
Тошкент шаҳрида миллий ҳунармандчилик ва аёллар ижодини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди. Кеча пойтахтнинг «Сузук ота» маҳалласида Мадина Қосимбоеванинг каштачилик мактаб-устахонаси расман очилди, деб хабар берди Саида Мирзиёева.
Янги марказ бир вақтнинг ўзида ўқув майдони, амалий устахона ва кўргазма галереясини ўз ичига олган ижодий макон сифатида фаолият юритади. Унинг асосий мақсади — юртимизнинг қадимий каштачилик анъаналарини сақлаб қолиш, ёш қизларга миллий ҳунарни ўргатиш ва уларга ижодий муҳитда ўз йўлини топиш имконини яратишдир.
Маълум қилинишича, бу мактаб учун ер участкаси Президентнинг шахсий ташаббуси ва топшириғи билан ажратилган. Лойиҳа аёлларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишга рағбатлантириш ҳамда миллий санъатни янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мазкур ташаббус ҳақида фикр билдирди. У Мадина Қосимбоеванинг меҳнати ва садоқатини алоҳида эътироф этди:
«Ўз истеъдоди, меҳри ва санъатга садоқати туфайли Мадина Қосимбоева Тошкент сўзанадўзлик мактабига янги руҳ, янги нафас бахш этди. Унинг меҳнати билан миллий анъаналаримиз янада равнақ топмоқда», — деб ёзди Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, бундай ижодий устахоналар нафақат ҳунармандчиликни сақлаб қолади, балки ёш авлодда миллий ғурур ва меҳнатга муҳаббат туйғусини кучайтиради.
Тантанали очилиш маросимида маҳаллий усталар, ёш ижодкор қизлар ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди. Улар янги марказни миллий мерос ва замонавий илҳом уйғунлашган макон сифатида баҳолашди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!