Ҳиндистонда шифокорлар ҳайратланарли ҳолатга дуч келишди — 7 ёшли боланинг оғзидан 526 та ортиқча тиш олиб ташланди.
Бола сўнгги ойларда пастки жағида кучли оғриқлардан шикоят қилиб келган. Унга қилинган рентген ва компьютер томографияси оғиз бўшлиғида кўп сонли майда тишлар билан ажралиб турадиган шиш мавжудлигини кўрсатди.
Мутахассислар бу ҳолатни кечиктирмасдан жарроҳлик йўли билан бартараф этиш зарурлигини маълум қилишди. Бир неча соат давом этган мураккаб операция орқали барча ортиқча тишлар муваффақиятли олиб ташланди. Шифокорлар боланинг аҳволи ҳозирда қониқарли эканини қайд этди.
Мутациянинг асл сабаблари ҳануз аниқ эмас. Табиблар бу ҳолат маълум бир ирсий касаллик оқибати бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда сўнгги марта бундай ҳолат 2014 йилда кузатилган. Ўшанда беморнинг 232 та ортиқча тиши жарроҳлик йўли билан олиб ташланган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!