Тожикистон–Афғонистон чегарасида уч нафар қуролланган контрабандачи йўқ қилинди

Тожикистон чегара қўшинлари Афғонистондан ноқонуний тарзда давлат чегарасини кесиб ўтган ва қуролли қаршилик кўрсатган уч нафар контрабандачи йўқ қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 29 январ куни кечқурун Шамсиддин Шоҳин ҳудудида жойлашган 0341-ҳарбий қисмнинг “Баҳорак” чегара заставаси яқинида содир бўлган.
Бадахшон вилояти томондан беш нафар афғон фуқароси чегарани бузиб ўтган. Улар ортга қайтишга уринган пайтда чегара нарядига қарата ўқ узган. Жавоб отишмаси давомида уч нафар ҳуқуқбузар зарарсизлантирилган, яна икки нафари Афғонистон томонга қочиб кетган.
Воқеа жойидан ҳалок бўлганларнинг жасадлари, учта Калашников автомати, тўртта магазин, 150 дона ўқ-дори, қайиқ, шунингдек гашиш ва опий солинган йирик ўрамлар топилган.
Чегара қўшинлари давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва контрабандага чек қўйиш бўйича чораларни давом эттираётгани, вазият назоратда экани билдирилди. Ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳодиса бўйича бир қатор жиноят ишлари қўзғатилган. Улар орасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда қурол сақлаш билан боғлиқ бандлар бор.
Аввалроқ ҳам Тожикистон–Афғонистон чегарасида қуролли ҳужумга уринишнинг олди олингани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда террорчи гуруҳнинг уч аъзоси Тожикистон ҳудудига киришга уринган ва махсус амалийот чоғида йўқ қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!