date

Тошкент биржасида акциялар фаоллашди, индекс яна ўсишга чиқди

Тошкент биржасида акциялар фаоллашди, индекс яна ўсишга чиқди

5–12 декабр кунлари оралиғида Тошкент Республика фонд биржасида юқори ликвидли акциялар сегментида ижобий кайфият ҳукм сурди. Ҳафта якунларига кўра, бозордаги асосий кўрсаткич — UCI индекси 2,31 фоизга ошди, бу эса инвесторлар фаоллиги қайта тикланаётганидан далолат беради.

Ушбу даврда энг катта ўсиш Гарант Банк акцияларида қайд этилди — уларнинг қиймати бир ҳафта ичида 20,08 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, Трастбанк акциялари 12,57 фоиз, Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) акциялари эса 5,42 фоиз ўсиш кўрсатди.

Бироқ барча компаниялар учун ҳафта омадли ўтмади. “Ўзбектелеком” акциялари 12,97 фоизга пасайиб, ушбу ҳафтада энг катта йўқотишни қайд этди. Шунингдек, Бизнес Ривожланиш Банки акциялари 10,23 фоиз, “Ҳамкорбанк” акциялари эса 4,21 фоизга арзонлашди.

Айрим акциялар эса барқарор қолди. Хусусан, “Алоқабанк” ва “Дори-Дармон” акциялари ҳафта давомида ўз қийматини сақлаб қолди ва ўзгаришсиз қолган кам сонли эмитентлар қаторига кирди.

Савдо фаоллиги бўйича ЎзРТХБ етакчилик қилди — бир ҳафтада 557 та транзакция амалга оширилди. Кейинги ўринларда Ҳамкорбанк (436 та транзакция) ва Ўзметкомбинат (362 та транзакция) қайд этилди.

Савдо ҳажми бўйича эса Ҳамкорбанк биринчи ўринни эгаллади — 785,71 миллион сўм. Шунингдек, ЎзРТХБ (391,54 млн сўм) ва “Ўзпромстройбанк” (156,20 млн сўм) энг йирик учликдан жой олди.

Ҳафта давомида 16 та юқори ликвидли акция қимматлашди, 2 таси ўзгаришсиз қолди, 11 та акция эса пасайиш кўрсатди. Асосий савдо платформасида амалга оширилган операцияларнинг умумий ҳажми 93,77 миллиард сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтиш жоиз, бир ҳафта аввал UCI индекси 3,31 фоизга пасайган эди. Жорий ҳафтадаги ўсиш эса бозорда ижобий кайфият қайтиб келаётганини ва инвесторлар ишончи аста-секин тикланаётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Тошкент биржасида акциялар фаоллашди, индекс яна ўсишга чиқди