
АҚШ Сенатида Доналд Трампнинг янги солиқ ва давлат харажатларини қисқартиришга оид қонун лойиҳаси катта тортишувлар ва сенсацияли овоз бериш билан маъқулланди. Бир кундан ортиқ давом этган муҳокамалар, кескин сиёсий баҳслар ва ҳар бир овоз учун кураш бу қарорнинг қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Сенатда республикачилар кўпчилик бўлишига қарамай, овозлар 50 га 50 бўлиб, ҳал қилувчи сўзни вице-президент Жей Ди Вэнс айтди. Трамп таклиф қилган "катта ва ажойиб қонун" айнан унинг овози билан тасдиқланди. Сенатдаги уч нафар республикачи сенатор — Том Тиллис, Сюзан Коллинз ва Рэнд Пол — демократлар билан бирга қонунга қарши чиқди. Улар асосий эътирозларини ижтимоий дастурлар ва тиббиёт харажатларининг қисқариши билан боғлашди.
Қонун лойиҳасига қатор тузатишлар киритилди ва ҳозир у АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан яна бир бор кўриб чиқилади. Reuters’нинг ёзишича, навбатдаги муҳокама ва овоз бериш 2 июлга белгиланган. Доналд Трамп ушбу қарорни "Вау!" деб баҳолади ва у Флоридадаги "аллигаторли Алкатрас" деб номланган депортация марказида бўлган пайтда ўз фикрини билдирди.
Трампнинг лойиҳаси республикачилар даврида жорий этилган солиқ имтиёзларини узайтириш, мудофаа ва миграция тизимини кучайтириш, жумладан, "Олтин гумбаз" ракетадан мудофаа тизими учун маблағ ажратишни назарда тутади. Ушбу ўзгаришлар ортидан, бир вақтнинг ўзида озиқ-овқат дастурлари, иқлимни муҳофаза қилиш ва камбағаллар, ногиронлар ҳамда кам таъминланган оилаларга ёрдам берадиган Medicaid дастури сарф-харажатлари кескин қисқариши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Конгресс маълумотларига кўра, келаси ўн йил ичида 12 миллионга яқин америкалик ижтимоий ва тиббий ёрдамдан маҳрум бўлиши эҳтимоли бор. Бу эса, Америкадаги кўплаб оилалар ва эҳтиёжмандлар ҳаётига катта таъсир қилиши мумкин.
Айни вақтда, Сенат қарори ва Трампнинг ислоҳотлар пакети жамиятда қизғин баҳсларга, сиёсий зиддиятларга ҳамда иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий тенглик мавзуларида янги саволлар пайдо бўлишига олиб келди. АҚШда солиқ ва ижтимоий сиёсат масаласи яна бир бор энг долзарб мавзулардан бирига айланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар