Тошкентда тиббиёт соҳасида навбатдаги тарихий воқеа рўй берди — маҳаллий шифокорлар 6 ёшли беморнинг юрагида ноёб операцияни муваффақиятли амалга оширишди. Энг ажойиб жиҳати шундаки, болага ўрнатилган янги клапан унинг ўз юрак тўқимасидан тайёрланди.
Маълумотларга кўра, беморнинг зарарланган уч ёпқичли клапани бутунлай олиб ташланди. Ҳар бир ҳаракат улкан аниқлик ва маҳорат талаб қилган операцияда хирург унга ўрнига янги клапан яратиш учун ўнг қоронғу бўлмаси (ўнг атриум) “қулоқчаси”дан фойдаланди. Бу мураккаб жараённи ёш ва иқтидорли болалар кардиохирурги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти Бобур Тўраев амалга оширди.
Операция Нодир Иброҳимов раҳбарлигидаги клиника жамоаси иштирокида ўтди. Охирги саккиз ой ичида мазкур клиникада тахминан 500 та юрак жарроҳлиги амалиёти бажарилгани қайд этилди.
Бобур Тўраев ўз соҳасида халқаро тажрибага эга — у University College London'да таҳсил олган, 10 давлатда стажировка ўтаб, 20 га яқин илмий иш чоп этган. Ёш бўлишига қарамай, у аллақачон мингдан ортиқ болаларда муваффақиятли юрак операцияларини амалга оширган.
Мутахассислар фикрича, бу натижа нафақат маҳаллий кардиохирургияда янги босқични бошлайди, балки Ўзбекистон шифокорларини янада катта марралар сари илҳомлантиради. Операциянинг муваффақияти ҳақида сўз кетар экан, тиббиёт жамоаси бундай тажрибалар мамлакат тиббиёти салоҳиятини кучайтираётганини таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!