Арбелоа "Реал"даги инқироз сабаблари ҳақида қандай жавоб берди?

Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Алваро Арбелоа жамоа нима учун ҳозирча унинг қўл остида кутилган даражада “энг яхши футбол”ни кўрсата олмаётганини изоҳлаб берди. Арбелоанинг бу сўзларини AS нашри келтирган.
Испаниялик мутахассис “қироллик клуби”ни 13 январ куни қабул қилиб олганидан кейин натижалар оғир тушди: жамоа Испания Кубоги 1/8 финалида "Албасете"га 2:3 ҳисобида ютқазди, УЕФА Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 8-турида эса "Бенфика"дан 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Арбелоанинг айтишича, масала “яқинлик-узоқлик”да эмас — асосийси вақт. У футболчиларнинг уни илиқ қарши олгани ва ишга бўлган муносабатини алоҳида таъкидлаб, бундай ўзгаришлар бир кунда бўлмаслигини билдирди. Мураббийнинг фикрига кўра, қанча гапирилмасин, асосий жараён барибир майдонда кечади: ўйиндаги қарорлар, автоматизм, ўзаро тушуниш ва ритм фақат иш ва вақт билан тўлиқ шаклланади.
Энг қизиғи — у кайфият туширмади: “бу давр бошланишини интиқлик билан кутаяпман, ишга киришамиз, ўзимга ишонаман” мазмунида гап қилди. Бу сўзлар орқали мураббий жамоага ҳам, мухлисга ҳам битта сигнал юборяпти: ҳозирги “тезкор танқид” режимида ҳам шошмаслик керак, чунки қайта қуриш — спринт эмас, марафон.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!