01:54 / 16.08.2021
3 625

NYT ва Al Jazeera Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга йўл олгани ҳақида хабар берди

NYT ва Al Jazeera Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга йўл олгани ҳақида хабар берди
Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этмоқда, 2021 йил 15 август.
Фото: «YJC.news»

«Толибон» ҳаракати Кобулдаги президент саройини эгаллади ва шу ердан Афғонистон ислом амирлиги ташкил этилганини эълон қилмоқчи, дея хабар бермоқда Associated Press ва Press Association агентликлари. Al Jazeera телеканали саройдан тўғридан-тўғри видеотрансляцияни йўлга қўйган, деб ёзади Дарё «Gazeta.uz»га таяниб.

Толиблар 15 август куни тонгда Кобул томон юриш бошлаган эди, оқшом арафасида эса шаҳар амалда жангсиз қўлга киритилди. «Толибон» ҳафта давомида мамлакатнинг бошқа — Қандаҳор, Ҳирот, Мозори Шариф ва Жалолобод каби йирик шаҳарларини эгаллаган эди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдан учиб кетган. TOLOnews афғон телеканалининг хабар беришича, президентнинг яқин ёрдамчилари у билан бирга.

Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла «Толибон»ни унинг қўшинлари Кобулга киргунига қадар музокаралар ўтказиш учун вақт беришга чақирди. У Facebook орқали қилган видеомурожаатида Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганини тасдиқлади ва уни «собиқ президент» деб атади.

Афғонистон мудофаа вазири Бисмиллоҳ Муҳаммадий Twitter’да шундай ёзув қолдирди: «Бизнинг қўлларимизни боғлаб қўйиб, ўзлари ватанни сотишди, Ғани ва унинг тўдасига ланъат бўлсин!».

Тожикистоннинг «Азия-Плюс» агентлиги Ашраф Ғани Тожикистонга учиб кетгани, у ердан номи маълум қилинмаган учинчи мамлакатга йўл олиши ҳақида хабар берди. Кабул News хабарига кўра, Ғани дастлаб Тожикистонга, сўнг у ердан Уммонга учиб кетган. Аммо юқори мартабали уммонлик манба Ғанининг Уммонга етиб боргани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Айни вақтда, The New York Times ахборотига кўра, Ғани рафиқаси ва икки ёрдамчиси билан бирга Ўзбекистонга йўл олган. Ушбу ахборотни Ғанининг шахсий қўриқчиси Al Jazeera телеканалига ҳам тасдиқлаган. Ўз навбатида, «Интерфакс» манбасининг маълум қилишича, Тошкентга Ашраф Ғани бўлган самолётни қабул қилиш ҳақида сўров келиб тушмаган. «У Ўзбекистонда эмас», — дея маълум қилган агентлик манбаси.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ваколатли органларидан, жумладан, ТИВдан шошилинч изоҳ олиш имкони бўлмади.
Ашраф Ғанининг ўзи Facebook’да қолдирган изоҳида қон тўкилишига йўл қўймаслик мақсадида Кобулни тарк этганини маълум қилган.

«‘Толибон’ мени ҳайдаб солиш учун бутун Кобул ва унинг аҳолиси устига қонли юриш қилишга тайёр эканини очиқ билдирди. Қон тўкилишига йўл қўймаслик учун мен кетишга қарор қилдим», — деб ёзган у.

Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай мамлакатда «тартибсизликларнинг олдини олиш» учун мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини эълон қилди. Унга Карзайнинг ўзи, Ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва Афғонистон ислом партияси етакчиси, мамлакат собиқ бош вазири Гулбиддин Ҳикматёр кирган.

Аввалроқ Reuters агентлиги толибларга таяниб, «Толибон»да ўтиш ҳукуматини шакллантириш нияти йўқлиги ва унга расмий ҳокимият тўғридан-тўғри топширилиши учун ҳаракат қилиши ҳақида хабар берган эди. Толиблар вакили Алҳанафи Вардак Афғонистон муваққат ҳукумати масаласида музокара олиб борилмаётганини тасдиқлади.

Толиблар Кобулда хавфсизлик таъминлашга ваъда берган ва аҳолини «хавотирга тушмаслик»ка чақирган.

«Шаҳардаги вазият тез орада барқарорлашади ва шаҳар аҳолиси тўлиқ қониқиш билан одатий ҳаёт тарзига қайтади», — дея толиблар вакилидан иқтибос келтирмоқда «Интерфакс». «Толибон» вакилининг таъкидлашича, фуқаролар ҳаёти ва мулкига хавф йўқ, шаҳар аҳолиси «зарурат туғилганида ёрдам сўраб мужоҳидларга мурожаат қилиши мумкин». «Ҳеч ким хавотирга тушмаслиги керак», — деди толиблар вакили.

Айни вақтда CNN мухбири Кларисса Вард Кобулда ҳукмронлик қилаётган «қўрқув ва ваҳима ҳисси» ҳақида ҳикоя қилган. Унинг сўзларига кўра, аксарият аҳоли «Толибон»нинг уйдан чиқмаслик ҳақидаги чақирувига қулоқ солган, аммо президентнинг мамлакатдан қочиб кетгани маълум бўлгач, одамлар воқеаларнинг ёмон ривожига тайёргарлик кўра бошлаган. Журналистнинг қўшимча қилишича, «Толибон» асосий вазирликлар устидан назорат ўрнатганини эълон қилган.

Associated Press агентлиги АҚШ ҳарбийларининг вакилига асосланиб хабар беришича, Кобул халқаро аэропорти тижорий авиарейсларни қабул қилишни тўхтатган. Айни вақтда одамларни Америка ҳарбийлари кучи билан Кобулдан эвакуация қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Ғарб мамлакатларининг дипломатлари ўз қароргоҳларини тарк этиб, Кобул аэропортига етиб келган. Дипломатик миссияларининг ходимлари аэропортга юборилгани ҳақида, жумладан, АҚШ, Германия ва Франция маълум қилган. Ушбу мамлакат фуқаролари Афғонистондан олиб чиқиб кетилмоқда.

АҚШ элчихонаси вакилларининг Reuters’га маълум қилишича, дипломатлар, афғонистонлик расмийлар ва бошқа афғонлар тўпланган пойтахт аэропорти ўққа тутилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 15 август куни мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги ўз ишини давом эттираётгани, уларнинг ходимлари эвакуация қилинмаганини билдирганди. Куни кеча афғон ҳарбийлари билан тўла бўлган «Термиз—Ҳайратон» кўпригидаги вазият барқарорлашган: афғонистонликларнинг асосий қисми кўприк ва унга ёндош ҳудудни тарк этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » NYT ва Al Jazeera Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга йўл олгани ҳақида хабар берди