18:36 / 16.10.2018
2 701

Наманган буюк футболчини олиб келди! Шунингдек, омадсиз мураббийни ҳам…

Наманган буюк футболчини олиб келди! Шунингдек, омадсиз мураббийни ҳам…
Ўтган ҳафта якуни мамлакатимиз футбол жамоатчилигига янги ном таништирилгани билан ёдда қолди. Дунё футболида ўзига хос из қолдирган Андрей Канчельскис Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасига бош мураббий этиб тайинландики, ҳатто, барчамизнинг эътиборимиздаги энг йирик воқелик бўлиб турган миллий жамоа йиғини мавзуси ҳам бир муддат «иккинчи план»га тушиб қолди. Бу воқеа шунчалик тез рўй бердики, аксарият футбол мухлислари сўнгги пайтларда матбуотда пайдо бўлган шов-шувли хабарларни ўқиб улгурмаслариданоқ Канчельскиснинг таништирув маросими ҳам бўлиб ўтди...

Демак, Андрей Канчельскис Наманганда. Хўш, энди водий жамоасида аҳвол қайси тарафга ўзгаради? Илҳом Мўминжоновнинг кутилмаганда ўз ишидан олиб ташланиши тўғри қарор бўлдими? Бу каби саволларнинг жавоби ҳозирча йўқ. Шунга қарамай, бугунги мақоламизда янги мураббий «портрети»га чизгилар асносида, «Навбаҳор» келажаги хусусида бироз мулоҳаза юритиб кўрамиз.

Клубда роппа-роса икки йил ишлаган ва агар натижа нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, яхшигина кўрсаткичларни қўлга киритишга улгурган Илҳом Мўминжоновнинг ўз вазифасидан озод этилиши чиндан ҳам кутилмаганда рўй берди. Мураббийнинг иши Наманган футболи раҳбариятини қониқтирмадими, демак бундан биттагина хулоса келиб чиқмоқда: «Нав­баҳор» келажак учун ростдан ҳам ўта юксак марраларни кўзламоқда!

«НАВБАҲОР»НИ КУЗАТИБ КЕЛГАН КАНЧЕЛЬСКИС

Яқиндагина берган интервьюсида Мўминжоновнинг ўзи айтиб ўтганидек, 2016 йилнинг ноябрида жамоа бошқарувига келганда, «Навбаҳор» олий лига жадвалида сўнгги ўринларда бораётганди. Мусобақа якунланишига эса атиги икки тур қолганди.

- Мен биринчи йили жамоани олий лигада олиб қолдим, тўлиқ ишлаган дастлабки мавсумимдаёқ 5-ўринни қўлга киритдик, бу йил эса «Навбаҳор» чемпионлик учун курашмоқда. Шу вақт мобайнида ўз олдимга қўйилган ҳамма вазифани аъло даражада уддаладим. Энг муҳими, бу кўрсаткичларга мен ўша ўртаҳол футболчилар билан эришдим. Таркибимизда қиммат ўйинчилар бўлмасада, жамоамиз кучли клублар қаторига кирди, - деганди Илҳом Мўминжонов. - Тўғри, мавсум оралиғида Игорь Голбан ва Шерзод Каримов сафимизга келиб қўшилди, лекин масалан, Шерзод охирги пайтларда «Локомотив» захира ўриндиғида қолиб кетаётганди.

Умуман, «Навбаҳор» ва унинг атрофидаги воқеалар икки ҳафталардан бери ички футболимиздаги «биринчи рақамли» мавзуга айланиб қолди. Бундан бир ҳафта олдин ҳам матбуот ва ижтимоий тармоқ мутлақо бошқа мавзуни муҳокама қилаётганди. Лекин ўша «Навбаҳор» ҳужумчиси Рўзимбой Аҳмедов ҳамда Илҳом Мўминжонов орасида келиб чиққан зиддият кўпга чўзилмади. Бир-бирларига ҳар қандай усулда зарба беришга тайёр бўлган икки шахсни вилоят футболи раҳбарлари «ўзига хос усулда» келиштириб қўйишди-ю, ундаги асл ҳақиқатлар сирлигича қолиб кетди. Ҳали бу воқеалар тугаб якунланмасидан, Канчельскис мавзуси интернетни «портлатди». Натижада Мўминжонов масаласи четда қолиб кетди. Бошқа томондан, Рўзимбой Аҳмедовнинг ўзи айтганидек, унинг жамоада қандай мавқеда эканлигини энди Канчельскис аниқлаб берадиганга ўхшайди.

