Ўзбекистон Сенати маданий меросни ҳимоя қилиш тизимини янгилади

Сенатнинг ялпи мажлисида “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб, ваколатли органларнинг вазифалари қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Янги қонун соҳага оид ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ваколатларни аниқ белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган. Ҳужжатга кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос билан боғлиқ вазифалар эса Маданият вазирлигига юклатилмоқда.
Маданий мерос агентлигига объектларни ҳисобга олиш, давлат кадастрини юритиш, тарихий-маданий экспертиза ўтказиш ҳамда соҳада давлат назоратини амалга ошириш вазифалари топширилмоқда. Шунингдек, маданий бойликларнинг муомаласи, жумладан, уларни кимошди савдолари орқали реализация қилиш тартиби такомиллаштирилиб, бу жараёнларни ваколатли орган билан келишган ҳолда амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Қонун билан археология ёдгорликларини тадқиқ этиш фақат тегишли рухсатнома асосида амалга оширилиши, маданий мерос объектларининг ҳолати эса мунтазам назорат қилиниб, ҳар беш йилда кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда. Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат соҳада ягона ва самарали бошқарувни йўлга қўйишга хизмат қилади. Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқулладилар.













