22:14 / 10.01.2021
2 778

Сувдаги балиқ ва амалдорлар: ким қанча «сув»ни ютиб юборганини қандай аниқлаш мумкин?

Сувдаги балиқ ва амалдорлар: ким қанча «сув»ни ютиб юборганини қандай аниқлаш мумкин?
Коррупция – давлат ва жамият ривожи учун асос бўлган устунларни ичдан кемирувчи қуртга ўхшайди. Сувда сузаётган балиқ сувни ютиб юборяптими ёки йўқми билмаганимиз сингари давлат амалдорларининг ҳам ўз шахсий манфаатлари йўлида қанча маблағни «чўнтакка ургани»ни билиш имконсиз.

Каутилияга «мастер-класс»
Баъзи мамлакатлар гарчи табиий ресурсларга бой бўлишига қарамай, етарли даражада ўсишга эриша олмайди. Хўш, нега? Албатта, бунинг турли объектив ва субъектив сабаблари бор. Аммо шу нарса аёнки, бундай давлатларнинг аксарияти жиддий бир муаммодан – коррупция балосидан азият чекади.

Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган иллат эмас. Ҳатто милоддан аввалги IV асрда Ҳиндистонда яшаган Каутилиянинг давлат бошқаруви ҳақида ёзилган «Артҳашастра» номли асарида ҳам у ҳақда сўз юритилган экан. Муаллиф ўз китобида мол-мулкни ўғирлашнинг қирқ йўли борлигини таъкидлайди ва бу йўлларни бирма-бир санаб ўтади.

Дарвоқе, бу қирқ усулни яхшигина ўзлаштирган, аммо озроқ «уқувсизлик» қилгани ёки азбаройи «омади чопмагани» боис қўлга тушганларнинг қилмиши ҳақидаги хабарлар ҳамон ОАВ саҳифаларини «безаш»да давом этмоқда.

Узоққа боришнинг кераги йўқ. Ортда қолган йилда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва ташкилотларида содир этилган коррупциявий ҳолатлар бир орага жамлангудек бўлса, узундан узун бир рўйхат пайдо бўладики, бу рўйхатнинг то охирига етгунча кўз тиниб кетади...

2021 йил ҳам «чакки» бошланмади, ҳартугул. «Андижонча» ва «жиззахча» тендерлар қаторига «навоийча» тендер ҳам келиб қўшилди. «Жиззах билан Андижонда бўлаётган воқеалар аслида ўзи янгилик эмас. Фақатгина жамоатчиликка эндигина ошкор қилингани учун «ҳайп» яратяпти. Бу аслида, йиллар давомида амалга оширилиб келинаётган амалиёт. Биринчи марта бўлаётгани йўқ, бу икки воқеа аслида «айсберг»нинг учи» қабилидаги гапларни эшитиб, бу қурғур «айсберг»нинг остидагилар, демак, Каутилияга ҳам «мастер-класс» ўтиб қўяркан-да, деган гумонга борасан киши…

Ўтда ёнмас, сувда куймас Ўлмас Кашшейми у?
Баланчандруду феодализм, капитализм, социализм ва коммунизм каби барча тузумларда коррупция мавжудлигини ва у барча ижтимоий синфларга, барча ҳолатларга (тинчлик ёки уруш), барча даврларга (қадимий, ўрта асрлар, замонавий) таъсир қилишини таъкидлайди.

АҚШнинг собиқ савдо вакили Майкл Кантор қудратли одамлар ва улар пул орқали таъсир ўтказа оладиган инсонлар бор экан, коррупция мавжуд бўлиб қолишини айтади.

Қайд этиш жоиз, узоқ йиллар давомида коррупция сиёсат дунёсида жуда чекланган қизиқиш доирасига эга бўлиб келди. Таҳлилчиларнинг фикрича, коррупция тушунчасига сўнгги йилларда кўпроқ эътибор қаратила бошланди ва бунга совуқ урушдан кейинги ўзгаришлар сабаб бўлди. Митчелл Селигон таъкидлаганидай, совуқ урушдан кейинги савдо-сотиқ ривожланиши ва нео-либерал сиёсат натижасида дунё бўйлаб мисли кўрилмаган коррупция кўзга ташлана бошлади.

Жаҳон банки ва ХВФнинг 1996 йилдаги йиллик йиғилишида ўша пайтда Жаҳон банки президенти бўлган Жеймс Вулфонсон узоқ вақт давомида молия институтлари ва ривожланиш ассоциациялари томонидан кўтармай келинган «нозик» мавзуни – коррупция масаласини кун тартибига олиб чиқди. Шундан сўнг Жаҳон банки ҳар йили 100га яқин мамлакатда ўтказилган тергов ишларига, хусусан, коррупцияга қарши кураш доирасидаги 600дан ортиқ дастурга ҳар йили 10 миллион доллар сарфлади ва 50дан ортиқ ходимга эга таҳлил бўлими ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳукуматлар ҳар доим ҳам фуқароларнинг манфаатлари йўлида ҳаракат қилавермайди. Коррупцияга ботган сиёсатчилар, одатда, давлат маблағларини катта миқдорда ноқонуний бойлик тўплаш ва уни яшириш осон бўлган ишларга сарфлашади.

Коррупция даражаси қандай ўлчанади?
Барча мамлакатларда турли даражадаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга бўлган коррупция феномени билан боғлиқ бир савол мавжуд: коррупция даражасини ўлчаш мумкинми? Мумкин бўлса қандай?