Афтидан, «Навбаҳор» раҳбарияти Канчельскис билан анчадан буён музокара ўтказиб келган. Ҳар ҳолда, янги бош мураббийнинг ўзи айтган гапларидан шундай хулосага келиш мумкин. У Наманган жамоасининг сўнгги ўйинларини кузатган. Жамоадаги футболчиларнинг функционал ҳолати ва клубнинг мамлакат футболидаги мавқеи хусусида аниқ маълумотга эга бўлгачгина таклифни қабул қилган.

ФУТБОЛЧИ КАНЧЕЛЬСКИС

Шахсан ўзим Канчельскисни футболчи сифатида илк бор 1990 йилги жаҳон чемпионатидан кейинги даврда танигандим. Ўшанда Италия-90даги муваффақиятсизликдан сўнг Лобановский ўрнига собиқ иттифоқ термасини қабул қилиб олган Анатолий Бишовец номи кўпчиликка таниш бўлмаган «Шахтёр» ярим ҳимоячисини ўйната бошлаганди. Очиғи, Бишовец тузган таркиб дастлаб менга ҳам ёқмаган - асосан мамлакатнинг ўртаҳол жамоаларидан чақирилган ўртаҳол ўйинчилардек туюлганди. Лекин барча ишончсизликларни йўққа чиқариб, бу йигитлар ўшанда ўта даражада қудратли бўлган Италия термасини Евро-92 саралашларида ортда қолдиришган. Ана ўша Бишовец тузган янги жамоанинг энг етакчи футболчиси бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Андрей Канчельскис эди. У саралашдаги барча 8та ўйинда асосий таркибда майдонга тушиб, 3та гол урди. Андрейнинг қанотдаги ўта фаол ўйини якунда Швецияда ўтадиган Европа чемпионатига йўлланмани тақдим этганди. У пайтлари «кўхна қитъа» чемпионатида атиги 8та терма иштирок этарди.

Бишовецнинг «топилмаси»ни ўз вақтида унданда буюк мураббий - Алекс Фергюсон ҳам пайқаган экан. 1991 йилнинг 6 февралида Глазгода ўтган Шотландия - Собиқ иттифоқ ўртоқлик учрашувини томоша қилган Фергюсон ўша пайтларда ўз жамоасига айнан шундай қанот ярим ҳимоячиси қидириб юрган эканки, мазкур ўйиндан анча кейинроқ Франкфуртда ўтган Германия - Собиқ иттифоқ учрашувига айнан Канчельскиснинг ўйинини кўриш учун ташриф буюради. Кўп ўтмай, Донецкнинг «Шахтёр» клубида ўйнаб юрган Канчельскис шу тариқа «Манчестер Юнайтед» сафига бориб қўшилди. Футболчининг трансфер нархи 650.000 фунт стерлинг - ўша пайт учун анчагина катта сумма эди. Шу-шу Андрейнинг Европадаги саёҳатлари бошланиб кетди.

«Манчестер Юнайтед» сафида Канчельскис тўлиқ 4та мавсумни ўтказди: 1991 йилдан 1995 йилгача. Ўша даврларда Шмейхель, Кантона, Робсон, Инс, Хьюз ва Гиггзлар билан бир қаторда Канчельскис ҳам жамоа етакчиларидан бирига айланганди. Бу вақт оралиғида қаҳрамонимиз икки марта Англия чемпиони бўлишга эришди, бундан ташқари, Англия кубоги, Англия Лига кубоги, Европа Суперкубоги ва икки марта Англия Суперкубогини боши узра баланд кўтарди. Айтиш жоизки, ўша Канчельскислар ўйнаган даврларга қадар «Манчестер Юнайтед» узоқ йиллар давомида (1967 йилдан бери) Англия чемпионлигини қўлга кирита олмай келаётган ва Алекс Фергюсоннинг уринишлари самара бериб, орадан 26 йил ўтгач - 1993 йилдагина чемпионлик тантана қилинганди. Демак, кейинроқ сэр унвонини олган Алекс Фергюсоннинг улкан парвозини таркибида айнан Канчельскис бўлган авлод бошлаб берган.

1994|1995 йиллар мавсумида Фергюсон шогирдлари «Манчестер Сити»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этади ва мазкур ўйинда учта гол урган Андрей Канчельскис Премьер-лига ташкил қилинганидан кейин «хет-трик» қайд этган «МЮ»нинг биринчи футболчисига айланади. «Манчестер Юнайтед»­даги фаолияти давомида у жами 162 марта майдонга тушиб, 36та гол уришга эришган.

