10:41 / 09.02.2018
6 245

Ҳазрат Алишер Навоий ҳақидаги сохта тасаввурлардан халос бўлайлик

Ҳазрат Алишер Навоий ҳақидаги сохта тасаввурлардан халос бўлайлик
9 февраль — Алишер Навоий таваллуд топган кун

Алишер Навоий номи асрлардан бери халқимизнинг бирлиги, буюклиги, фахру ифтихори тимсоли бўлиб келмоқда. Шу пайтга қадар неча-неча авлодлар бу буюк зотнинг меросидан баҳраманд бўлиб ўсди. То дунё бор экан, инсоният бор экан, ўзбек миллати яшаркан, Навоий номи ҳам у билан тенгма-тенг яшаши муқаррар.

Навоий номидан узоқ ва яқин ўтмишда турли мақсадларда фойдалилгани, унинг шахси, мероси, қарашлари турлича талқин этилганини ҳам биламиз. Яқин ўтмишда Алишер Навоий шахсиятида совет мафкурасига мос ва хос идеал инсон яратишга уринишлар ҳам бўлди. Навоий ижодидан коммунистик ғояларга хос жиҳатларни излашди, унинг таржимаи ҳолини ҳам ўша даврга мослаб «қайтадан ёзишди», шу асосда китоблар ёзилди, саҳна асарлари, фильмлар яратилди.

Бундан ташқари, Навоий асарлари, ғазалларини ўзларича шарҳлаб, ундан маъно-мазмун чиқарадиганлар ҳам кўп. Бироқ, ким қандай талқин қилишидан қатъи назар, Навоийнинг буюклиги заррача ўзгармайди.

Биз айни пайтгача Навоий ҳақида кўпчилик онгида шаклланиб қолган хато тасаввур ва тушунчаларга муносабат билдиришни лозим топдик. Хато ва камчиликларга йўл қўйиладиган бўлса, олдиндан аввало ҳазрат руҳидан, шунингдек, барча муштарийлардан узр сўраб қоламиз.

1. «Навоий диний уламоларга қарши бўлган»
Эсимизда, собиқ тузум даврида халқ оғзаки ижодидан ҳам, ўтмишдаги буюк шоирларнинг меросидан ҳам даҳриёна, атеистик фикрлар қидиришга мойиллик кучли бўлган. Навоийдан ҳам даҳрий ясашга уринишлар бўлган. Дарсликларда ҳам имкони борича диний арбоблар қораланган шеърлар, назмий ва насрий парчалар беришга ҳаракат қилинарди. Мактабда адабиёт хрестоматиясидан Навоийнинг мана бу матлали ғазалини ёд олдиришгани эсимда:

Мени ишқдин ман этар сода шайх,
Дема сода шайх, айтким лода шайх,

Май устидаги қилча қилмон ҳисоб,
Агар сув уза солса сажжода шайх.


Ўқитувчимиз бу байтларни «Навоий шайхларнинг, дин арбобларининг нодон, жоҳиллигини танқид қилаяпти. Шайх агар сув устида жойнамоз тўшаб намоз ўқиса, мен ундан кўра шароб, яъни ароқнинг устида сузиб юрган қилни афзал биламан» деб «шарҳлагани» эсимда.

Таассуфки, у пайтларда бу байтлар тасаввуфий маънони англатишини, Навоий шайх деганда оқил уламоларни эмас, диннинг моҳиятидан бехабар кимсаларни кўзда тутганини билмасдик. Май дегани одамни ақлу ҳушидан айирадиган 40 градуслик ароқ эмас, Яратганга бўлган ишқнинг, маърифатнинг тимсоли эканини кейинроқ билганмиз.

Зоҳид сенга ҳуру менга майхона керак,
Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак.


Бу мисралар ҳам худди шундай талқин қилинардики, бутун бошли авлод Навоийни динга, уламоларга, исломга қарши бўлган шоир сифатида тасаввур қилиб қолганди. Аммо аслида Навоий ўта тақводор инсон бўлганини, шу боис Низомиддин, яъни диннинг қуввати, низоми, тартиби деган унвон олгани, ҳар бир асарини Аллоҳга ҳамд, пайғамбаримизга наът айтиш билан бошлаганини кейинроқ билдик.

