13 август куни Сурхандарё вилоятидаги авто газ қуйиш станциясида содир бўлган портлаш ва ёнғин ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. Ҳодиса видеоси ҳам пайдо бўлиб, қисқа фурсат ичида муҳокамалар марказига айланди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот беришича, воқеа соат 12:58 да рўй берган. Таъкидланишича, портлаш ва ёнғин ёқилғи автоцистернадан захира сақлаш резервуарига кўчирилаётган пайтда технологик жараён қоидалари бузилгани оқибатида юз берган. Бу эса қаттиқ ёқилғи-ҳаво аралашмасининг ёнишига ва кучли чақнашига олиб келган.
Ҳодиса жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари шахсан етиб боришган. Қутқарув ва ёнғин ўчириш гуруҳлари шиддат билан ишга киришиб, атиги 15 дақиқа ичида ёнғинни тўлиқ назоратга олишган. Шу билан бирга, ҳодиса натижасида жабрланувчилар ва катта йўқотишлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмади.
Мутахассислар айтишича, АГЗСларда технологик қоидаларга қатъий риоя қилиш нафақат ходимлар, балки атрофдаги аҳоли хавфсизлиги учун ҳам жуда муҳим. ФВБ эса бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида қўшимча профилактика чораларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режасини билдирган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!