date

Ўзбекистон: вулқон тоши келажак материалларига айланяпти

Ўзбекистон: вулқон тоши келажак материалларига айланяпти
Ўзбекистонда сўнгги ўн йил ичида Basalt Uzbekistan компаниялар гуруҳи томонидан инновацион базальт материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган саккизта корхона ташкил этилди. Basalt Uzbekistan муҳандис-технологи Аҳмаджон Юсупжонов саноатнинг ривожланиши, стандартларни жорий этиш ва базальтдан келажак материали сифатида фойдаланиш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

Базальт – бу вулқон келиб чиқишига эга бўлган табиий тош бўлиб, лава қотиши натижасида ҳосил бўлади. Унинг конлари бутун республика ҳудудида, жумладан, Жиззах вилояти ва Қорақалпоғистонда, қадимги вулқонлар жойлашган ҳудудларда мавжуд.

Ушбу тошдан иссиқлик ва товуш изоляцияси, композит арматура ва армотармоқлар, қувурлар, геотармоқлар, техник тўқималар ва оловбардош қопламалар ишлаб чиқарилади. Мустаҳкамлиги, узоқ муддатли чидамлилиги ва экологик хавфсизлиги туфайли базальт қурилиш соҳасида тобора талабгир бўлиб бормоқда.

Ўзбекистонда замонавий базальт технологияларининг ривожланиши 2015 йилда бошланди. Ушбу технологияларнинг асосий йўналиши узлуксиз базальт толаси ишлаб чиқаришдир.

Айни шу маҳсулот барча маҳсулотлар қаторининг асосини ташкил этади. Тошни нозик ва мустаҳкам толага айлантиришнинг ўзи катта технологик ютуқ ҳисобланади.

Шу асосда янги йўналишлар, жумладан, базальт пахта, композит қувурлар ва арматура, тўқималар ишлаб чиқаришга йўл очилди. 2024 йилда иккита йирик завод ишга туширилди: феврал ойида композит қувурлар ишлаб чиқарувчи завод, йил охирида эса базальтдан техник тўқималар ишлаб чиқарувчи завод фаолият бошлади.

Ҳозирда Basalt Uzbekistan компаниялар гуруҳи корхоналарида базальт шағал ва қум, толалар, узлуксиз ва бурилган толалар, композит арматура, армотармоқлар ва қувурлар, шунингдек, базальт изоляцион материаллар ишлаб чиқарилмоқда. Бизнинг саккизта заводимиз халқаро, жумладан, Европа стандартларига мувофиқ фаолият юритмоқда.

2023 йилдан бошлаб биз Европа Иттифоқи нормаларига тўлиқ жавоб берадиган базальт геотармоқларини ишлаб чиқармоқдамиз, 2024 йилда эса композит арматуралар Европада сертификатлаш жараёнидан ўтди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати технологик линияниг таркибига кирувчи лабораториялар томонидан мунтазам текширилади, шунингдек, мустақил халқаро аудитлар билан тасдиқланади.

Базальт геотармоқлари йўл қурилишида кенг қўлланилиб, йўл асосларини мустаҳкамлайди ва қоплама деформациясининг олдини олади. Бу эса автомобиль йўлларининг хизмат муддатини узайтириб, уларни сақлаш харажатларини камайтиради.

Бизнинг асосий устувор мақсадимиз – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш ва миллий стандартларни яратишдир. Норматив базани ривожлантириш ва янги стандартларни ишлаб чиқишда биз Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, SQB Testing ва R&D Center ҳамда бошқа тегишли илмий-тадқиқот ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз.

Бугунги кунда базальт геотармоқлари ва базальт композит қувурларни қўллаш бўйича технологик кўрсатмалар ишлаб чиқилган, шунингдек, базальт материалларининг афзалликлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, амалдаги ўн бешта қурилиш меъёрларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланди. Ўзбекистон базальт техник тўқималар бўйича миллий стандарт ишлаб чиқаётган биринчи давлатдир.

Бошқа мамлакатларда бундай нормалар мавжуд эмас – ишлаб чиқариш фақат техник шартлар билан тартибга солинади. Бизнинг асосий мақсадимиз – ички бозорни юқори сифатли қурилиш ва композит материаллар билан таъминлашдир.

Ушбу материаллар импорт ўрнини босувчи, маҳаллий ва хорижий стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар ҳисобланади. Экспорт географиясига келсак, биз ўз маҳсулотларимизни Европа давлатлари, Америка ва МДҲ мамлакатларига етказиб бермоқдамиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон: вулқон тоши келажак материалларига айланяпти