Гвардиола кетиши ҳақида лигадаги ишонч мавсумдан кейин кучаймоқда

Англия футболида сўнгги кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири — Хосеп Гвардиоланинг келажаги. Ҳолбуки, мутахассиснинг "Манчестер Сити" билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Аммо The Times ёзишича, Премьер-лигадаги бир қатор ҳамкасб мураббийларда “жорий мавсум Гвардиола учун клубдаги сўнгги йил бўлиши мумкин” деган қараш тобора кучайиб бораётган экан.
Манбада келтирилишича, Англия чемпионатидаги топ-клублардан бирини бошқараётган мураббий ўтган ҳафта ўз раҳбариятига бу фикрни очиқ айтган: унинг ишончига кўра, испаниялик мутахассис мавсум тугагач “шаҳарликлар” билан хайрлашиши эҳтимоли бор.
Албатта, бу ҳозирча расмий тасдиқ эмас. Лекин футбол оламида баъзан расмий баёнотлардан ҳам тезроқ юрадиган нарса бор — “ичкаридан чиққан гап”. Шунинг учун мухлислар орасида ҳам саволлар кўпайди: агар ҳақиқатан ўзгариш бўлса, “Сити”ни кейин ким бошқаради, жамоанинг услуби қай тарафга бурилади?
Гвардиоланинг “Сити”даги йўли ўз-ўзидан тарих: у 2016 йил ёзидан буён жамоа бош мураббийи ҳисобланади. Унинг қўл остида клуб олти марта Англия чемпионлигини, икки марта Англия Кубогини, тўрт марта Англия Лига Кубогини қўлга киритди. 2023 йилда эса жамоа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиб, энг катта орзулардан бирига ҳам етиб борган эди.
Шу боис, агар мавсумдан кейин ростдан ҳам хайрлашув бўлса, бу оддий алмашинув эмас — бутун бир даврнинг ёпилиши бўлади. Мухлислар учун эса энг муҳими битта: қандай қарор бўлишидан қатъи назар, жамоа барқарорликни йўқотиб қўймасин. Чунки катта клубда энг қийини — кубок олиш эмас, юқори даражани ҳар мавсум ушлаб туриш.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!