Шерали Жўраев оиласи, ўғил ва қизлари ҳақида гапирди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
02-11-2016 | 16:14 ZAMIN.UZ / Жамият / 02 Ноябр 2016 года
2 162

Шерали Жўраев оиласи, ўғил ва қизлари ҳақида гапирди

Шерали Жўраев оиласи, ўғил ва қизлари ҳақида гапирди

Қадаҳ, қадаҳ, ширин-шакар шарбатлар-ла тўлдир қадаҳ
Ёнингдаги гўзал ожиза учун,
Аллоҳ яратган мўъжиза учун,
Қадаҳ, қадаҳ, тўлдир қадаҳ, эрларни эр қилган аёллар учун,
Тунда учиб кетган хаёллар учун!

Онани улуғловчи, ёрни, сингилларни, қизларни эркаловчи ўнлаб ўлмас қўшиқлар ижодкори, ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев билан аёллар, уларнинг жамиятда, оилада тутган ўрни ҳақида суҳбатлашамиз.
– Шерали ака, ёшлигингиздан бугунгача ўзгармас бир қоидага амал қиласиз: концерт­ларни ҳам, тўй-ҳа­шам­лардаги чиқишингизни ҳам албатта, Она ҳа­қидаги қўшиқ билан бошлайсиз. Бугунги суҳ­батимизни ҳам онангиз ҳақидаги савол билан бошласак. Онангиздан нималарни олдингиз? Онангиздан сизга нималар ўтди?
– Дунёнинг боши асли оналар билан-да. Дунёда онадан улуғ зот йўқ. Биласизми, аслида Аллоҳдан кейин оналар, аёллар яратувчилардир. Не-не буюк зотларни Она дунёга келтиради. Дунёни титратган зотлар ҳам Онанинг бағрида улғаяди. Мен онамнинг турмуш ма­шаққатларида отам билан ёнма-ён турганларини, отамиз учун, фарзандлар учун фидойи бўлганларини кўриб катта бўлганман. Шўро юз минглаб қўйи, моли бўл­ган боболаримиз, отамизнинг бор-йўғини олгач, ҳатто уйсиз қолганмиз. Капаларда, қирма-қир, ўтовларда яшаганмиз. Онамиз эса «Оққан ариқ бир куни оқади», дея сабр билан яхши кунлар келишига ишонардилар. 1956 йилга келиб уйимиз бўл­ган. Отамиз билан бирин-кетин фарзандларни тупроққа қўявериб, фарзанд доғини чеккан ҳам, Аллоҳдан сўраб олган қизларига Тур­суной деб исм қўйган, кейинги опамиз, Аллоҳ умрини узун қилсин, Гулсум опамиз, биз ўғилларининг ка­молини кутган ҳам онамиз бўладилар. Уйимиздан меҳмон узилмаган. Ҳаммасининг хизматини тинимсиз онамиз қилганлар. Онамиз кўрган ҳам­ма қийинчиликларни мен ҳам кўриб катта бўлганман.
Онамиздан менга у киши сўйлаб берган дос­тонлар, эртаклар, ҳаётий ҳикоялар, ривоятлар ўт­ган. У киши улуғ бобокалонларимиз ҳақида, қай­си уруғдан эканимиз, қай­­­­си азизларнинг авлодлари эканимиз тўғрисида айтиб берган тарихлар қон-қо­нимга сингган.
Бекорга Пайғамбаримиз (с.а.в.) уч марта «Онанг­га, онангга, онанг­га, ке­йин отангга», демаганлар. Шунинг учун доимо қўлимга соз олсам, энг ав­вал онам ва барча оналаримизга эҳтиромимни изҳор қиламан.
– Шерали ака, оилада тотувликнинг, аҳилликнинг асоси нимада деб ўйлайсиз?
– Рўзғорда ҳали у, ҳали бу етишмаслиги мумкин, аммо бунга сабр қилиш, аҳилликни сақлаб қо­лиш керак. Биздаям бўлади муаммолар, аммо ҳали бирор марта келинойингиз билан жанжал қилмаганмиз. Аҳилликнинг ҳам, ноаҳилликнинг ҳам сабабларини яна аслиятдан қидириш керак. Биласиз, аёл эркакнинг қовурғасидан яралган, дейишади. Демак, эркак асли ўзининг қовурғасидан бино бўл­ган жуфтини топиб олиши керак экан-да. Тополмаса ҳам аёлини «Шу менинг қовурғамдан яралган жуфтим», деб қабул қилиши, шунга ишониши керак. Шунда ҳаммаси ўрнига тушади. Аёлларни ожиза дейишади, аслида аёлларга буюк куч, қудрат берилган. Аёллар фарзандларини тўққиз ой бағрида кўтаради, дунёга кел­тиради, кейин ҳам муттасил равишда уларнинг тарбияси билан маш­ғул бўлади. Она дунё­дан ўтгунича болам, болам дейдиган фавқулодда зот. Биз ризқ излаб, чиқиб кетамиз. Болаларни тарбиялаш, ки­йин­ти­риш, овқатлантириш, ҳаммаси аёлларнинг зиммасига тушади. Кечаси туриб, бешик тебратган, болани овқатлантирган эркакни кўрганмисиз? Мен кўрмаганман. Тунлари бедор бўлиб, бо­ла боқиш яна шу заҳматкаш аёлларнинг гарданига тушади. Биз эса тунда боламиз йиғласа, «Тур, бо­­лангга қара, тинчит!» деб дўқ ҳам уриб қўямиз.