2. «Навоий ўзбек бўлмаган»
Кўпинча хорижлик олимлар, мутахассислар билан гаплашиб қолганимда «Навоий бирор жойда ўзининг миллати ҳақида гапирмаган, нимага асосланиб уни ўзбек дейсизлар?» қабилидаги саволларни беришган. Бу ҳақда ҳар доим ҳам ёзишга журъат қилавермаймиз. Аслида...

Аввало дунёдаги исталган миллат номи ўз тарихига, тадрижига эга. Ўзбек халқи ҳам минг йиллар давомида миллат сифатида шаклланиб келди. Навоий яшаган даврда эса ўзбек миллати ҳали тўла маънода шаклланиб улгурмаганди. Навоий яшаган даврда ўзбек тили, қозоқ тили, қирғиз ё озарбайжон тили деган тушунчалар йўқ эди. Аммо ўзбек этноними у пайтда туркий қавмлардан бири сифатида маълум эди. Ҳолбуки, ҳазрат Навоий ўз асарларида ўзбек номини бир неча бор ишлатади.

Халқ тожу хилъатиким, мен тамошо қилғали
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.


Шу мисранинг ўзиёқ ҳар қандай баҳсу мунозарага нуқта қўймайдими? Бу ўринда ўзбекнинг бош кийими ва эгнидаги чопонга ишора қилинаётгани кўриниб турибди. Миллий бош кийимимиз дўппи Самарқанд, Қашқадарё томонларда қалпоқ деб айтилишини яхши биламиз.

Қолаверса, бугунги ўзбек тилини ўз асарларида туркий тил деб улуғлаган. «Фарҳод ва Ширин» достонида у биргина халқ эмас, барча туркий халқларни ўзиники деб билишини айтганди:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.


Ҳазрат Навоий барча туркий халқлар ва қавмларга «сиз меникисиз» деб қучоқ очган экан, бу халқлар ҳам Навоийни севишга, ардоқлашга ҳақли. Аммо Навоий беш ярим аср олдин улуғлаган туркий тил бугунги она тилимиз, ўзбек тилининг ўзаги эканини ҳеч ким инкор этолмайди. Навоий таваллуд топган афғон заминида бугун ҳам ўзбеклар ўз нуфусига кўра учинчи йирик этнос саналади. Шу фикрларнинг ўзиёқ Навоийни ўзбек халқидан узоқлаштиришни истаган кимсалар учун етарли жавоб бўла олади.

3. «Гули Навоийнинг севгилиси бўлган»
Алишер Навоий ҳақида халқ афсоналарида унинг Гули исмли севгилиси бўлгани айтилади. Тарихий манбаларда фақат Навоийнинг оила қурмай ўтгани маълумот сифатида келтирилади холос. Сизу биз яхши билган машҳур фильмга кўра, Навоийнинг севгилиси Гулини вазир Мажидиддин атайин султон ҳарамига олиб киради. Бу билан мақсадига эриша олмагач, вазир қизга заҳар ичиради... Ростан ҳам Гули тарихий шахсми?

Аслида Навоийнинг ўз асарларида бу исм учрамайди. Лекин ҳазрат Навоий кимнидир қаттиқ севгани, ўзининг ўтли шеърларини унга атагани аниқ. Хўш, Навоийнинг умрбоқий мисраларига лойиқ бўлган ўша бахт ва саодат соҳибаси ким экан?

Таниқли навоийшунос олим, устоз Абдуқодир Ҳайитметовнинг ёзишича, «...у (яъни Навоий) кимлиги биз учун номаълум бўлиб келаётган бир қизни севган. Қиз ҳам унга ёмон муносабатда бўлмаган, илтифотлар кўрсатган. Афсуски, қиз эрта вафот этган. Қизнинг вафоти Навоийдан олисда рўй берган. Шу фожиадан кейингина Навоий ўзининг унга бўлган муҳаббати чексиз ва беқиёс эканини билиб қолган. Бу муҳаббат ўти унинг қалбида умрининг охиригача сўнмаган. Шу сабабли шоир ўзининг биринчи муҳаббатига содиқ қолган — уйланмай ўтган».

