АҚШда энергия сақлаш тизимлари бўйича тарихий рекорд қайд этилди

АҚШда 2026-йилнинг биринчи чорагида 9,7 ГВ·соат қувватга эга янги энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. Бу бир чорак учун қайд этилган мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Солар Энергй Индустриес Ассосиатион ва Бенчмарк Минерал Intelligence қўшма ҳисоботига кўра, ушбу ҳажм ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ўсган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Бозор иштирокчиларининг фикрича, федерал ҳукуматнинг тоза энергетика ривожланишини секинлаштирувчи айрим чораларига қарамай, соҳада ўсиш давом этмоқда. Талабнинг асосий драйверлари сифатида маълумотлар марказларининг (дата-сентер) тезкор кенгайиши, электр энергияси нархларининг беқарорлиги ҳамда газ турбиналарини етказиб беришдаги глобал муаммолар кўрсатилмоқда.
Сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши бозорга қўшимча туртки бермоқда. Google ва Meta каби йирик технологик компаниялар AI инфратузилмаси ва янги маълумотларни қайта ишлаш марказларини узлуксиз энергия билан таъминлаш учун ўн минглаб мегаватт-соат қувватга эга сақлаш тизимларини сотиб олишини эълон қилди.
Мутахассисларнинг тахминига кўра, айнан ChatGPT ва бошқа йирик тил моделлари ортидаги ҳисоблаш қувватларига бўлган эҳтиёж яқин йилларда АҚШ энергетика бозорининг асосий ўсиш омилига айланади. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларини сақлаш технологияларига бўлган инвестицияларни янада оширади.