– Шу ўринда қизлар тарбияси ҳақида гаплашсак, қизларингизни қандай тарбиялаяпсиз?
– Қизларнинг тарбияси жиддий масала. Ўғилларни тарбиялаш бирмунча осонроқдир, аммо қизларнинг тарбиясига ҳушёр бўлиш керак бўлади. Менинг оилада ўзимни тутишим, қайсидир маъ­нода қаттиқўллигим қизларимга бир жиҳатдан тарбия ўрнини босаётгандек ва умуман, яхши маънодаги қаттиқўлликнинг тарбияга зиёни йўқ деб ҳисоблайман. Улар ота-оналари ўртасида келишмовчилик ё жанжал- мо­жарони кўрмай улға­йишди, бунақа нарсаларни билишмайди ҳам. Ўзи мен қизларим билан соатлаб ўтириб, гаплашишга вақт ҳам тополмайман. Элнинг хизмати деб эрта кетиб, кеч келадиган, баъ­зан ҳафталаб сафарларда бўладиган одамман. Қизларим билан соғиниб кўришамиз. Уларга уни қил, буни қил, де­йишим шарт эмас. Чиройли гапларни айтамиз, аммо ҳамма гап тарозиси билан айтилади. Улар бизнинг хулқимизни, одобимизни, ўзимизни тутишимизни кўриб, керакли тарбияни олаверишади.
– Қизларингиз ҳам улғайиб қолишди, улар қайси касбни танлашаяпти?
– Катта қизимиз руҳшунос бўлишни истади. Истаган китоблари, қўл­ланмаларини топиб бердик. Руҳшунослик факультетига ўқишга кирди. Иккала синглиси ҳали мактабда ўқишаяпти, уларнинг ҳам ўзларига яраша орзу-умидлари бор.
– Онангизни эсладик, аёлингиз, қизларингиз ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Энди сизнинг хонадонингизда ке­лин ҳам бор. Келинингиз ҳақи­да ҳам гапиринг, кўнг­лингиздагидек хизмат қилаяптими?
– Келинимизга қараб туриб, унинг бошқа хонадондан келганига ҳам ишонмай қоламан. У худди шу ерда туғилиб ўс­гандек, ўзимизнинг қи­зи­миз­­дек бўлиб қол­ди. Буни газета учун айтмаяпман, рос­такамига шунақа. Қизларим билан опа-сингилдек юришади. Менинг ҳузуримга ҳам улар билан бирга, ўзимнинг қизимдек киради. Хизматга келсак, қайнонасидан кўрганига амал қилиб, уйимизга келган меҳмонлар то кетгунларича қўл қовуштириб, хиз­матда туради. Бугунги, сизлар мақтаб-мақтаб еган ошни ҳам келинимиз тайёрлаган.
– Шоҳ Жаҳонда қандай ўзгаришлар сезилаяпти? Уйлангач, оилада сиздек қаттиққўлликни уддалаяптими?
– Энди у ҳам катта ки­ши бўлиб қолди, ўзгариш шу. Аслида Шоҳ Жаҳон кичкиналигидан катта одамлардек фикрлайдиган бола эди. Била­сиз­ми, мен уни олдинроқ уйлантириб қўймоқчи бўл­ганман. Сабаби, ўн икки ёшидаёқ бўй-басти, қо­мати улғайган йигитларникидай эди. Ўн икки ёши­да қирқ иккинчи ўл­чамли оёқ кийими киярди. Яна ўйлаб, бироз сабр қилдим. Ма­на, ҳо­зир мустақил фикрли оила бошлиғи бўлди, кўз тегмасин!
– Айтганча, Шоҳ Жаҳоннинг яккахон концертидан кўнглингиз тўлдими? Концертда сизнинг чиқишингизни ҳам кутгандик?
– «Концертда ўзингнинг қўшиқларингни айтасан, у сенинг концертинг», деган эдим. Аммо концертидан кўнглим тўл­ди. Жуда гўзал ўтди. Биринчи кун бориб, балкондан бироз кузатдим, иккинчи куни бормадим ҳам. Жонли ижрода бемалол айтаётганини кў­риб, хотиржам бўлдим. Энг муҳими, бирор корхона, ташкилот тугул, бирорта одамга билет олиб бориб берилгани йўқ. Кас­садаёқ барча билетлар сотилиб кетди.
– Зоҳиршоҳ қалай? Унинг оёғи ҳам қирқ иккинчи ўлчамли бўлиб қолаёздими?
– Ҳа, энди навбат Зоҳиршоҳга. Ҳар тарафлама унга навбат келди. Оила қуриш масаласи ҳам яқин-орада ҳал қилинади. Кейин катта саҳнага чиқиш учун ҳам тайёр турибди. Бир қанча гўзал қўшиқларни тайёрлаган. Яқин-орада бу борада ҳам катта ўзгариш бўлади, инша Аллоҳ!
– Шерали ака, шу ўринда бир қўшиғингизнинг яратилиш тарихи ҳақида айтиб беришингизни илтимос қилмоқчиман. «Оқибат» деб номланган бу қў­шиғингиз эл орасида «Ака-укалар» номи билан машҳур бўлиб кетди. Бу қўшиқни шунчаки эшитиб бўлмайди. Ақлу-ҳуши жойида одамни бу қўшиқ титратиши аниқ. Бунда ака-укалар, айниқса опа-сингиллар ва қизларга эътиборли бў­лишга, улардан хабар олиб туришга оташин даъват бор.
Шу қўшиғингизни эшитиши билан кўпчилик онасидан, ака-укасидан, опа-синглиси ё қи­­зидан хабар олишга отлангани ҳақида такрор-такрор эшитмоқдамиз.

