Миср Сфинкси жумбоқлари » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
20-11-2015 | 14:52 ZAMIN.UZ / Дунё / 20 Ноябр 2015 года
504

Миср Сфинкси жумбоқлари

Сфинкс Хефрен эҳроми қурилиши чоғида барпо этилган, деб ҳисобланади. Бироқ Буюк эҳромлар қурилиши билан боғлиқ қадимий папирусларда у тилга олинмайди, деб ёзади «Интересно» нашри.

Foto: “Interesno”

Мисрга ташриф буюрган Геродот, Гекатий Милецкий, Страбон каби тарихчилар ҳам асарларида Сфинкс ҳақида ҳеч нарса ёзиб қолдирмаган.

Ушбу сирга римлик табиатшунос Плинийнинг «Табиий тарих» китобида аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, унинг даврида (милодий I аср) Сфинкс навбатдаги марта қумдан тозаланган. Ҳақиқатан ҳам Сфинкс ХХ асргача вақти-вақти билан қумдан тозалаб турилган. Қум чўлнинг ғарбий қисмидан учиб келиб, ҳайкални бошдан-оёқ қоплаб олган.

Foto: “Interesno”

Япониялик археологлар эса Сфинкс тошлари Хеопс эҳроми тошларидан анча қадимий эканини аниқлади. Бундан ташқари, ҳайкалда катта сув оқимлари туфайли пайдо бўлган эрозия аломатлари борлиги қайд этилди. Олимлар тахминига кўра, эрамиздан аввалги 8-мингйилликда ҳайкал сув тошқини остида қолган. Британиялик олимлар эса ушбу санани янада олдинроққа — эрамиздан аввалги 12-мингйилликка сурди.

Таъкидлаш жоиз, Сфинкс узоқ йиллар давомида асосан инсоният томонидан берилган зарбаларга «чидаши»га тўғри келди. Дастлаб, мамлюк (Миср султонлари шахсий гвардиясининг жангчиси)лар, сўнг Наполеон аскарлари мерганлик бўйича машқларни ҳайкалга қарата ўқ отиш орқали бажарган. Миср ҳукмдорларидан бири ҳайкалнинг бурнини уриб туширишни буюрган, инглизлар эса Сфинкснинг тош соқолини узиб олиб, Британия музейига олиб кетган.

Foto: “Interesno”

Мутахассислар фикрича, қадимий ёдгорликни реставрация қилиш учун юз миллионлаб доллар маблағ керак. Ҳозирча Миср ҳукумати ҳайкални кучи етганича қайта тиклаяпти.

Мисршуносларнинг кўпчилиги Сфинкснинг ташқи қиёфасида IV сулола фиръавни Хефрен акс эттирилган, деб ҳисоблайди. Шуниси қизиқки, Хефреннинг жасади топилмаган, шунинг учун Сфинкс ва фиръавнни қиёслашда ҳайкаллардан фойдаланилади.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru