Мальта фуқаролари ChatGPT Plus обунасига бепул эга бўлишади

OpenAI компанияси ва Мальта ҳукумати “AI фор Алл” номли қўшма дастурни ишга туширмоқда. Ушбу ташаббус доирасида мамлакат фуқаролари бир йиллик ChatGPT Plus обунасидан мутлақо бепул фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун фуқаролар Мальта университети томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект саводхонлиги бўйича махсус курсни тамомлашлари керак. Курс сунъий интеллектнинг имкониятлари, чекловлари ҳамда уни кундалик ҳаёт ва иш жараёнида масъулият билан қўллаш усулларини ўргатишга қаратилган.
Дастурнинг биринчи босқичи май ойида бошланади. Келгусида ушбу таълимий лойиҳа хорижда истиқомат қилаётган Мальта фуқароларини ҳам қамраб олиши режалаштирилган. OpenAI вакилларининг таъкидлашича, лойиҳа сунъий интеллектни электр энергияси каби барча учун очиқ бўлган глобал технологияга айлантиришни мақсад қилган.
Мальта иқтисодиёт вазири Силвио Шембри таълим ва илғор технологияларнинг уйғунлашуви оилалар, талабалар ва ишчилар учун амалий ёрдам бўлишини таъкидлади. Ушбу ҳамкорлик OpenAI компаниясининг давлатлар билан ишлаш бўйича “OpenAI фор Коунтриес” ташаббусининг бир қисми ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!