Қатъий парҳезсиз: қандай қилиб вазн йўқотиш усули маълум қилинди

Бристоль университети олимлари ортиқча вазндан халос бўлишни истаганлар учун кутилмаган ва жуда оддий ечимни таклиф қилишди. Янги тадқиқот натижаларига кўра, инсон ўз рационидан ультра-қайта ишланган маҳсулотларни чиқариб ташласа, қатъий парҳезларсиз ва порцияларни чекламасдан ҳам калория истеъмолини камайтириши мумкин. Ушбу илмий иш хулосалари нуфузли The American Journal of Clinical Nutrition журналида эълон қилинди.
Ультра-қайта ишланган ва табиий маҳсулотлар фарқи
Тадқиқотчилар АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтлари (NIH) томонидан ўтказилган тажрибаларни синчиклаб ўрганиб чиқишди. Тажриба иштирокчилари икки гуруҳга бўлиниб, бири фақат табиий, иккинчиси эса заводда қайта ишланган маҳсулотлар билан озиқланди.
Табиий маҳсулотлар: Янги мева ва сабзавотлар, дуккаклилар, тухум, балиқ, гўшт ва бутун донли маҳсулотлар.
Ультра-қайта ишланганлар: Фастфуд, ширин ичимликлар, чипслар, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар, турли ароматизатор ва эмульгаторлар қўшилган пишириқлар.
Катта порция — кам калория: Синов натижалари
Тажрибанинг энг қизиқарли жиҳати шундаки, иштирокчиларга ўз иштаҳаларига қараб, хоҳлаганча ейишга рухсат берилди. Олимлар ҳар бир порциянинг вазнини ва калориясини миллиграммгача ўлчаб боришди.
Натижалар ҳайратланарли: табиий овқатланган гуруҳ вазни жиҳатидан анча катта порцияларни истеъмол қилганига қарамай, уларнинг кунлик энергия истеъмоли қайта ишланган маҳсулот еганларга қараганда ўртача 300 килокалорияга кам бўлди. Истеъмол қилинган озиқ-овқатнинг умумий оғирлиги мева ва сабзавотлар ҳисобига 50 фоизга ошган, лекин тана камроқ калория қабул қилган.
Энергия зичлиги ва тўқлик ҳисси
Муаллифлар бу ҳодисани «энергия зичлиги» тушунчаси билан изоҳлашади. Мева ва сабзавотлар таркибида сув ва клетчатка (белок) кўп, лекин калория кам. Бу эса ошқозоннинг тезроқ тўлишига ва мияга «тўқлик» сигнали эртароқ етиб боришига ёрдам беради.
Аксинча, фастфуд ва ширинликлар кичик ҳажмда бўлса-да, жуда юқори калорияга эга. Бундан ташқари, бундай маҳсулотлардаги ёғ ва углеводлар нисбати инсонда овқатланишдан олинадиган лаззатни сунъий равишда оширади ва ортиқча еб юборишни рағбатлантиради.
Хулоса шуки, озиш учун кам ейиш эмас, балки тўғри маҳсулотларни танлаш муҳимроқ. Шунда сиз нафақат тўқ юрасиз, балки сезилмайдиган тарзда вазн ташлайсиз.
Сизнингча, кундалик рационингизда қайси маҳсулотлар кўпроқ — табиий мева-сабзавотларми ёки тайёр газаклар?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!