20:53 / 23.04.2024
1 415

Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Далержон Мирзоевнинг ота-онаси ўғли ҳақида гапирди

Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Далержон Мирзоевнинг ота-онаси ўғли ҳақида гапирди
Москва вилояти Crocus City Hall’даги терактда гумонланаётган Тожикистон фуқароларидан бири Далержон Мирзоевнинг ота-онаси журналистлар билан суҳбатда ўғли айбсиз эканини айтди. Рудакий туманида яшовчи 32 ёшли Далержон терактда айбланаётган тўрт нафар асосий шахсдан бири ҳисобланади.

Фото: Далержон Мирзоев / “РИА Новости”
Қолган айбланувчилар Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзовдир. Сўнгги айбланувчи эндигина 20 ёшни қаршилайди, Муҳаммадсобирнинг яқинлари у зиёли оилада улғайгани, бундай ишга қўли бормаслигини айтмоқда.

AsiaPlus журналистлари Рудакий тумани Лохур жамоати Галахона қишлоғида жойлашган Мирзоевлар хонадонига бориб, яқинлари билан суҳбатлашди.

Фото: AsiaPlus
Журналистлар ташрифидан (12 апрель) бир кун олдин расмийлар Далержоннинг онаси 58 ёшли Гулракат Мирзоевани қайта сўроққа тутган. Биринчи сўроқ ўғли ҳибсга олинганидан кейин дарҳол ўтказилган. Иккинчи сўроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати терактда гумонланаётганларни сўроқ қилаётгани акс этган видеони эълон қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унда айбланувчилар координаторлари Сайфулло исмли шахс бўлгани, бу иш учун уларга 1 миллион рубль ваъда қилинганини айтган.

Гулракат Мирзоева журналистлар билан суҳбатни айнан шу видеодан бошлаган. Аёлнинг сўзларига кўра, ўғли рус тилини билмайди, лекин видеода у тайёр матнни ўқиб берган.

Кўп пул ишлаб топмаган, Тожикистонга қайтишни режалаштирган

Далержон 10 ёшга тўлганида, 2001 йил оиласи Ҳисордан Галахона қишлоғига кўчиб ўтган. Уларнинг оиласида беш фарзанд – 4 ўғил ва бир қиз бор. Далержон учинчи фарзанд.

Қариндошларининг айтишича, у мактабни тугатгач, ҳар йили Россияга кетган ва 7-8 ой ишлаган, кейин қайтиб келиб, йўловчиларни ташиш билан шуғулланган.

2023 йилнинг 17 октябрь куни Далержон Новосибирск шаҳрига ишлаш учун кетган (онаси Далержон нима учун охир-оқибат Москвага кетганини тушунмайди), у ерда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, бироқ кўп пул жўнатмаган.

Охирги олти ой ичида 2-3 минг сомоний (2 миллиондан салкам 3,5 млн сўмгача) юборди. Агар яхши иши бўлса, пул жўнатарди. Қишлоқда яхшироқ эди, кўпроқ пул топарди”, — дейди яқинлари.

17 март куни Далержон онасига қўнғироқ қилиб, 20 мартдан бошлаб ҳужжатларининг муддати тугаши, шу сабабдан 25-санагача Тожикистонга қайтишини айтган.

У тожикистонликлар чиқариб юборилиши, агар у ҳам депортация қилинса, Россияга қайта олмаслигини айтди. Агар вазият оғир бўлса, қайтиб келиб, шу ерда машинангда (Тожикистонда) ишлайсан, дедим. У қайтиб келаман, деб жавоб берди, лекин 22 март куни бу воқеа содир бўлди”, — дейди Гулракат Мирзоева.

Фото: Гулракат Мирзоева / AsiaPlus
У бошқа гумонланувчиларнинг оналари сингари, ўғлининг айбдорлигига ишонмайди.

Улар бу айбловни ўғлимни бўйнига қўйишди. Бировнинг бўғзини кесган қуролли одам менинг болам эмас. Ҳужум қилганлар тўладан келган, болам эса ориқ. Уларнинг юриши ва ҳаракатлари ўғлимга ўхшамайди. Менинг ўғлим ҳибсга олингандан кейин ойна ичида кўрсатилди, калтакланган, кўзлари қорайган, қўллари боғланган, бўйнида эса целлофан бўлаги осилиб қолган”, — дейди Мирзоева.

Далержоннинг отаси Барот Мирзоев ҳам ўғлига қўйилган айбловларни тан олмади.

