Россияда космик соҳа учун сунъий интеллект яратилади

“Россия космик тизимлари” (РКС) холдинги ва “Финрул финанс” компаниялар гуруҳи сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик бўйича келишувга эришди. Мазкур ҳамкорлик доирасида космик тармоқ вазифаларига мослаштирилган махсус сунъий интеллект моделларини яратиш ва ўқитиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мутахассислар ушбу моделлар асосида интеллектуал чат-ботлар ва виртуал ёрдамчиларни ўз ичига олган дастурий ечимларни ишлаб чиқишади. Шунингдек, янги технологияларни холдингнинг рақамли архитектурасига интеграция қилиш ва синовдан ўтказиш учун махсус пилот лойиҳалар амалга оширилади.
Лойиҳа доирасидаги дастлабки ишлар 2026-йилда бошланиши кутилмоқда. Ушбу ҳамкорлик Россия Федерациясининг “Рақамли иқтисодиёт” миллий лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда ва космик асбобсозликнинг барча асосий йўналишларини қамраб олишни мақсад қилган.
РКС ахборот технологиялари бўйича директори Дмитрий Лепешкиннинг таъкидлашича, сунъий интеллектнинг жорий этилиши рақамлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Бу нафақат РКС, балки бутун ракета-космик тармоғидаги бизнес-жараёнларни такомиллаштиришга хизмат қилади.













