Бухорода зилзила қайд этилди: айрим ҳудудларда сезилди

Бугун, 21 май куни соат 12:29 да Бухоро вилоятининг Жондор тумани ҳудудида зилзила содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ер силкинишининг эпицентри Тошкент шаҳридан қарийб 525 километр жануби-ғарбда жойлашган. Зилзила магнитудаси 3,4 баллни, ўчоғининг чуқурлиги эса 10 километрни ташкил қилган.
Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабарига кўра, зилзила Ўзбекистон ҳудудида асосан Газли шаҳрида 2 балл куч билан сезилган. Эпицентр айнан ушбу ҳудуддан 31 километр узоқликда жойлашгани айтилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кучдаги зилзилалар одатда жиддий талафот келтириб чиқармайди. Айни пайтда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ер қимирлаши қайд этилмаган.
Ҳодиса юзасидан фавқулодда ҳолатлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Тегишли хизматлар вазиятни кузатишда давом этмоқда.