Мана бу байт ҳам Навоийнинг бир пайтлар севимли маҳбубаси бўлганидан дарак беради:

Бор эди, ул ҳамки, бир чоғ бизга ёре бор эди,
Кулли ар ёр ўлмаса, филжумла боре ёр эди...


Унинг исмини биз билмаймиз. Билолмаймиз. Чунки Навоийнинг ўзи ҳам унинг исми бошқалар тилида янграшини истамаган, севикли ёрининг исмини ҳам бошқалардан рашк қилиб қизғанган.

Мен бўлай овора то, ишқимдин айлаб гуфтугў,
Оти онинг ҳар киши оғзида мазкур ўлмасун.


Дарҳақиқат, Навоий асарлари билан таниш бўлган ўқувчи бу шеърлар шунчаки лирик қаҳрамон тилидан битилмаганини яхши англайди. Қолаверса, шоир умрининг сўнгги йилларида битилган «Лисонут-тайр» достонида:

Бир неча кун умрдин топсам амон,
Шарҳи ишқим назм этай бир достон,


— дея, агар умр вафо қилса, ўз муҳаббатини шарҳлаб бир достон битмоқчи эканини ёзади. Афсуски, кўп ўтмай буюк шоир вафот этади. Навоийнинг «шарҳи ишқи» ҳам биз учун сир бўлиб қолди.

4. «Навоий фақат илоҳий ишқни куйлаган»
Собиқ тузум даврида Навоийнинг ижодидан фақат маиший, дунёвий мазмун изланган бўлса, бугунги кунда ҳазратнинг барча асарларига илоҳий тус берадиганлар кўпайди. Албата, Навоийнинг кўплаб асарлари тасаввуф руҳида битилган. Ҳазратнинг ўзи ҳам тасаввуфнинг нақшбандия тариқатида бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Навоий девонларида бевосита Аллоҳга бўлган муҳаббат – ишқи илоҳий тараннум этилган ғазаллар жуда кўп. Масалан, «Наводирул-вақоеъ» девонидаги мана бу байтни олайлик:

Зиҳи ҳуснунг зуҳуридин тушуб ҳар кимга бир савдо,
Бу савдолар била кавнайн бозорида юз ғавғо.


Бу ерда сўз чиндан Яратганнинг ҳусну жамоли, унинг ишқида ҳар кимнинг дилига савдо тушгани, ана шу савдолар икки олам бозорида юз ғавғога боис экани ҳақида боради. Аммо ҳар бир байтдан тасаввуфий маъно излаш ҳам у қадар тўғри эмас. Чунки Навоий асарларида соф инсоний гўзаллик, инсоний севги муносабатлари куйланган шеърлар ҳам учрайди.

Олмани сунди нигорим, «ол» деди,
«Олма бирла бу кўнгулни ол» деди.

Сўрдум эрса олмасининг рангини
«Не сўрарсен, олма ранги ол» деди.


Хўш, шунчаки йигит ва қиз ўртасидаги шўх мунозарани эслатувчи ушбу туюқда ҳам бирор «мажозий» маъно бормикин? Ёки бўлмаса «Қоши ёсинму дейин, кўзи қарсинму дейин», «Не ажабким сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур», «Қошинг не бало қаро бўлубтур» сингари мисраларидан ҳам тасаввуфий маъно, илоҳий ишқ ишораларини излаш тўғримикин?

5. «Ҳусайн Бойқаро Навоийни саройдан қувган»
Олтмиш-етмиш йил илгари яратилган, ҳозирги қадар томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинаётган экран ва саҳна асарларида шоҳ ва шоир ўртасидаги қарама-қаршилик ўта даражада бўрттириб кўрсатилган. Шу сабабли бир пайтлар сиёсий мақсадларни кўзлаб, икки дўст орасида яратилган сунъий тўсиқлар бугунга қадар айрим содда одамлар тасаввурида муҳрланиб қолган.

