агар эскроу-агент банк бўлмаса, нақдсиз пул маблағлари унинг номинал ҳисоб рақамида депонентланади. Эскроу-агент томонидан очилган номинал ҳисоб рақамининг бенефициари мол-мулкни шартномада кўрсатилган бенефициарга топшириш асослари юзага келиш санасига қадар депонент бўлади, кўрсатилган санадан сўнг эса бенефициар эскроу шартномаси бўйича номинал ҳисоб рақами бўйича бенефициар бўлади.

Эскроу-агентнинг қарзлари бўйича ундирувни депонентланган мол-мулкка қаратиш, бундай мулкка банд қўйиш ёки унга нисбатан таъминлаш чораларини қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Депонент қарзлари бўйича ундирувга қаратиш эскроу шартномаси бекор қилинганда ёки у бўйича мажбуриятлар бузилганида депонентнинг бенефициарга ёки эскроу-агентга нисбатан ҳуқуқи (талаби) бўйича амалга оширилиши мумкин. Бенефициарнинг қарзлари бўйича ундирув унинг эскроу-агентга нисбатан депонентланган мол-мулкни топшириш тўғрисидаги ҳуқуқига (талабига) қаратилиши мумкин.

Эскроу шартномаси эскроу-агент бўлган фуқаронинг вафот этиши, уни муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилиши, эскроу-агент бўлган нотариуснинг ваколатлари тугатилиши, юридик шахс бўлган эскроу-агентнинг тугатилиши, эскроу шартномасининг муддати тугаши натижасида, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа асосларга кўра бекор бўлади.

Депонент ва бенефициар ёзма равишда ёки эскроу шартномасида белгиланган бошқа усулда эскроу-агентга қўшма хабарнома берган ҳолда эскроу шартномасидан воз кечиши мумкин.

Эскроу шартномаси бекор бўлганда, агар депонент ва бенефициар келишуви билан бошқача назарда тутилмаган бўлса, депонентланган мол-мулк депонентга қайтарилади, ушбу мол-мулкнинг бенефициарга топшириш учун асослар пайдо бўлганида у бенефициарга топширилади.

Агар эскроу шартномаси мазкур моддада назарда тутилган ҳолатлар пайдо бўлгунига қадар бошқа шахсга ўтказилмаган бўлса, депонентланган мол-мулк депонентга қайтарилади, ушбу мол-мулкни бенефициарга топшириш учун асослар пайдо бўлганида у бенефициарга топширилади.
Ўзгартиришлардан кутилаётган натижалар

Таклиф этилаётган янги нормалар мамлакат иқтисодиёти ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган янги шартнома турини жорий этиш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулайликлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришда ижобий натижаларни бериши кутилмоқда.

Мазкур таклифларни ишлаб чиқишда хорижий давлатлардан АҚШ, Буюк Британия, БАА, Сингапур, Россия ва бошқа МДҲ давлатларининг шу йўналишга оид тажрибалари ўрганилди.

Назарали Норбаев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти бўлим бошлиғи


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексида янги шартноманинг шартли депонентлаш (Эскроу) турига оид нормалар