Артета "Арсенал"нинг “Нюкасл” устидан ғалабасини қандай баҳолади?

Англия Премьер-лигасининг 34-турида "Арсенал" ўз майдонида "Нюкасл Юнайтед" устидан 1:0 ҳисобида қийин, аммо муҳим ғалабага эришди. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Микел Артета ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Испаниялик мутахассис рақибнинг ўйин давомидаги фаол алмашинувларига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, “Нюкасл” бир неча марта таркибни янгилаган бўлса-да, бу гўё ўнта ўзгаришдек таъсир қилган. “Улар доим янги кучлар билан босимни сақлаб туришди. Биз эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозонишимиз шарт эди ва бунга эришдик”, — деди Артета.
Мураббий жамоа ҳимояда интизомли ва иродали ўйин кўрсатганини юқори баҳолади. Бироқ у шу билан бирга ҳужумда камчиликлар борлигини ҳам очиқ тан олди. Унинг фикрича, "Арсенал" тўп билан ҳаракатда янада самарали бўлиши, айниқса ҳужумларни якунигача етказишда аниқликни ошириши лозим.
"Ҳар икки бўлимда баъзи вазиятлар бўлди. Биз интизомли, иродали ва ҳимояда ақлли ўйин кўрсатдик, бироқ агар ўйин давомида устунлик қилишни истасак, тўп билан янада яхшироқ ҳаракатда бўлишимиз керак", — деди Артета.
Артетага кўра, жамоа кўплаб ҳолатларда яхши позицияга чиққанига қарамасдан, ҳал қилувчи зарбалар ёки сўнгги қарорларда хатоларга йўл қўйган. Бу эса ўйинни эртароқ ҳал қилиш имкониятини қўлдан чиқаришга сабаб бўлган.
"Бу бошқа кўплаб жиҳатларга ҳам тегишли, масалан, биз ҳужумларни охиригача етказмаслигимиз, неча марта биз ҳужумни тугатишимиз, майдоннинг охирги қисмида қулай позиция эгаллаб, вазиятни давом эттиришимиз керак бўлган ҳолатларда ҳужумлар узилиб қоларди", — деди Артета.
Шу билан бирга, мураббий энг муҳим жиҳат сифатида жамоанинг бундай вазиятларга бўлган реакциясини таъкидлади. Унинг фикрича, айнан тўғри руҳий ёндашув ва интизом ғалабани таъминлаган асосий омил бўлди.
"Аммо энг муҳими — бундай ҳолатларга тўғри реакция билдириш", — дея Артета сўзларини келтиради Sky Sports.
Қисқача айтганда, "Арсенал" муҳим уч очкони қўлга киритди, аммо жамоа ҳали такомиллашиши керак бўлган жиҳатлар ҳам етарлича. Энди “тўпчилар” олдида янада масъулиятли ўйинлар кутмоқда.