Саройдаги фитналар, айрим амалдорларнинг, вазирларнинг қутқуси туфайли Ҳусайн Бойқаро ўз дўстини бир муддат саройдан узоқлаштиргани, уни Астрободга ҳоким этиб тайинлагани рост. Бироқ ташқи таъсирлар, сарой аҳлининг қутқулари икки дўст орасига кучли нифоқ уруғини эка олмаган. Акс ҳолда Алишер Навоий кўплаб асарларида ўз қадрдон дўсти учун алоҳида боблар ажратмаган, унинг фазилатларини сидқидилдан эътироф этмаган бўларди.

Шаҳзода Мўмин Мирзонинг хоинларча ўлдирилиши, бу машъум қатлга Ҳусайн Бойқаро маст ҳолатида муҳр босиши темурийлар сулоласи инқирозини янада тезлаштирганини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо Мўмин Мирзонинг ўлими шоҳ ва шоирни бир-бирида батамом айиргани ёлғон.

Мўмин Мирзонинг ўлими қанчалар қайғули бўлмасин, Навоий бу нохушликни тақдир тақозоси сифатида қабул қилди. Бизга таниш асарларда бўлгани каби ҳазрат бу фожиада султонни айблаб, унинг пушаймонликда адо бўлаёзган қалбига наштар урмади. Аксинча, бу иш Ҳақнинг иродаси эканини айтиб, султонга далда берди.

Бундан ташқари ҳазрат Навоийнинг сўнгги дамлари ҳам айнан Ҳусайн Бойқаронинг ёнида кечгани, ҳатто буюк шоир ўз дўстини олис сафардан қайтаётганида хаста ҳолига қарамасдан кутиб олишга чиққани, шаҳар ташқарисида уни эҳтиром ила қарши олгани ва шу ерда тақдир тақозоси билан Ҳаққа омонатини топширгани ишончли манбаларда зикр этилади.

6. «Навоий Хадичабегимни севган»
Айрим адабиётшунос устозларимиз Навоийнинг Хадичабегимга кўнгил қўйгани, аммо Ҳусайн Бойқаро унга уйлангач, бу сирни бир умр қалбида яшириб келгани, ўзи ҳам шу сабабли уйланмай ўтгани ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Ўз вақтида «очилмаган» бу сир орадан асрлар ўтиб қандай очилди экан? Авваламбор Навоий Ҳусайн Бойқарони ҳаддан зиёд ҳурмат қилган. Асарларида дўстига атаб алоҳида боблар ажратган. Агар султон Навоийнинг муҳаббатига зомин бўлганида, бундай меҳр ва ихлос юзага келармиди?

Тўғри, Навоий Хадичабегимга катта ҳурмат билан қараган. Уни «Билқиси аҳд» дея улуғловчи байтларни битган.

Авжи давлат ичра бўлсун доимо Билқиси аҳд,
Ким Зуҳал қасрида ҳар тун посбоне, беш эмас.


Агар Навоийнинг қалбида бошқача ҳислар бўлганида, унинг атрофидаги мухолифлар эртами-кечми бундан хабар топган, султон билан шоир орасини совутиш учун ҳамма нарсага тайёр ғанимлар бу ҳолатдан «унумли» фойдаланган бўлишарди. Натижада султон ва шоир бир-биридан тамомила узоқлашиб кетган бўларди.

Хадичабегимни яқиндан билганлар, хусусан, унинг суҳбатида бўлган Бобур мирзо ҳам маликани жуда сергап, қаҳри қаттиқ, ақли паст дея таърифлаган. Султоннинг фарзандлари ўртасида нифоқ тушишига ҳам Хадичабегим сабабчи бўлган. Малика Шайбонийхоннинг Мансур бахши исмли мулозими қўлида шарафсиз ўлим топгани ҳам тарихдан яхши маълум.