1995 йилги мавсумнинг сўнгги ўйинларини жароҳат туфайли ўтказиб юборган Канчельскис яна тиклангач, майдонга кам тушаётганини рўкач қилиб, Фергюсон билан келишмай қолади. Натижада футболчини ўша пайтдаги рекорд сумма - 5,5 млн. фунт-стерлинг эвазига «Эвертон»га сотиб юборишади. «МЮ» сафида 4та ёрқин мавсумни ўтказган Андрей Канчельскис шу тариқа майдондаги ўз қанотини келажак юлдузи - Дэвид Бекхэмга бўшатиб беради.

Кейинчалик Канчельскис «Фиорентина»да ҳам ёрқин ўйинлар кўрсатди. Ўша даврларнинг юлдузлари бўлган Франческо Тольдо, Руи Кошта ва афсонавий Габриэль Батистуталар Украинада туғилган футболчининг майдондаги жамоадошлари эди.

Сўнгги қатордаги рақамлардан кўриб турганингиздек, Канчельскис 37 ёшида ҳам Россия Премьер-лигасида бинойидек тўп сурган. Шахсан ўзим Канчельскисни собиқ иттифоқдан етишиб чиққан футболчилар орасида Андрей Шевченкодан кейин иккинчи ўринга қўйган бўлардим. Тўғри, қайсидир жиҳатдан ундан ўтадиганлар бўлиши мумкин, шунинг учун буни умумий баҳолаш сифатида изоҳласа бўлади.

МУРАББИЙ КАНЧЕЛЬСКИС

Канчельскиснинг футболдаги йиллари қандай юқори савияда ўтган бўлса, мураббийликдаги даври шу даражада муваффақиятсиз ва омадсиз кечган. Қаерда ишламасин, қаерга бормасин, жамоалар тугатилаверган ёки пастга тушиб кетаверган.

Шундай қилиб, ўзининг футболчилик фаолиятини тугатган Андрей Канчельскис 2007 йилнинг февралида Новотроицкнинг «Носта» клуби раҳбарияти таклифига биноан жамоа бош директори лавозимида ишлай бошлаган. Ушбу клубда то шартнома якунига қадар - 2009 йилнинг охиригача ишлаган. Бу даврда «Носта» Россия 1-лигасида иштирок этди, лекин Канчельс­кис учун мураббийлик иши энди бошланаётганди.

2009 йилнинг декабрида илк бор ўзини мураббийликда синаб кўришга аҳд қилган Андрей Канчельскис Москванинг янги тузилган «Торпедо-ЗИЛ» жамоаси устозига айланди. Аксарият футбол мухлислари ушбу клубни олдинлари бизнинг Улуғбек Бақоев тўп сурган «Торпедо-ЗИЛ» билан адаштиришади. Миллий жамоамиз ҳужумчиси ўйнаган клубнинг номи кейинчалик «Торпедо-Металлург», охирида ФК «Москва»га ўзгарган. Канчельскис бош­қарган «Торпедо-ЗИЛ» эса мутлақо бошқа жамоа. Россиянинг ҳисоб бўйича 3-лигаси саналган Иккинчи дивизионда (Ғарб минтақаси) Канчельскис «Торпедо-ЗИЛ» билан бор-йўғи бир йил ишлади, холос. Яъни 2010 йилнинг декабригача. Жамоа гарчи 2-ўринни қўлга киритган бўлсада, молиявий муаммолар туфайли кўп ўтмай унинг тугатилиши маълум бўлди ва якунда Канчельскис у ердан кетди.

2011 йилнинг бошида қаҳрамонимизга Бошқирдистон президенти Рустэм Хамитов томонидан янги тузилаётган «Уфа» жамоасини бошқариш таклифи тушди. Клуб томонидан мураббий олдига қўйилган мақсад - жамоани икки йил ичида Россия Премьер-лигасига олиб чиқиш эди. Лекин орадан бир ярим йил ўтиб натижалар кўринавермагач, икки томоннинг келишувига биноан - 2012 йилнинг май ойида шартнома бекор қилинди. Шу муддат оралиғида Андрей Канчельскис ўз бошқарувидаги жамоани ҳаттоки, Россия биринчи лигаси саналган ФНЛга ҳам олиб чиқолмади - бу иккинчи омадсизлик эди.

2012 йилнинг якунида Канчельскис ниҳоят, Россия Премьер-лигасида - Нижний Новгороднинг «Волга» клубида таниқли мутахассис Гаджи Гаджиевга ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлади. Лекин бу жамоадаги фаолият ҳам узоққа бормади - 2013 йилги мавсум якунига кўра 12-ўринга жойлашган «Волга» ўз мураббийлари билан ҳам хайрлашди.