– Бу қўшиқнинг яралиш тарихи бундай: укам Ҳа­лимжонни кўргим келиб, уни ҳадеганда тополмай қолдим. Бироз бетоб деб эшитдим. Сабрим чидамай, келинойингизни Андижонга юбордим ва у укамдан хабар олиб келди. Шунда кўнг­лимга «Нега одамлар, ака-укалар бир-бирини қидирмай, йўқламай қўй­ди?» деган бир савол тушди. Мен-ку, укамни қидириб топдим, аммо бошқалар топаяптимикан, деб анча вақт ўйланиб юр­­дим. Сирдарёнинг чў­лидан ўтиб, бир ерга хизматга кетаётганимда шу саволларга жавоб бўлиб, бир сатр кўнглимга тушди. Ўзи ўша ерда нимагадир бир неча қўшиқларимнинг сўзи кўнглимга келган. Чўл, кенг­лик бўл­гани учунмикан, балки… «Ҳар бир учган жисм сор, лочин қушмас», деб бошланадиган қўшиғим ҳам ўша ерда туғилган. Ўша ерда кетаётиб, ака-укалар бир-бирини йўқламай қўяётгани, гўё меҳр-оқибат камайиб кетаётгани тўғрисидаги фикрлар миямда ўйнади ва кўнг­лимга бу сатрлар келди: «Муҳаббат сирлари пинҳон, қаро икки қароқларда». Кейин иккинчи сатр келди: «Эриб сувдек оқар қалбим ўшал икки булоқларда». Кейин «Оға-ин, опа-сингиллар, тўзиб кетма, йироқларда» ва «Ки қалбим қийналар доим кўрарман деб сўроқларда»сатрлари келди. Кейин «Қол эй, ҳасрат, сен ҳам бизга етиб бўлмас узоқларда» ва «Оёғим қонлари оқиб, қотиб қолган тузоқларда»сатрлари қуйилди. Ана шу сатр­ларни ўқиб берганимда акам йиғлади. «Нега йиғлайсиз?» десам, «Қир­ғизлар қўйларини суғориш учун қу­дуқдан сув чиқарарди. Чиғириқни оёғи­дан сим боғлаб қўйилган туя айлантирарди. Сим туянинг оёқларини қийиб юборганидан туянинг оёқларидан қон оқарди, аммо у айланаверар, вазифасини бажариб, қу­дуқдан сувни тортиб бераверарди. Рўзғор деб елиб-югуришни ўша туяга ўхшатдим», деди. Опа-сингилларимиз, қизларимиз тур­мушга чиқишади. Улар вазифам шу экан деб, янги тушган хонадон соҳибларининг кўнглини то­пиш учун не ишларни буюрсалар, елиб-югуриб бажараверадилар. Мана шу келинлар оёғидаги тузоқ экан. Йигитлар ҳам уйлангач, бо­ла-чақасини боқиш учун, рўзғорни тебратиш учун ўлиб-тирилиб тиришар экан. Мана шу уларнинг оёқларидаги тузоқ экан. Айниқса, келинларга оғир экан. Улар энди янги хонадон соҳиблари, куёви, қайнона-қайнотаси рухсат берсагина бирпасгинага ота-онасидан хабар олгани келишар экан. Уларнинг қош-қо­воқларига қараб, ойлаб ота-онасидан, ака-укаларидан хабар олишга бориш учун рухсат сўрай олмасдан юришар экан. Шунинг учун эркаклар, куёв болалар хотинларига вақти-вақти билан келинларга ота-онасиникига бориб келишига рухсат бериб туриши керак экан. «Қиз бола бировнинг хасми» деган сўзнинг маъноси шу эканки, қизларни боқар экансан, катта қилар экансан, ўқитар экансан, аммо у бировнинг омонати бў­ларкан. Улғайтириб, эгасига топширар экансан. Энди у келин бўлиб борган уйида бир умр қо­лар экан. Сеникига меҳмондай келиб