Ўз даврининг энг нозиктаъб, зукко, маданиятли кишиси бўлган Навоий шундай аёлга кўнгил боғлаши мумкинмиди?

7. «Навоий «йигитларга» атаб шеър ёзган»
Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳазрат Навоийнинг бир ғазали катта муҳокамага сабаб бўлди. Мазкур ғазал шундай матла билан бошланарди:

Йигитлигимда эдим мубтало йигитларга,
Қариб ҳам ўзни тилармен фидо йигитларга...


Бир қарашда «наҳотки шу байтлар Навоийга тегишли бўлса?» деган савол туғилади. Аслида ушбу байтни ўқиб, дарҳол хаёлимизда бемаъни фикрлар пайдо бўлиши Навоийни танимаслигимиз, Навоийни тушунмаслигимизни билдиради.

Бир қарашда бу ҳақда ёзишнинг ўзи ҳам шаккокликдек туюлар. Лекин ҳазрат ҳақида нотўғри тасаввурларнинг олдини олиш учун албатта бу ҳақда ёзиш шарт деб ўйлаймиз. Бу хато тасаввур аввало Навоийдан, шунингдек эски ўзбек тили, қадимги туркий тил, сўзларнинг семантикасидан бехабарлик натижасидир. Сўзлар давр, асрлар ўтиши билан ўзининг маъносини, вазифасини, қамровини ўзгартириб боради. Бундан ташқари бир сўз маълум бир тилда битта маънони ифодаласа, бошқа тилда унга яқинроқ бўлган бошқа бир маънони билдиради.

«Йигит» сўзи ишлатилганда бугунги ўзбек тилида ўспирин, ёш эркакни тушунамиз. Худди шу сўз бугунги турк тилида (yiğit ) қатъиятли, озарбайжон тилида (igid) мард, жасур маъноларини беради. Ўтмишда бу сўз сал кенгроқ, яъни жинсидан қатъи назар, ёш деган маънода ишлатилган. Мумтоз адабиётда «йигит» сўзи «қари» сўзининг антоними тарзида ишлатилиб, тазод сифатида фойдаланилган.

Рабғузийнинг «Қисасул-анбиё» асарида Юсуф билан Зулайҳонинг учрашув пайтида бир суҳбат матни берилади. Умр бўйи Юсуфнинг дардида куйиб яшаган Зулайҳо ўз севгилиси висолига етганида ёши ўтиб қолганди. Шунда у Юсуфга қараб «мен сенга йигитлигимни фидо қилдим, сени деб йигитлигим ўтиб кетди» деган сўзларни айтади. Бу ўринда Рабғузий хато қилганми? Йўқ, Рабғузий йигит сўзидан ўз давридаги маъносида фойдаланганди.

Навойнинг бир байти эсингиздадир:
Йигитлиғда йиғ илмнинг махзани,
Қариған чоғи сарф қилғил ани...


Йигит сўзининг асл маъносини билмаганлар бу ўринда сўз фақат эркаклар устида бормоқда деб ўйлаши мумкин. Ҳолбуки, илм олиш эркагу аёлга фарз қилинган. Бу ҳадиси шарифдан ҳазрат Навоий ҳам яхши хабардор бўлган. Шу боис «йигитлиғ» сўзи фақат йигитларга эмас, ёш қиз-жувонларга нисбатан ҳам ишлатилган.

Демак, бу сўзлардан мурод битта: Навоийнинг бу ва бошқа ғазалларида ишлатилган «йигит» сўзи ёш эркак маъносида ишлатилмаган. Зотан, Навоийнинг қанчалик иймонли, покиза инсон бўлгани тарихий манбаларда кўп бора таъкидланган.

Албатта, юқоридаги фикрлар кимдадир эътироз ёхуд бошқа мулоҳазалар уйғотиши табиий. Шу боис бу фикрлар шахсий мушоҳада ўрнида қабул қилинса маъқул бўларди.
Рустам Жабборов

Манба: xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ҳазрат Алишер Навоий ҳақидаги сохта тасаввурлардан халос бўлайлик