07:30 / 06.05.2020
3 532

New York Times «Путин режимини фош қилгани учун» Пулитцер мукофоти билан тақдирланди

New York Times «Путин режимини фош қилгани учун» Пулитцер мукофоти билан тақдирланди
Фото: Getty Images
ВВС’нинг ёзишича, New York Times халқаро воқеаларни ёритиш йўналишида «Путиннинг агрессив режимини фош қилгани учун» мукофотланган.

Мукофот расмий сайтида ҳам АҚШнинг энг машҳур нашри нега тақдирлангани аниқ қилиб ёзилган: «Путин режимини фош қилувчи мақолалар тўпламини дадиллик билан эълон қилгани учун».

Бу тўпламдан саккизта мақола ва видео ўрин олган. Улар орасида гўёки Москва томонидан буюртма қилинган украиналик мансабдор Ровнога уюштирилган қотиллик, тадбиркор Емельян Гебревнинг Болгарияда заҳарланиши, Россиянинг Ливиядаги манфаатлари, Суриядаги касалхоналарнинг портлатилиши каби мавзулардаги мақолалар бор.

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси фейсбукдаги саҳифасида маълум қилишича, Москва бу мақолалар тўпламидан «русофобик уйдирмалар тўқиб чиқаришда қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин.

Маълумот учун, Пулитцер мукофоти АҚШдаги газета, журнал ва сайтларда эълон қилинган мақолалар учун берилади. Журналистикадан бошқа соҳаларда ҳам Пулитцер мукофоти берилади. Масалан, бадиий адабиёт, АҚШ тарихи, автобиография ва мемуарлар, поэзия, мусиқа ва драматургия йўналишларида. Одатда бу мукофот ҳар йили 25 январда ўз эгаларига топшириларди, аммо бу йил коронавирус сабаб маросим ўтказиш имкони бўлмади.

New York Times Пулитцер мукофотини ҳар йили турли йўналишлар бўйича қўлга киритиши одатга айланган. АҚШнинг энг обрўли нашри бу йил ҳам қатор йўналишларда ғолиб бўлди. Масалан, газетада эълон қилинган Нью-Йорк таксичиларига бериладиган кредит шартларининг «ваҳшийларча тузилгани» ҳақидаги мақола журналистик суриштирув жанрида ғолиб бўлди.

Публицистика йўналишида ҳам New York Times журналисти Никол Ханна-Жонс ғолиб бўлди. У Шимолий Америкадаги қулликнинг 400 йиллигига бағишлаб чиқарилган бутун бошли махсус сонга раҳбарлик қилган. Лойиҳа номи 1619 (яъни Шимолий Америкада қуллик бошланган 1619 йил деган маънода) бўлган.

Бу New York Times Россия ҳақидаги материаллари учун биринчи марта мукофотланиши эмас. Газета 2017 йилда Россиянинг АҚШ президентлик сайловларига аралашгани мавзусидаги мақолалар тўплами учун Пулицер мукофотига сазовор бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » New York Times «Путин режимини фош қилгани учун» Пулитцер мукофоти билан тақдирланди