
Москва шаҳар Думаси депутатлари ялпи мажлисда хорижий фуқаролар учун ойлик патент нархини 8,9 минг рублдан 10 минг рублга ошириш таклифини қўллаб-қувватладилар. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.
Мазкур қарор ҳар йили қайта кўриб чиқиладиган минтақавий коэффициент билан боғлиқ бўлиб, у пойтахтдаги ўртача иш ҳақи ўзгаришини акс эттиради. Москва иқтисодий сиёсати департаменти раҳбари ўринбосари Дарья Мурченконинг сўзларига кўра, янги тўлов даражасига эришиш учун 2,9323 минтақавий коэффициентни белгилаш зарур.
Унинг таъкидлашича, патент нархининг ошиши мигрантлар ва россиялик ишчилар учун солиқ юкламасини мувозанатлаштириш имконини беради. Патент нархи базавий миқдор, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган федерал дефлятор коэффициенти ва Москва ҳукумати томонидан ҳар йили белгиланган минтақавий коэффициент асосида ҳисоблаб чиқилади.
Ҳисоб-китобда хорижий ишчилар улуши юқори бўлган тармоқлардаги ўртача иш ҳақи, Москва Миграция марказида патент олиш харажатлари ҳамда 2025-йилнинг 1-январидан кучга кирадиган ҳужжатни расмийлаштириш учун давлат божи инобатга олинган. Мурченконинг сўзларига кўра, янги нарх "Москва вилояти даражасига мос келади" ҳамда оптимал ва мувозанатли ҳисобланади.
Мигрантлар учун патент нархи оширилди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар