19:11 / 30.01.2022
1 042

Интернетда ўзбекча контентни кўпайтириш учун нималар қилса бўлади?

Интернетда ўзбекча контентни кўпайтириш учун нималар қилса бўлади?
Интернетдаги маълумотларнинг 63,6 фоизи инглиз тилида. 6,9 фоиз маълумотлар рус тилида ва ҳайратланарлиси — учинчи ўринда қарийб 4 фоизлик натижа билан... турк тили турибди.
Бу маълумотлар веб-технологияларга доир маълумотларни умумлаштирувчи w3techs сайтида келтирилган ва ҳар куни янгилаб борилади.

Интернетда турли тилларда яратилган контентларнинг йил давомида ўзгариш графиги. w3techs.com
Жаҳонда турк тилидан кўра кенгроқ тарқалган халқаро тиллар кўп. Масалан, контент яратишда фойдаланилган тиллар рўйхатида кейинги ўринларда испан тили (3,6 фоиз), форс тили (3,5 фоиз), француз тили (2,5 фоиз), немис тили (2 фоиз), япон тили (1,9 фоиз), вьетнам тили (1,9 фоиз), хитой тили (1,3 фоиз), араб тили (1,3 фоиз) турибди.

Албатта, «кучли ўнлик»дан ўрин олган туркча, форсча ва вьетнамча маълумотларнинг кўплиги кишини чиндан ҳам ҳайратлантиради. Масалан, жами маълумотларнинг 0,1 фоиздан ҳам камроғини ташкил этувчи ўзбек тилидаги контентлар 51-ўринда экан. Яъни, интернетдаги ҳар мингта мақоланинг биттаси ўзбекча. Туркларнинг бу борада амалга оширган ишларидан ўрнак ва андаза олса арзийди.

Интернетда ўзбек тилидаги маълумотлар қанча?
Халқаро очиқ энциклопедия — Wikipedia’да ўзбекча материаллар 100 мингдан ошган. Wikipedia’даги мақолаларнинг катта қисмини «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»дан шундоққина кўчириб, «копи-пейст» қилинган мақолалар ташкил этади. Уларнинг катта қисми китоб варианти учун тайёрланган, батафсил бўлмаган, бир абзацдан иборат юзаки маълумотлар. Ҳолбуки, кўпинча ўша мақоланинг бошқа тилдаги версияларида батафсил маълумотлар берилган бўлади. Сифатга эмас, сонга ишлангандек таассурот қолдиради.

Онлайн энциклопедияда мақолалар сони 1 миллиондан ошган тиллар сони 19 та, бу ерда ҳам табиийки, инглиз (6,38 млн мақола) ва рус тили (1,75 млн мақола) етакчилик қилмоқда. Ўз-ўзидан, бу икки тилни мукаммал билган инсон янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиши ойдинлашади.

Youtube, TikTok, Instagram каби ижтимоий тармоқлардаги ўзбекча контентларни-ку, энди гапиришга ҳам арзимайди. Ғиж-ғиж хато.

Ушбу маълумотларни келтиришдан муддао, XXI — ахборот асрида ўзбек тилидаги сифатли контентни кўпайтириш учун зудлик билан ишга киришиш кераклигини эслатиш. Биз бу борада бошқа миллатлардан ортда қолиб кетмаслигимиз керак.

Хўш, нималар қилиш керак?
Очиғи, бу борадаги ҳолатни асло қониқарли деб бўлмайди. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти бор. Ҳозир энциклопедияларни (луғатларни ҳам) фақат қоғозда, китоб кўринишида чоп этиш ўзини мутлақо оқламайди. Аввало, китоблар нархи жуда қимматга тушади. Китобга кўп маълумот сиғдириб бўлмайди. Имкон қадар қисқа ва лўнда, юзаки маълумотлар беришга тўғри келади.

Энг асосийси — китобга эҳтиёжи бўлган оддий ўқувчи (дейлик, ўқувчи ва талаба) уни харид қилолмайди. Кўпинча энциклопедиялар асосий миссиясига терс ўлароқ, кутубхоналарда ва давлат ташкилотларида китоб жавонини безаб туриш учун хизмат қилади.

Буни тўғри англаган нашриёт ходимлари qomus.info сайтини ишга туширишган. Сайтда қарийб 36 мингта мақола жамланган. Лекин бу ҳам жуда кам.

Онлайн энциклопедияда мақола жойланганда энциклопедия китоблардаги қисқагина, юзаки маълумотлар эмас, батафсил ва чуқурроқ маълумотлар, фотосуратлар, видеолар, хариталар ва гиперҳаволалар билан бойитилган маълумотлар керак.

Qomus.info сайтидан скриншот
Qomus.info сайти навигация учун у қадар қулай эмас. Мақолалар ўта юзаки. Уни янада яхшилаш учун кучлироқ ва бадастир тайёрланган дастур керак. Қолаверса, мақолалар остида шубҳали реклама агрегатори туриши ҳам сайт нуфузига путур етказади.

Бу ишларни ҳеч ким текинга амалга оширмайди, албатта. Шунинг учун интернетда ўзбек тилида профессионал илмий контент яратувчи гуруҳ ташкил этилиши ва давлат томонидан молияланиши керак.

У қандай бўлади? Тахминимча, ҳар бирида 10-15 нафардан мутахассис бўлган 9-10 та гуруҳ фаолият юритиши керак. Гуруҳлар мавзу ва фанларни бўлиб олишади. У ерда муаллифлар, фотографлар, инфографика дизайнерлари, харита яратувчилар ҳам ишлаши керак.

