«Фрайбург» ўз майдонида «Боруссия» М’ни мағлуб этди

Германия Бундеслигасининг 23-турида «Фрайбург» ўз майдонида «Боруссия» Мёнхенгладбахни қабул қилди. Учрашувда меҳмонлар тўп назоратида устунроқ кўринди, бироқ зарбалар аниқлиги борасида «Фрайбург» самаралироқ ҳаракат қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳисоб 38-дақиқада очилди: аутдан кейинги вазиятда «Боруссия» ҳимоячилари тўпни узоқлаштира олмади ва Маттиас Гинтер учиб келган тўпни оёқда бир тегинишда дарвозага жойлаб қўйди — 1:0. 74-дақиқада эса Игор Матанович рақиб жарима майдони ичида тўпни илиб кетиб, аниқ зарба билан фарқни иккитага оширди — 2:0.
83-дақиқада Харис Табакович «Фрайбург» дарвозасини ишғол қилиб, интрига қайтгандек бўлди, аммо ҳакамлар офсайдни қайд этди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Табакович бурчак зарбасидан узатмага боши билан зарба бериб, барибир гол урди — 2:1. Шунга қарамай, қолган дақиқаларда меҳмонларга ҳисобни тенглаштириш насиб этмади ва «Фрайбург» ғалабани сақлаб қолди.
Ушбу натижадан сўнг «Фрайбург» турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда, «Боруссия» Мёнхенгладбах эса 14-поғонада қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!