Ақтўбеда яна 5 нафар экстремист йўқ қилинди ва жиноий гуруҳ аъзоларининг шахси аниқланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
06-06-2016 | 13:23 ZAMIN.UZ / Дунё / 06 Июн 2016 года
1 324

Ақтўбеда яна 5 нафар экстремист йўқ қилинди ва жиноий гуруҳ аъзоларининг шахси аниқланди

Ақтўбеда яна 5 нафар экстремист йўқ қилинди ва жиноий гуруҳ аъзоларининг шахси аниқланди

Ақтўбеда аксилтеррор амалиётлар давомида яна 5 нафар экстремист йўқ қилинган ҳамда 2 киши қўлга олинган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати хабар тарқатди, дейилади "Кун" нашрида.

ИИВда қайд этилишича, тун бўйи махсус амалиёт давом эттирилган. Жиноятчилар таслим бўлиш ҳақидаги талабларга бўйсунмасдан отишмани давом эттиришганидан кейин ўлдирилган.

Хабар қилинишича, гуруҳдан катта миқдордаги ўғирланган қуроллар мусодара қилинган.

"Ҳужумга алоқадорларнинг шахси аниқланган. Гуруҳнинг қолган аъзоларини қидириш ва қўлга олиш ишлари давом эттирилмоқда", дейилган ИИВ хабарида.

Бундан олдинроқ, шаҳардаги "Нур Сити" туманида ҳам отишма чиққани ва ҳудуд ўраб олингани ҳақида хабар берилганди.

5 июнь куни Ақтўбе шаҳрининг учта туманида отишма юз берди: номаълум шахслар «Паллада» ва "Пантера" номли иккита қурол дўкони ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Махсус операциялар чоғида 4 жиноятчи йўқ қилинди.

Уларнинг бир қисми ҳуқуқ-тартибот органлари қамалида қолди. Қолган жиноятчилар гаровга олинган автобусда шаҳар ташқарисидаги Махамбетовка посёлкасига йўл олди.

Айни вақтда ўлдирилган экстремистларнинг жами сони 9 нафар, қўлга олинганларнинг сони ҳам 9 нафар.

Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, 6 киши теракт (3 нафар ҳарбий ва 3 нафар тинч аҳоли вакили) қурбонига айланган.

Тўқнашувлар оқибатида бир неча ўн киши яраланиб, шифохонага ётқизилди. Шифохона вакили камида 20 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Қозоғистон ҳукумати бу ҳужумларни теракт сифатида баҳолади.

Шаҳарда террорчилик хавфининг «қизил даража»си эълон қилинган.

Шаҳарда жамоат транспорти қатнови ва кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди, аҳолига уйдан чиқмаслик тавсия этилди.

Ақтўбе (собиқ Актюбинск) Қозоғистоннинг ғарбий қисмида, Россия билан чегарадан 110 км ичкарида жойлашган.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru