
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги муаммолар кескин танқид қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, 25 мингдан ортиқ стандарт ҳамда 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига жавоб бермайди. Шу билан бирга, 13 мингга яқин маҳсулот туридан қарийб ярми – 6,5 минги мажбурий сертификатланиши маҳсулот таннархини ошириб, тадбиркорларга қўшимча юк бўлмоқда.
"Вазирлар, ҳокимлар қачон тадбиркорларнинг дардини эшитиб, қайси стандартларни ўзгартириш ёки бекор қилишни, қайси маҳсулотларни сертификат талабидан чиқаришни ўйлаб кўрди? Афсуски, ҳеч қачон!" – дея қаттиқ танқид қилди президент.
Хусусан, сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳам санитар-эпидемиологик хулосалар тизимидан шикоят қилмоқда. Масалан, йилига 100 миллион долларлик болалар озуқаси импорт қилинаётган бўлса-да, замонавий завод қурган тадбиркор санитар хулоса йўқлиги сабаб ишни бошлай олмаяпти.
Президент шу каби ҳолатларда Санэпидқўм тизимининг ўз ташаббуси билан стандартлар ишлаб чиқиши лозимлигини айтди. Шу билан бирга, битта маҳсулотнинг ҳар хил қадоқланиши учун алоҳида текширув талаб қилиш каби бюрократияни бекор қилишни талаб қилди.
Лаборатория тизимининг заифлиги ҳам алоҳида танқид қилинди. Масалан, минерал сувни сертификатлаш учун тадбиркорлар икки хил лабораторияга боришга мажбур. Бу эса вақт ва маблағни бефойда сарф қилиш демакдир. Президент текширувларни битта жойда жамлашни топширди.
Шунингдек, президент тиббий ускуналарни рўйхатдан ўтказиш жараёнидаги бюрократияни кескин танқид қилди. "Оддий термометрдан тортиб, МРТ қурилмасигача 4-5 ой рўйхатдан ўтказилиши керакми? Бу нотўғри ёндашув", – деди давлат раҳбари.
Президент тизимни такомиллаштириш бўйича бир нечта муҳим чораларни белгиланганини эълон қилди:
- Озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш Санэпидқўм тизимига топширилади;
- Озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;
- Асосий маҳсулотлар санитария қоидалари халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади;
- Хавфи юқори бўлган 7 та товар гуруҳини давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади;
- Мажбурий сертификатлаш рўйхати кескин қисқартирилади, декларациялаш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, президент экспортга чекловларни ҳам бекор қилишни маълум қилди. Фақат ижтимоий аҳамиятли 86 товар гуруҳига экспорт божлари жорий этилади. Бу орқали тадбиркорларга ташқи бозорга чиқиш ва рақобат қилиш имкониятлари яратилади.
"Биз тадбиркорларга йўл очишимиз, ишлаб чиқаришни оширишимиз, қиммат бозорларга чиқиш имконини беришимиз зарур. Шунда тадбиркорда иштиёқ ҳам, манфаат ҳам бўлади", – деди президент. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар