Қурилиш майдонидаги “жонли концерт”: ишчилар яратган ноодатий шоу интернетни забт этди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги қурилиш бўлаётган ҳовлиларнинг бирида тасвирга олинган ноодатий видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унда қурилиш ишчилари оддий меҳнат жараёнини кутилмаган ижодий саҳнага айлантириб, импровизацион “концерт” ташкил этишган.
Ишчилар пайвандлаш аппарати, “болгарка”, арматура ва бошқа қурилиш жиҳозларидан ноодатий усулда фойдаланган ҳолда ўзига хос ритм ва товушлар яратишган. Асбоблардан сачраётган учқунлар эса саҳнадаги ёруғлик эффектлари каби тасвирга янада жонлилик бағишлаган.
Томошабинлар учун бу оддий иш жараёни эмас, балки ижод ва меҳнат уйғунлашган ҳақиқий шоуга айланган. Видеони кўрган фойдаланувчилар изоҳларда қурувчиларнинг ушбу чиқишини “саҳнасиз, колонкасиз, лекин энг зўр концерт” дея таърифлашмоқда.
Мазкур видео интернетда тез тарқалиб, минглаб ёқтиришлар ва турли реакциялар йиғишга улгурди. Кўплаб фойдаланувчилар ишчиларнинг ижодкорлиги ва кайфиятини юқори баҳолаб, бундай ноодатий лаҳзалар кундалик ҳаётга ранг-баранглик қўшишини таъкидлашмоқда.