Таклиф этилаётган онлайн энциклопедиядаги тўлиқ маълумотлар бирйўла Wikipedia’га ҳам жойланса бўлаверади. Масалан, Wikipedia’да мавзулар ва фанлар бўлиб қўйилган:

Фан ва табиатшунослик
Тарих ва давр
Маданият ва санъат
Фалсафа ва дин
Техника ва технология
Инсон ва жамият
Ўйинлар ва спорт
География.

Бу умумий мавзуларнинг бўлимлари жуда кўп. Айни пайтда Wikipedia’нинг ўзбекча саҳифаларини кўнгилли таржимонлар ҳам тўлдиришда иштирок этишмоқда. Албатта, кўнгилли волонтёрлар хизматидан фойдаланиш, уларни ҳам қандайдир йўл билан рағбатлантириб бориш керак.

Дурдона асарлар ҳам интернетга жойланиши керак
Билдирилаётган бу таклифлар фақатгина илмий-энциклопедик маълумотлар учунгина тааллуқли эмас. Ҳали таржима қилинишини кутиб ётган кўплаб адабий дурдоналар ҳам бор. Улар ҳам китоб ҳолида эмас, давлат ҳисобидан молиялаштирилиб, онлайн ресурсга жойланишини ташкил этиш керак.

Бир пайтлар Чор Россияси аввал Чимкент ва Тошкентни, сўнг Қўқон хонлигини эгаллаб олгач, рус шарқшуноси Николай Остроумов Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий маркази бўлган Тошкентда рус тилида чоп этиладиган «Туркестанская туземная газета» нашрини ташкил этади. Орадан бироз вақт ўтиб, у маҳаллий аҳоли учун «Туркистон вилояти газети» номи билан газетанинг ўзбек тилидаги нашрига ҳам асос солади.

Этнограф Остроумов аввал бошида ўзбек тилини мукаммал билмаган. Шу сабабли ёнига ўзбек ва рус тилларини биладиган кишиларни олиб, ўзбек адабиётини ва бошқа илмий асарларни рус тилига, рус адабиёти ва бошқа илмий асарларни ўзбек тилига таржима қилдириб, ўзи муҳаррир бўлган газетада чоп этиб борган.

Масалан, у Пушкин, Толстой асарларини, шунингдек, «Қадимги Мисрнинг қисқача тарихи», «Колумбнинг ҳаёти», «Дунёнинг барча қисмлари географик харитаси» каби асарларни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган ва «Туркистон вилояти газети»да бериб борган.

Ўзбек шоирлари Фурқат, Завқий, Муқимий, ҳатто Махтумқули каби мутафаккирларнинг асарларини, китобларини таржима қилиб, чоп эттирган. Уларнинг айрим асарларини ҳатто Петербургда чиқадиган газеталарда эълон қилган.

Ажабланарлиси шундаки, бугун биз Остроумов бундан қарийб 150 йил аввал уддалаган ишларни қила олмаяпмиз. Аксарият илмий рисолалар, китобларимиз рус тилида чоп этилган ва кутубхоналарда чанг босиб ётибди. Уларни қачон таржима қиламиз-у, қачон фойдаланамиз?!

Бу борада ҳам бизни қизғин меҳнат кутиб турибди.

Алифбо муаммоси
Албатта, онлайн маълумотларнинг катта қисми матнли контент бўлгани сабабли, қидирув тизимлари тўғри ишлаши учун энг аввало алифбомизни ислоҳ қилиб олишимиз керак. Очиғи, лотин имлосидаги нобоп алифбомиз ҳам бу борадаги ишларнинг шиддат билан авж олишига тўсиқ бўлиб турибди. Бу борада аввал ҳам батафсил тўхталганимиз учун далилларимизни такрорлашга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Алифбо борасида депсиниб турганимиз, ҳамон ўрни келса келмаса, рус графикаси асосидаги алифбодан фойдаланишимиз ўзбекча контент кўпайишига салбий таъсирини ўтказмоқда. Биз эса вақтдан ютқазишда давом этмоқдамиз.

Сифатли илмий-оммабоп контент масаласига қайтадиган бўлсак, бунинг учун улкан маблағ ва вақт талаб этилади, албатта. Бу ишни биргина меценатлик ёки ҳавасмандлик билан амалга ошириб бўлмайди. Албатта, давлатнинг қўллови ва ёрдами керак.

Бунинг учун зудлик билан кенгашиб, йўл харитаси белгиланиб, муайян режалар тузилиб, ҳаракатни бошлаш керак.

Қолаверса, бундай хайрли ишлар ўзбек тили обрўсини юксалтириш, биргина Ўзбекистон аҳолиси эмас, чегарадош қўшни республикалар ва жаҳоннинг бошқа давлатларида истиқомат қилаётган миллионлаб миллатдошларимизнинг ўз она тилида сифатли маълумотларга эга бўлишига замин ҳозирланган бўларди.

Депутатларимиз, олимларимиз, ҳукуматимиздаги мутасаддилар ўйлаб кўрса бўладиган долзарб масала.

Сўнгсўз ўрнида айтишим керакки, ушбу мақолада мен бошқа муҳим жиҳатларни назардан қочирган бўлишим мумкин. Бу борада жўяли таклифлари билан чиқиш қилмоқчи бўлганлар бўлса, ўз фикр-мулоҳазаларини таҳририятимиз минбари орқали сўзлашга имконият берамиз, албатта.

Шуҳрат Шокиржонов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интернетда ўзбекча контентни кўпайтириш учун нималар қилса бўлади?