
Суперлиганинг 26-тури доирасида бугун Олмалиқ шаҳрида қизиқарли учрашув бўлиб ўтади — Миржалол Қосимов бошқарувидаги ОКМК ўз майдонида Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги «Насаф»ни қабул қилади.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси маълумотларига кўра, олмалиқликлар қаршиликларга қарши сўнгги беш йил ичида бирор марта ҳам ғалаба қозона олишмаган. ОКМКнинг «Насаф» устидан сўнгги зафари 2020 йилда қайд этилган — ўшанда жамоа ўз майдонида рақибни мағлуб этган эди.
Шундан кейинги 10 ўйинда Қарши клуби устунликни қўлда ушлаб келмоқда: улар беш бор ғалаба қозонишган, яна беш беллашув дуранг билан якунланган.

Ҳар икки жамоа учун бугунги учрашув жуда муҳим. ОКМК бу сафар ниҳоят «Насаф»нинг ғалабали сериясини тўхтатишни, меҳмонлар эса пешқадамлик учун очко йўқотмасликни мақсад қилган.
Таҳлилчилар фикрича, бу ўйин нафақат очколар учун, балки шараф ва тарих учун ҳам бўлади. Чунки «Насаф» охирги мавсумларда ОКМК учун энг ноқулай рақиблардан бирига айланган.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК — «Насаф» баҳси бугун соат 16:30 да старт олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!