
Шавкат Мирзиёев 21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) норасмий саммитида нутқ сўзлади.
«Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда. Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Таъкидлаш лозимки, биз энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблаймиз», деб сўз бошлади Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Украинадаги можаронинг дипломатия йўли билан ҳал этилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
«Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз... Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчамизни чуқур ташвишга солмоқда. Токи «Икки халқ учун – икки давлат» тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас. Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олишимиз ва унга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради», деди Мирзиёев.
Шунингдек, президент кун тартибидан келиб чиқиб, ўз таклифларини билдирди.
«Ўтган йили «Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида»ги битимни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эдик. Бугунги кунда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги янада ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, мазкур битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қиламан.
Олдимизда аниқ вазифа турибди – яқин йилларда ўзаро савдо улушини кескин кўпайтириш лозим. Шу мақсадда «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурамиз.
Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақираман. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказишни режалаштирганмиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Туркий инвестиция жамғармасининг фаолияти сармоялар оқимининг фаоллашувига туртки бериши шубҳасиз. Биз инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу борада мамлакатларимизнинг инвестиция имкониятларини тўлиқ акс эттирган “Ягона инвестиция портали”ни жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Яна бир масала. Cаноат кооперацияси соҳасида амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш вақти келди. Бу борада кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида салмоқли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Халқаро иқлим форумида “яшил” тараққиёт соҳасидаги минтақавий ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим таклифлар билдирилди», деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан ташаббуси билан Будапештда ТДТ Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ўз ишини бошлаганини эътироф этди. Мазкур институт фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб этиш учун «Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф этди.
«Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, барчамизнинг фахр-ифтихоримиз бўлган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тараннум этиш биз учун шарафли ва масъулиятли вазифадир. Шу боис илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида «Туркий дунё хартияси»да «Илмдан ўзга нажот йўқ» деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйдик. Ушбу эзгу мақсад йўлида Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилмоқда. Мазкур ўқув даргоҳида туркий давлатларнинг етук профессор ва олимлари фаолият олиб бориши кўзда тутилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман», деди президент.
Шу билан бирга, Мирзиёев Туркий маданият ва мерос жамғармаси Кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ нуфузини янада ошириш учун унинг фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев нутқи якунида турк олими, биохимик, Нобель мукофоти совриндори, Азиз Санжар Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот билан тақдирланганини эълон қилди.
Шавкат МирзиёевТуркий давлатларБудапешт саммитиГеосиёсий зиддиятҲуқуқий асосИнновацион лойиҳаларИнвестиция порталиСаноат кооперациясиЯшил тараққиёт Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар