date

70 ёшдан ошган ҳайдовчиларга янги чекловлар

70 ёшдан ошган ҳайдовчиларга янги чекловлар

  Буюк Британияда ҳайдовчилик қоидалари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига жиддий ўзгаришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Янги талабларга кўра, 70 ёшдан ошган ҳайдовчилар учун қатор қўшимча чекловлар белгиланади. Жумладан, улар ҳар уч йилда бир марта кўриш қобилиятини мажбурий равишда текширишдан ўтиши шарт қилинади. Агар текширув натижаси қониқарсиз деб топилса, бундай ҳайдовчиларга яна автомобил бошқаришга рухсат этилмайди. Бу ҳақда Telegraph нашри орқали маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид ушбу янги стратегия нафақат кўриш қобилияти билан боғлиқ чекловларни, балки бир қатор бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рулга ўтириш меъёри анча пасайтирилиши, хавфсизлик камари тақмаган йўловчи бўлган ҳайдовчиларга эса тўғридан-тўғри жарима баллари қўлланиши кўзда тутилмоқда. Ушбу қонунчилик янгиликлари шу йил кузида амалга татбиқ этилиши кутилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай чоралар асосан кўриш қобилияти сусайган ҳайдовчилар сабаб содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини камайтириш мақсадида киритилмоқда. Шу билан бирга, янги тизим доирасида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилган:

— Спиртли ичимлик ичган ҳолда рулга ўтириш меъёри Шотландиядаги даражагача пасайтирилади, яъни 35 микрограммдан 22 микрограммгача қисқартирилади.
— Автомобилда хавфсизлик камари тақмаган йўловчи бўлса, ҳайдовчига жарима баллари берилади.
— Деменция каби оғир касалликларни аниқлаш учун қўшимча тиббий кўриклар жорий этилади.

Шунингдек, суғуртасиз машина ҳайдаган ҳайдовчилар учун янада қаттиқроқ жазолар белгиланиши, шунингдек, кузатув камералари томонидан танилмайдиган давлат рақамлари муаммоси ҳам ҳал қилиниши кўриб чиқилмоқда.

Транспорт вазирлиги таъкидлашича, бу режалар мамлакат йўлларида содир бўлаётган ҳалокатлар ва ўлимлар сони ортиб бораётгани шароитида ишлаб чиқилган. Янги қоидаларнинг асосий мақсади — йўлларда хавфсизликни таъминлаш, қонунбузарликларга нисбатан қатъий чора кўриш ва ҳаракат тартибини мустаҳкамлашдан иборат.

Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда бу чекловлар нафақат йирик шаҳарларда, балки бутун мамлакат бўйлаб йўл ҳаракати маданиятини янада юқори босқичга олиб чиқиши мумкин

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 70 ёшдан ошган ҳайдовчиларга янги чекловлар