
28-ноябрдан 5-декабргача Республика фонд биржаси «Тошкент»да тақдим этилган юқори ликвидли акцияларнинг аксарияти ижобий динамикани кўрсатди, бироқ фонд индекси UCI 3,31 фоизга пасайди. Ушбу даврда Ҳамкорбанк акциялари энг катта ўсишни қайд этиб, 12,56 фоизга қимматлашди.
Шунингдек, УзРТСБ (+8,80 %) ҳамда Трастбанк (+6,47 %) акцияларида ҳам ўсиш кузатилди. Аксинча, Гарант банк акциялари 15,62 фоизга арзонлаб, ҳафтанинг энг катта йўқотувчиси бўлди.
Шунингдек, «Ўзметкомбинат» (-6,25 %) ва UzAuto Motors (-5,56 %) оддий акцияларида ҳам тушиш қайд этилди. Ипотека-банк ва Алоқабанк акциялари эса нархини ўзгартирмади.
Ушбу даврда битимлар сони бўйича УзРТСБ (544 битим), Капитал суғурта (481) ва Ҳамкорбанк (433) етакчилик қилди. Акциялар бозоридаги савдо ҳажми бўйича Ҳамкорбанк биринчи ўринни эгаллаб, 14,67 миллиард сўмлик савдо амалга оширди.
Электрқишлоққурилиш (269,93 миллион сўм) ва УзРТСБ (176,89 миллион сўм) ҳам етакчилар қаторида жой олди. Юқори ликвидли акциялардан 18 таси ҳафта давомида ўсди, икки акция нархини ўзгартирмади, тўққизтаси эса пасайди.
Биржанинг асосий майдончасидаги умумий савдо ҳажми 217,74 миллиард сўмни ташкил этди. Бир ҳафта аввал эса Республика фонд биржаси «Тошкент»да фонд индекси UCI 3,22 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўша даврда «Қашқадарё технологик транспорт» акциялари энг юқори ўсишни қайд этиб, 9,86 фоизга қимматлашган эди. Шунингдек, «Ўзметкомбинат» (+6,67 %) ва Ҳамкорбанк (+6,37 %) акцияларида ҳам ўсиш кузатилган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.