date

Сунъий интеллект таржимада ноқулай вазиятга олиб келди

Сунъий интеллект таржимада ноқулай вазиятга олиб келди

Сўнгги йилларда сунъий интеллект технологиялари ҳаётимизнинг турли соҳаларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Бу технология кўпгина такрорланадиган вазифаларни бир неча баробар тез бажариш имконини бермоқда ва, табиийки, кўпчилик учун жуда ҳам қулай воситага айланди. Шу билан бирга, унинг афзалликлари қаторида айрим камчиликлар ҳам мавжуд.

Масалан, биз ҳам ўз тажрибамизда кундалик жараёнларни енгиллаштириш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Хусусан, ўзбек тилида тайёрланган хабарларни автоматик равишда рус тилига таржима қилиш жараёнида СИдан ёрдам олиш йўлини қўллаб кўрдик. Аммо кеча, 12 сентябрь куни эълон қилинган "Ўзбекистонликлар Россияга энди “загран” паспортсиз бора олади" сарлавҳали мақолада нохуш ҳолат юз берди.

Аслида тўғри бўлиши керак бўлган ибора сунъий интеллект томонидан "Узбеки теперь могут ездить в Россию без «мусорного» паспорта" деб хато таржима қилинди ва шундай кўринишда нашр этилди. Бу орқали сўз маъносининг бутунлай ўзгариб кетиши нафақат ноқулай вазиятни юзага келтирди, балки ўқувчиларда ҳам ҳайрат уйғотди.

Шукрки, хатолик 13 сентябрь куни эрталаб аниқланди ва тезкор равишда тузатилди. Бироқ бу ҳолатдан хулоса чиқариш муҳим: сунъий интеллект ёрдамчи восита бўлиши мумкин, аммо унга тўлиқ ишониб қолиш нотўғри.

Биз юртдошларимизга ҳам шуни уқтирмоқчимиз – сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида эҳтиёткорликни йўқотмаслик зарур. Чунки бизнинг ҳолатимиздаги каби хатоликлар ҳар қандай вақтда такрорланиши мумкин. Демак, СИ имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, унинг натижаларини ҳам инсон назоратидан ўтказиш шарт.

Шу орқали хулоса қилиш мумкинки, технология қанчалик ривожланган бўлмасин, унинг ортида инсон омили туриши ва масъулиятли ёндашув асосий аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Сунъий интеллект таржимада ноқулай вазиятга олиб келди