Унинг бўйи узун эмас, қўлида автомат ушлаб туролмайди, қандай қилиб бундай ишлар қиларди? Уйга қайтаман деди, кутаётгандик...”, — дейди Далержоннинг отаси.

Терактдан сўнг Тожикистон расмийлари Далержон Мирзоевнинг ота-онаси, укаси, рафиқаси ва қайнонасини бир ҳафтага яқин сўроқ қилиб, кейин қўйиб юборган. Бу вақт ичида улар рус тилида ҳам ариза ёзган, лекин Россия терговчилари билан ҳеч қачон учрашмаган.

“Балки у алдангандир”

Далержон 2017 йилда уйланган, ҳозирда тўрт фарзанд – уч қиз ва бир ўғли, жумладан, 1 ёшга тўлган эгизаклари бор. Воқеадан сўнг хотинининг соғлиғи бирданига ёмонлашган ва у ҳозир ота-онасининг уйида.

Далержон ўз қишлоғидаги 17-мактабни тамомлаган. Устозларининг айтишича, ўзи аълочи бўлмаса-да, келажакда ҳунар эгаллаши учун ҳозир 10-синфда ўқиётган укасининг ўқишига эътибор қаратган.

Мактаб директори Маҳбуба Давлетовага кўра, Далержон унга Россиядан бир неча бор қўнғироқ қилиб, укасининг ўқишини сўраган ва “агар укам ҳурматсизлик қилиб, дарс тайёрламаса, айтинг, бунга мажбурлайман”, деб таъкидлаган.

Фото: Маҳбуба Давлетова
Давлетованинг ўзи Галахона қишлоғидан, Мирзоевлар оиласини таниши, улар яхши одамлар эканини айтди.

Тарих фани ўқитувчиси Музаффар Ёқубов Далержон ўртамиёна ўқувчи бўлгани, юриш-туриши ёмон эмаслиги, ўқитувчиларнинг гапига қулоқ тутгани, интизомли эканини билдирган. Далержон жамоат ишларида фаол қатнашгани таъкидланган.

Фото: Музаффар Ёқубов / AsiaPlus
У шундай иш қилишини кутмагандик. Бунга қўли бормасди, лекин одамларни тушуниб бўлмайди. Балки бу ишни пул учун қилгандир, балки алдангандир”, — дейди Ёқубов.
Ғойиб бўлган ёки ИШИД сафида: Далержоннинг акаси қаерда?

Далержоннинг акаларидан бири 36 ёшли Равшанжон 2016 йилда бедарак йўқолган. Расмийлар у Сурияга кетгани ва ИШИД сафига қўшилганини айтмоқда, бироқ расмий маълумот мавжуд эмас. Равшанжоннинг қариндошлари у террорчилар сафига қўшилгани ҳақидаги гапларга ишонмайди.

Гулракат Мирзоеванинг айтишича, ғойиб бўлгунга қадар ўғли Россия шаҳарларидан бирида йўловчи ташиш билан шуғулланган. Шундан сўнг у касалхонада сил касаллигидан даволанган — жами 7 ой, касалхонадан чиқиши биланоқ ғойиб бўлган.

Фото: Барот Мирзоев ва Гулракат Мирзоева
Ота-оналарнинг айтишича, Равшанжон йўқолганидан кейин 8 йил давомида Далержон акаси билан мулоқотда бўлмаган. Тожикистон расмийлари ҳозирча Равшанжон Мирзоев ИШИД аъзоси эканини расман эълон қилмаган.

Узоқ бўлмаганида, Далержонни кўрган бўлардик. Лекин биз нима қила оламиз? Ҳеч нарса. Уларнинг тақдирини худога топширамиз, токи уларнинг қалбига раҳм қилишсин ва уларни озод этишсин”, — дейди Далержоннинг онаси.

Crocus’даги теракт 22 март куни содир бўлган. “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан бир оз олдин автомат билан қуролланган тўрт киши концерт залига бостириб кирган. Аввалига одамларга қарата ўқ узишган, кейин эса бинони ичкаридан ёқиб юборишган. Ҳужум оқибатида 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, бир неча юз киши турли тан жароҳат ва талафотлар олган. Терактга алоқадорликда айбланиб, бир неча Тожикистон фуқароси қўлга олинган. ИШИДнинг Хуросон бўлими ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Бироқ Россия махсус хизматлари Украинани ҳужумга алоқадорликда айблаган. Расман Украина терактга алоқадорлигини рад этади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Далержон Мирзоевнинг ота-онаси ўғли ҳақида гапирди