кетаркан, холос. Шунингдек, бу қў­шиқда ака-укалар бир-биридан хабар олиб туриши ҳақи­да айтдим. «Қол эй, ҳасрат, сен ҳам бизга етиб бўлмас узоқларда» дейишимдан мақсад шуки, узоқ вақт кў­ришмай юрган оға-ини, опа-сингиллар бир-бирларини кўришга борганларида кеч бўлиб қолиши бор, бевақт ўтиб қо­лишлар бор. Шунда бир кў­риш армон бўлиб қолади бир-бирларини. Бу ҳасрат. Қўшиқда ана шу ҳасрат узоқларда қолсин, ҳасрат бизга бегона бўл­син, вақтида бир-биримизни зиёрат қилиб турайлик, де­йилмоқчи.
Бу қўшиқ бир воқеа бўл­ди. Қўшиқнинг таъсирида ака-укалари, опа-сингилларидан хабар олган юртдошларимиз аввало савоб ишни қилдилар, қолаверса, Қиёматни ҳам озгина кейинга сур­дилар, чунки меҳр-оқибатнинг йўқолиб бориши Қиёмат яқинлашаётганининг ало­мат­лари­дан­дир, дейилади ҳа­дисларда.
Шу ўринда азиз опа-сингилларимизга бир мас­лаҳатим бор: Улар жаннатидирлар. Уларда жуда катта имкониятлар бор. Шу имкониятлардан тўғ­ри фойдалансинлар! Аёллар биринчи ўринда умр йўлдошларига унинг ака-укаларини, қариндошларини ёмонламасинлар! «Акангиз ё укангиз болаларимиз ҳақида, ё оиламиз ҳақида ундай дебди, бундай дебди», деб айтмасликлари керак. Энг муҳими, баъзан ака-укалар ўртасига майда-чуйда гаплар оқибатида тушиб қолган тасодифий қоронғуликларни биргалашиб, ўртадан олиб ташласинлар! Акаси ё укаси айтган бўлса ҳам, ўша гапларни эрига етказмасинлар! Инсонмиз, ҳаммамизда камчилик бў­лади. Ўзим ҳам жиянларимга танбеҳ бе­раман. Укам Ҳалимжон ҳам Шоҳни ёки Зоҳиршоҳни уришиб, танбеҳ берган. Мен буни бошқалардан эшитганман, аёлим менга етказмаган бу гапларни. Аёл бу гапларга қўшиб-чатиб, эрига ака-укаларини ёмонласа, эрининг аччиғи чиқиб, ака-укаларига бир нима деб қў­йиши мумкин. Наригиси ҳам аччиқроқ жавоб қайтарса, ака-укалар ўртасида ҳадеганда юмшатиб бўлмас совуқчиликлар тушиши мумкин. Кўрганмиз шундай воқеаларни. Ўз ўрнида эркакларга ҳам шуни айтиб қўймоқчиман. Аёлим шунақа деди, деб бирданига акангиз ё укангизникига «қилич ялан­ғочлаб» чопманг! Хотинлар сиз каби улар билан бир онадан дунёга келмаганини унутманг! Ҳамма ишни ақл тарозисига солиб бажаринг!
– Суҳбатимиз сўнггида юртимиздаги аёлларга, мухлисларингизга тилакларингиз?
– Аллоҳдан барча яхшиликларни Оналаримизга сўрайман! Барча опа-сингилларимизга бахт-саодат тилайман! Байрамлари, тўйлари кўп бў­лишини тилайман! Юртимизни Аллоҳнинг ўзи турли ёмонликлардан, бало-қазолардан сақласин! Бутун дунёнинг мол-дунёси, у учун бўлаётган жанжал-можаролар бир гўдак ёки аёлнинг кў­зидан томган томчи ёш­га арзимайди. Юртимиз тинч бўлиб, юрт­дошларимиз бу эркин, ҳур замоннинг барча нашъу-намоларидан баҳраманд бўлиб, гўзал умр кечирсинлар!

Каримберди ТЎРАМУРОД суҳбатлашди

Манба: bekajon.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru