date

Қозоғистонда юздан ортиқ отлар нобуд бўлди

Қозоғистонда юздан ортиқ отлар нобуд бўлди

Қозоғистоннинг Манғистов туманида кузатилган кучли ёғингарчиликлар отларнинг оммавий ҳалок бўлишига олиб келди. Бу ҳақда “Lada.kz” нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, ёмғирлардан кейин ҳайвонлар шўрхок ерларга ботиб қолган ва уларнинг аксар қисми нобуд бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан маҳаллий ҳокимият ўз муносабатини билдирган.

Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқлар орқали чорва йўқотилгани ҳақида ёзиб қолдирган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳар бир хонадон бир нечтадан ўнтагача чорвасидан айрилган.

“Қаттиқ ёмғирлардан кейин Манғистовда, Оқшимирау қишлоғи атрофларида чорва сув оқими билан оқиб кетиб, шўрхок ҳудудларга тушиб қолган. Кўплаб отлар шўр лойга ботиб ҳалок бўлди, яна бир қисми эса чиқиб кета олмаяпти. Агар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият ёрдам кўрсатмаса, вазият янада мураккаблашиши мумкин”, дея таъкидлаган қишлоқ аҳолиси.

Фуқаролар ушбу муаммога қонун чиқарувчилар ҳамда ҳайвонларни муҳофаза қилувчи ташкилотлар эътибор қаратишини сўраган.

Кейинчалик маҳаллий ҳокимлик маълум қилишича, Манғистов вилоятида 14–15 апрель кунлари Саётес қишлоғида кузатилган ноқулай об-ҳаво оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, Саётес ва 7-темирйўл бекати оралиғида (туман марказидан 120–150 км узоқликда) темирйўл ёқалари бўйлаб тўпланган қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг ҳалок бўлиш ҳолатлари аниқланган.

Вазиятни ўрганиш учун 16–17 апрель кунлари давлат идоралари вакиллари иштирокида махсус комиссия шакллантирилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, юздан ортиқ от топилган. Айни вақтда маҳаллий ижро органлари нобуд бўлган чорва сонини аниқлаштирмоқда, чунки эгалари ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб юритиб улгурмаган.

Таъкидланишича, чорва нобуд бўлишига кучли шамол ва жала ёмғир каби кескин об-ҳаво шароитлари сабаб бўлган. Йўлдан адашган ҳайвонлар бориш қийин бўлган ҳудудларга тушиб қолиб, ортиқча нам ерларда ҳалок бўлган. Айрим подалар аҳоли яшайдиган жойлардан 60–80 км узоқликда нобуд бўлган бўлиши мумкин.

Йўқолган чорвани излаш мақсадида дронлар орқали ҳаводан кузатув ишлари йўлга қўйилган. Вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигида тезкор штаб йиғилиши ўтказилиб, унинг якунига кўра нефть-газ корхоналарига қўшимча техник ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилган.

Ҳозирда вилоят қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатлари бошқармаси раҳбари Манғистов туманида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда ҳамда зарур чора-тадбирларни мувофиқлаштирмоқда.

“Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилган: йирик корхоналар техникаси, фавқулодда вазиятлар хизматлари ва маҳаллий ижро органлари жалб қилинган. Сувни чиқариш ва тиклаш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Вазият доимий назоратда. Чорва эгалари билан иш олиб борилмоқда, замонавий мониторинг воситалари ва махсус техникадан фойдаланилмоқда”, дейилади Манғистов туман ҳокимлиги маълумотида.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда юздан ортиқ отлар нобуд бўлди