
Полина Кудеретованинг спорт фуқаролигини ўзгартириши бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди. Россиялик таниқли теннисчи Евгений Кафельниковнинг Sport24 нашрига берган интервьюсида айтишича, Полинанинг Ўзбекистон фуқароси бўлган йигити уни ушбу қарорга ундаган.
"Мен шахсан биламан, Полинанинг йигити Ўзбекистон фуқароси. Айнан у уни бу қарорга етаклади. Бу одатий ҳол", — деди Кафельников. Кафельников қўшимча қилишича, Полинанинг Россия теннисини тарк этишини катта йўқотиш деб ҳисобламайди.
Ўзбекистон Теннис Федерацияси яқинда ушбу масалага расман нуқта қўйди — Полина Кудеретова Ўзбекистон миллий терма жамоасига расмий аъзо бўлди. Бунга қадар ITF расмий сайтида Полинанинг профилида Ўзбекистон байроғи пайдо бўлган эди.
2023 йил Полина учун муваффақиятли йил бўлди. Йил бошида у Брисбен турнирида финалга чиқди ва илк бор дунё рейтингининг топ-100 талигига кирди.
Баҳорда у 54-ўрингача кўтарилди, ҳозирда эса 104-ўринда турибди. 2024 йилдан бошлаб Полинани Ўзбекистондаги мураббий Равшан Султонов тайёрлайди.
Полинанинг катта синглиси Вероника Кудеретова — Уимблдон чемпиони ва таниқли теннисчи. Ўзбекистон терма жамоасида 22 ёшли Полина Кудеретова Камила Раҳимова ва Мария Тимофеева билан бирга рақобат олиб боради.
Россия Теннис Федерацияси раҳбари ва Халқаро Олимпия Қўмитаси аъзоси Шамил Тарпищев ушбу тенденцияни изоҳлаб, бу ўзгаришлар терма жамоанинг етакчи ўйинчиларига тааллуқли эмаслигини таъкидлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.