
Иқлимшунослар таҳлилига кўра, 25 майдан 2 июнга қадар мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати меъёрга нисбатан паст бўлади. Ғарбдан кириб келаётган совуқ антициклон Тибет тоғларида иссиқ оқим туриб қолиши туфайли ҳудудимизда бир муддат “қамалиб” қолади. Мазкур ҳолат бизга бир ҳафталик салқинликни таъминлайди, қишлоқ хўжалиги экинлари, наботот ва жонзотлар жазирамадан кейин “ўзига келиб олиши” мумкин бўлади, дейди иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
— Ўтган ҳафта ўрталарида баҳор жазирамаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларига қандай таъсир кўрсатди? Сизнингча, жорий ҳафта ўрталаридаги юқори иссиқлик тўлқинлари ҳам ўтган ҳафтадаги кабими?
— Йўқ, ҳозир биз айни май ойи учун хос иссиқлик тўлқини қаршисидамиз. Унинг тафти ўтган ҳафтадаги каби ҳафсалани пир қилувчи иссиқ бўлмайди. Тунги ва тонгги салқинликлар ҳам ўтган ҳафтадаги иссиқлик ва ҳозиргиси ўртасидаги фарқни бизга яққол кўрсатади. Дарҳақиқат, ўтган ҳафта Ўзбекистонга термик депрессиянинг кириб келиши «Ўзгидромет»нинг деярли барча станцияларида шу кун учун хос иссиқлик рекордларини тақдим этди. Олдинроқ, прогноз қилганимиздек, жорий термик депрессия жараёни Қизилқум чўлларида +45 даражали иссиқликни улашди. Навоийнинг «Бузаубай» кузатув пунктида ҳаво ҳарорати максимуми аномал иссиқлик даврида +44,5 даража, «Томди» кузатув пунктида эса қарийб +44 даражага етди.
Шу билан бирга 16 май куни пойтахт таянч метеорологик станцияси «Тошкент-Обсерватория»сида ҳам кун қизиган пайтда ҳарорат +39,5 даражага етди. Бу шу кун учун 170 йилликдаги энг иссиқ ҳарорат бўлиб, Тошкентда кузатувлар бошланган 1868 йилдан буён май ойида кузатилган энг иссиқ иккинчи қийматдир. 1902 йил май сўнгида пойтахтда термометр устунчалари +39,9 даражага етган ва ўша қиймат ҳозиргача май ойлари учун энг юқори қиймат бўлиб турибди. Ўтган ҳафта иссиқлиги қишлоқ хўжалиги унувига бироз таъсир этди. Ўсимлик физиологиясига стресс улашди. Иссиқлик ортидан кузатилган қуруқ шамол эса ўсимликлар танасидаги намликни «сўриб» олди.
— Волгабўйи ҳудудларидан совуқ антициклон кириб келади деяпсиз, унинг бизнинг қишлоқ хўжалигига қандай таъсири бор, умуман июн ойида бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?
— Апрел сўнгги кунларидан майнинг сўнгги кунларига қадар бизнинг қишлоқ хўжалиги майдонлари жуда ҳам юқори ҳарорат фони қаршисида бўлди. Нафақат юқори ҳарорат, балки шу бир ойликда ҳудудларда фавқулодда ёғин тақчиллиги ҳам кузатилди. Энди эса майнинг сўнгги кунлари ва июн бошларида республика аҳолиси сезиларли салқин об-ҳаво муҳитини ўз таналарида ҳис қиладилар. Июн ойи бошлари салқин бўлиши барибир бутун ой ҳароратининг меъёр ва меъёрдан бироз юқори бўлишини таъминлайди.
Афсуски, июнда ҳам ёғингарчилик билан боғлиқ вазият ижобий эмас. Бу тоғларда кучли сезилади. Келаётган ой республиканинг шимолий ҳудуд аҳолиси ўтган йилларга қараганда сезиларли салқин июн ойини ҳис этадилар. Бу водий ва жанубий вилоятлар учун тегишли эмас. Ойнинг иккинчи ярмидан минтақага навбатдаги аномал иссиқлик тўлқинлари кириб келиш эҳтимоли юқори.
Суҳбатни Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов олиб борди.
ИқлимшуносликТемпература ПастлигиСовуқ АнтициклонҚишлоқ ХўжалигиИссиқлик ТўлқинлариСалқин Об-ҲавоТермик ДепрессияЁғин ТақчиллигиОқим Туриб Қолиши Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар