Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони, 7 август куни ҳақиқий шоу майдонига айланди. Миллионлаб мухлисларнинг орзусидаги америкалик мегаюлдуз Женнифер Лопес илк бор Ўзбекистон пойтахти саҳнасида жонли концерт берди. Шоу олдидан ҳам, унинг давомида ҳам ижтимоий тармоқларда мухлислар қўлларида чипталар билан суратларини, стадион атрофидаги гуллаб-яшнаган муҳитни фаол равишда бўлишди.
Ҳашаматли тадбир учун жами 25 мингта чипта сотилгани, шундан салкам 15 мингтаси — яъни тахминан 68–70 фоизи хорижликларга тегишли экани ҳақида “Ахборот 24” дастурида маълум қилинди.
Расмий рақамларга кўра, мамлакатлар кесимида Россия фуқаролари 7,5 мингта чиптага эга бўлган бўлса, яна 2,5 мингдан ортиқ билет қўшни Қозоғистондан келган меҳмонлар томонидан харид қилинган. Қолган бир неча минг билет эса Европа ва бошқа қитъалардан келган саёҳатчилар қўлига ўтган.
Концертга чипталар нархи 1 миллион сўмдан 4,2 миллион сўмгача бўлган. Айтишларича, хорижлик мухлисларнинг кўпчилиги фақат концерт учун эмас, балки 4–6 кунлик махсус тур-пакетлар орқали Ўзбекистонда саёҳат қилиш мақсадида ташриф буюришган. Бу эса мамлакат туризм соҳаси учун ҳам катта реклама ва иқтисодий фойда бўлди.
Тошкент осмони остидаги шуъла ва мусиқа уйғунлигида ўтган мазкур кеча нафақат иштирокчилар хотирасида, балки шаҳар тарихида ҳам ёрқин саҳифа сифатида қолиши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!