date

Кувайтда ўзбек маҳсулотлари учун янги дўкон очилади

Кувайтда ўзбек маҳсулотлари учун янги дўкон очилади

Uzbek Food Festival доирасида Ўзбекистон ва Кувайтнинг Uvaro компанияси ўртасида муҳим келишувга эришилди. Унга кўра, Кувайт ҳудудида айнан ўзбек маҳсулотларига ихтисослашган алоҳида савдо дўкони очиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистондан 20 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва экспортчи компаниялар иштирок этди. Улар фестиваль меҳмонларига қуритилган мевалар, сабзавотлар, турли қандолат маҳсулотлари ҳамда миллий зираворларни тақдим этди. Ўзбек маҳсулотларининг табиийлиги, таъми ва сифат кўрсаткичлари Кувайт бозори вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль давомида Sultan Center гипермаркети орқали ўзбек маҳсулотларини Кувайтга етказиб бериш бўйича дастлабки чакана буюртмалар қабул қилинди. Шунингдек, Sultan Center ва Majdi Food компаниялари раҳбарияти билан Ўзбекистон маҳсулотларини Кувайт бозорига тизимли равишда олиб чиқиш, логистика ва сотув ҳажмларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти сўнгги йилларда жадал суръатларда ўсмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг январь–октябрь ойларида мамлакат 1,8 миллион тонна мева ва сабзавот маҳсулотларини 1,7 миллиард доллар қийматида хорижий бозорларга етказиб берган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 40 фоизга юқори.

Мутахассислар фикрича, Кувайтда ўзбек маҳсулотларига ихтисослашган дўкон очилиши Яқин Шарқ бозорида Ўзбекистон брендини янада мустаҳкамлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Кувайтда ўзбек маҳсулотлари учун янги дўкон очилади