Бразилиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Дуглас Луис яна Англия майдонларига йўл олди. “Ювентус” сафида кўп вақт ўтказмаган футболчи энди ўз фаолиятини Премьер-лигада давом эттиради. Италия клуби расман уни “Ноттингем Форест”га бир йилга ижарага берганини маълум қилди. Шартномага кўра, футболчи сотиб олиш имконияти билан ижарага берилган ва келишувнинг умумий нархи 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
The Sun нашрининг ёзишича, сотиб олиш мажбурияти бразилиялик футболчининг қай даражада кўп ўйинларда майдонга тушишига боғлиқ бўлади. Агар у белгиланган сонида учрашувларда иштирок этмаса, “ўрмончилар” уни тахминан 30 миллион еврога харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Луис 2024 йил ёзида “Ювентус” сафига қўшилган эди. Аммо ўтган мавсумда у барча мусобақаларда бор-йўғи 27 та ўйинда майдонга тушди ва бирорта ҳам самарали ҳаракат — гол ёки голли узатма қайд этмади. Бу ҳолат футболчига бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатгани айтилади.
Шу билан бирга, у ҳали ҳам ёш ва кучга тўла футболчи сифатида кўрилади. Бразилияликнинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Трансфермаркт портали маълумотларига кўра, Луиснинг бозор қиймати ҳозирда ҳам 30 миллион еврони ташкил этмоқда.
“Ноттингем Форест” раҳбарияти ундан катта умид қилади. Чунки жамоа ўрта чизиқда тажрибали ва жанговор футболчига эҳтиёж сезаётган эди. Луиснинг қайтадан АПЛга қадам қўйиши ҳам футболчи учун янги имкониятлар эшигини очиши, ҳам Премьер-лигага янада қизиқиш уйғотиши мумкин.
Футбол таҳлилчилари фикрича, агар Луис Англия чемпионатида ўзини кўрсата олса, у нафақат “Форест”нинг асосий етакчилари қаторига қўшилади, балки яна йирик клубларнинг диққат марказига ҳам тушиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!