Бир йил ўтиб, Канчельскисни Литвага чорлашди. Бу ерда анча обрўли бўлган «Юрмала» клуби мутасаддилари ундан умидвор эдилар. Лекин бу сафар ҳам юриш узоққа бормади. 2014 йилнинг сентябрида бош мураббий сифатида иш бошлаган қаҳрамонимиз бор-йўғи икки ойдаёқ жамоадан кетди.

Ва ниҳоят, охирги жамоа - Россия қуйи дивизиони вакили «Солярис» клуби. Бу ерда Канчельскис 2016 йилнинг январидан то апрелига қадар - атиги уч ой ишлади, холос. Худди «Торпедо-ЗИЛ» каби, «Солярис» футбол клубининг ҳам тугатилиши ҳақидаги миш-мишлар охири рост бўлиб чиқди ва қаҳрамонимиз бу ердан ҳам кетишга мажбур бўлди.

ҒАРОЙИБ КАНЧЕЛЬСКИС

Кўриб турганингиздек, баъзида ўзига боғлиқ бўлмаган муаммолар билан, баъзан эса ўзини кўрсатишга вақт бўлмаганиданми, ишқилиб, Андрей Канчельскис мураббийлик соҳасидаги 10 йиллик фаолияти давомида бирор марта қониқарли натижага эришмаган.

Канчельскис Россия футбол жамоатчилиги орасида ҳам анча машҳур шахслардан саналади. Унинг интернет-нашрларда муттасил фикрлари бериб борилишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Шу билан бирга, Канчельс­кис фаолиятидаги баъзи бир қизиқ воқеаларни ҳам айтиб ўтмай иложимиз йўқ. Масалан, «Уфа» клубида иш бошлаган пайтлари унинг жамоаси дастлабки ўйинларда жуда-жуда муваффақиятсиз иштирок этган. Кетма-кет бир нечта учрашувларда гол урилмагани ҳаммасидан ўтиб тушган. Ҳужумдаги муваффақиятсизликларни Канчельскис «Динамо» стадионидаги нохуш аура (ёмон руҳий ҳол) билан изоҳлаган. Натижада, аҳволни ўнглаш учун... руҳоний чақиришган! У расмий диний маросим орқали майдон ва дарвозани «руҳий тозалаш»га ҳаракат қилган. Шунга қарамай, «Уфа»нинг ҳужумида бирор нарса ўзгариб қолмади. Ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилмагач, жамоа бош директори Алексей Ошепков билан биргаликда Канчельскис ҳам вазифасидан озод этилган.

Яқинда якунланган жаҳон чемпионатидан олдин Канчельскис мазкур мусобақага тайёрланаётган Россия термасини аёвсиз танқид қилганди. Бунга жавобан бош мураббий Станислав Черчесовнинг ёрдамчиси Мирослав Ромашенко айтган гаплар: «Умуман тамом бўлган Канчельскис. Мен унга чин қалбимдан ачинаман. Шундай даврлар бўлганки, у билан суратга тушиш пайида юрардим. Мен учун ҳақиқий кумир эди. У аслида Кировограддан, мен эса Павлограддан - деярли қўшнилармиз. Якун: 2018 йилда мен уни ҳовлида кўрдим. Ғирт маст эди ва нималардир деб алжирарди. Унда ўтмишидан бошқа ҳеч нарса қолмаган! Ичида ҳеч вақо йўқ, қуруқ бош, холос».

Албатта, бу жаҳл устида айтилган гаплар эди. Шунга қарамай, Канчельс­киснинг мураббийлиги борасида ижобий фикр билдирганлар ҳам йўқ эмас. Андрей Козлов (ҳозирда «Енисей» клуби ҳужумчиси, «Уфа» сафида унинг қўл остида ўйнаган): «Канчельскис мотивация борасида жуда зўр мураббий эди. Ҳаммани ишонтира оларди, кучли руҳий таъсир қиларди. Ўйинчиларга керакли зарядни берарди. У билан ишлаган пайтларимдаги ҳис-туйғуларимни ҳозир сўз билан ифодалай олмайман».

Хуллас, янги мураббий ҳақида турли-туман қарама-қарши фикрлар мавжуд. Лекин унинг «Навбаҳор»ни қай тарзда олиб кетишини, албатта, вақт кўрсатади...
Беҳзод АҲМАДЖОНОВ

Манба: interfutbol.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)