Барча соҳаларда коррупцияга қарши курашни таъминлаш, бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва натижаларни назорат қилиш учун ҳам коррупцияни ўлчаш талаб қилинади. Коррупция кўпинча махфий бўлиб қолгани учун уни ўлчаш қийин ва у Жаҳон банки, CPI (Corruption Perceptions Index) каби баъзи ташкилотлар томонидан маълум кўрсаткичлар орқали ўлчаб борилади. Шу ўринда қайд этиш жоиз, Ўзбекистон CPI (Transparency Int.) коррупцияни қабул қилиш индексида 2019 йил якунларига кўра, 198 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаб турибди.

Коррупция ва қашшоқликнинг алоқаси
Адабиётларда коррупция ва қашшоқлик ўртасидаги муносабатни ўрганишда иккита модел келтирилади:
- Иқтисодий модел
- Бошқарув модели
Иқтисодий моделга кўра, коррупция ҳолатларининг ортиши биринчи навбатда иқтисодий ўсиш омилларига таъсир қилади, иқтисодий ўсишни пасайтиради, даромад тақсимотидаги адолатсизликни кучайтиради ва қашшоқликни оширади.

Бошқарув моделига кўра, коррупция ҳолатларининг ортиши бошқарув омилларига таъсир қилади, бошқарув салоҳиятини пасайтиради ва қашшоқликни кучайтиради.

Коррупцияни юзага келтирувчи омиллар
Коррупцион хатти-ҳаракатларнинг турлари ва уларни келтириб чиқарувчи кўплаб омиллар мавжуд. Шунинг учун коррупцияни тизимли равишда таснифлаш қийин.

Ҳуқуқшунослар кўпинча коррупцияни камайтириш учун ўз мансаб ваколатидан эгри мақсадлар йўлида фойдаланаётганларни жазолаш тартибини кучайтириш керак, деган фикрни билдиришади. Баъзи тадбиркорлар эса коррупция ҳолатларини давлат хизматчиларининг хусусий сектор ходимларига нисбатан кам иш ҳақи олиши билан изоҳлашади.

Юқорида айтиб ўтилган омиллардан ташқари коррупцияга олиб келувчи бошқа сабаблар ҳам мавжуд.

Коррупция, асосан, қуйидаги ҳолларда юзага келади:
1. Давлат томонидан товар ва хизматларни харид қилиш ва сотишда, субсидияларни тақсимлашда, давлат муассасаларини хусусийлаштиришда, муайян имтиёзларни тақдим этишда ва шунга ўхшаш бошқа ҳолларда.
2. Муайян қонунлар ва қоидалар. Давлат сектори ва унинг ваколатига оид аниқ қоидалар мавжуд эмаслиги давлатдан фойдаланиш бўшлиқларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, давлат секторидаги мансабдор шахсларнинг ҳаддан ташқари кўп ваколатга эга бўлиши ҳам коррупция га олиб келади.
3. Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш. Барча ҳукуматлар тартибга солиш, солиқ йиғиш, қонунларни жорий этиш ва адолатсизликка қарши санкцияларни қўллаш ҳуқуқига эга. Давлат амалдорлари эса ушбу ваколатларни суиистеъмол қилиши ва фуқароларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиши мумкин. Ҳатто нотўғри хатти-ҳаракат содир қилмаган шахс ёки компаниялар ҳам расмий операциялар кечикишининг олдини олиш учун порага мурожаат қилиши мумкин. Ноқонуний фаолият билан шуғулланадиган корхоналар эса жиноий жавобгарликка тортилмаслик ёки имтиёзли чоралар илинжида пора бериши ҳолатлари кузатилади.
4. Аҳоли жон бошига даромад кам бўлса. Коррупция ва ёмон бошқарув ўртасида салбий боғлиқлик мавжуд. Кам даромад коррупциянинг сабаби ва натижаси бўлиши мумкин.
5. Қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, мулк ҳуқуқининг ёмон ишлаши ҳам коррупцияга олиб келади. Мулк ҳуқуқининг заифлиги давлат ва хусусий мулк ўртасидаги чегараларни бузади. Мулкий дахлсизлик билан боғлиқ ноаниқликлар нафақат ички инвестицияларни сусайтиради, балки чет эл капиталининг оқимига ҳам ғов бўлади.
6. Ёпиқ иқтисодий ва сиёсий тизимлар. Ёпиқ тизимлар ижтимоий тенгсизликка мойил бўлиб, юқори даражадаги коррупцияга олиб келади.
7. Тарихий ва маданий омиллар. Мамлакатларнинг айрим тарихий ва маданий хусусиятлари айрим ҳолларда коррупцияни турли мамлакатларда турлича қабул қилинишига олиб келиши мумкин. Масалан, совға бериш баъзи маданиятларда одатий ҳол сифатида кўрилса, баъзи мамлакатларда бу ҳолат коррупция сифатида баҳоланади.

Хулоса қилиб айтганда...
Коррупция давлат харажатларини кўпайтиради;
Коррупция давлат даромадларини камайтиради;
Коррупция давлат сектори самарадорлигини пасайтиради;
Коррупция давлат харажатлари таркибини бузади;
Коррупция давлат инфратузилмаси сифатини пасайтиради;
Коррупция даромадлар тенгсизлигини оширади;
Коррупция ривожланишни секинлаштиради.
Ўз навбатида яхши бошқарув, шу жумладан, коррупция даражасининг пастлиги иқтисодий ўсишга сезиларли ижобий таъсир қилади. Кенг қамровли, яхши ташкил этилган ва ҳал қилувчи сиёсий рақобат – коррупцияга барҳам беришнинг энг синалган усулларидан бири.

Зотан, ишонч – бу ижтимоий капиталнинг таркибий қисмидир.

Отабек Тиллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сувдаги балиқ ва амалдорлар: ким қанча «сув»ни ютиб юборганини қандай аниқлаш мумкин?