18:18 / 25.04.2024
402

Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиё давлатларига сафари: Ғарб нимадан хавотирда?

Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиё давлатларига сафари: Ғарб нимадан хавотирда?
Жорий йилнинг 22 апрель кунидан бошлаб Буюк Британия собиқ бош вазири, ҳозирда ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритувчи Дэвид Кэмерон ўзининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарини бошлади. Британия Ташқи ишлар вазири дастлаб Тожикистон ҳамда Қирғизистон раҳбарлари билан учрашди. 23 апрель куни эса Тошкентга келди.

Тожикистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири билан давлат раҳбари эмас, балки Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов музокара олиб борди. Расмий маълумотларга кўра, учрашувда минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.

Британия ҳукумати юқори мартабали мулозимининг минтақага ташрифи Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва ўзининг учинчи йилига кириб бораётган бир вақтга тўғри келди. Бу кўплаб саволларни пайдо қилди.

“Дарё” ушбу мавзу доирасида сиёсатшунос Суҳроб Бўронов ва сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарова билан суҳбатлашди.

Суҳроб Бўронов Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг видео мурожаатига эътибор қаратиб, Британиянинг минтақадаги қизиқишларини тахмин қилди.

"Дэвид Кэмероннинг видеодаги фикрлари диққат билан кўрилса, Буюк Британиянинг Марказий Осиёдаги қизиқишларини қуйидагича таҳлил этиш мумкин:

Биринчидан, геосиёсий манфаатлар. Ушбу манфаатларни Кэмерон Марказий Осиёнинг Россия, Хитой, Афғонистон ва Эрон ўртасида жойлашгани ва минтақа давлатларининг маълум танлов олдида тургани билан изоҳлаяпти.

Иккинчидан, иқтисодий қизиқишлар. Юқоридаги видеода Кэмерон Тожикистондаги йирик лойиҳалардан бири Нурек гидроэлектр станция лойиҳаси билан танишмоқда. Демак, Буюк Британия Марказий Осиё давлатларидаги йирик лойиҳаларга сармоя киритишни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Учинчидан, миллий-минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ манфаатлар
", — дейди сиёсатшунос Суҳроб Бўронов.

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов
Фото: “Дарё”

Сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарова Буюк Британия ташқари ишлар вазирининг Марказий Осиёга келиши, минтақа учун ва жаҳон ҳамжамияти учун жиддий сигнал эканлигини таъкидлади.

Дэвид Кэмероннинг минтақага ташрифи Марказий Осиё учун ва жаҳон ҳамжамияти учун жиддий сигнал ҳисобланади. Сўнгги вақтларда Ғарб дунёси вакиллари ўзининг Марказий Осиёдаги сиёсатини фаоллаштирди. Масалан, буни йирик сиёсатчиларнинг минтақага ташрифи ва Марказий Осиё мамлакатларининг раҳбарларини хорижга ташрифлари мисолида кўриш мумкин. Хўш, нега бундай бўлмоқда? Чунки Евросиёда бир неча йиллардан бери давом этаётган геосиёсий инқироз (Россия ва Украина уруши) ҳали ҳам давом этмоқда.

Бундан ташқари, Британия ташқи ишлар вазирининг минтақага ташрифидан олдин Россия ва Украина урушига доир бир муҳим воқеалик юз берди. Бундан олдин мутахассислар АҚШ томонидан Украинага ёрдам кечиктирилишини башорат қилган эди. Аммо куни кеча Америка Конгресси Украинага йирик молиявий ёрдам беришни тасдиқлади. Бу Евросиёдаги геосиёсий хаус яна узоқ муддатга чўзилишидан дарак беради
— дейди сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарова.

У сўзида давом этиб, Ғарбнинг мақсади – Марказий Осиёда Россия ва Хитойнинг таъсирини тийиб туриш эканлигини таъкидлади.

Ғарб ўз стратегиясида ҳар доим Марказий Осиёни ўзининг иккита йирик рақиблари Хитой ва Россиядан муҳофазалашини яширмаган. Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг релизларидан ҳам бу нарса ўз тасдиғини топган эди. Кэмероннинг ўзи ҳам “Дунёдаги геосиёсий вазият таранг бўлган бир ҳолатда биз қўл қовуштириб, кабинетда ўтира олмаймиз ва манфаатларимизни ҳимоя қиламиз керак”, деб айтган эди.

Сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарова
Фото: “Дарё”

2023 йилнинг декабрь ойида Буюк Британия парламенти қуйи палатасининг халқаро муносабатлар қўмитаси томонидан Марказий Осиё мамлакатларига бағишланган жиддий маъруза тақдимоти бўлиб ўтади. Бу маърузадан кейин “геосиёсий кескинлик авж олган бир паллада Буюк Британия Марказий Осиё бўйича ўз стратегиясига эга бўлиши керак”, деган хулосага келинади. Бу жуда ҳам катта гап. Чунки мана шундан кейин Буюк Британия + C5 форматида учрашув ўтказилиши маълум қилинди. Лекин бу саммитнинг вақти аниқ эмас. Аммо бу Буюк Британиянинг минтақага эътибори кучайганидан далолат беради. Бу Марказий Осиё давлатлари учун ўзига хос имконият. Сабаби Дэвид Кэмерон шунчаки қуруқ қўл билан келгани йўқ. У йирик ташаббуслар билан, айниқса, минтақа мамлакатлари кутаётган ташаббуслар билан ҳам келди.

Ғарбнинг мақсади — Марказий Осиёда Россия ва Хитойнинг таъсирини тийиб туриш ҳисобланади. Уларнинг мақсади россиялик экспертлар айтганидек Марказий Осиё мамлакатларини Россиядан бутунлай узиш эмас, балки Хитой ва Россиянинг минтақада юқорилаб бораётган таъсирини тийиш. Бу муҳим нуқта!
, — деди Наргиза Умарова.

Маълумот ўрнида, 23 апрель куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмеронни қабул қилди. Шундан сўнг британиялик мулозим Ўзбекистонга бир кунлик сафарини якунлаб Қозоғистонга жўнаб кетди. 24 апрель куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиё давлатларига сафари: Ғарб нимадан хавотирда?