10:08 / 29.03.2018
9 394

Янги концепция Ўзбекистонда солиқ революциясини вужудга келтирадими?

Янги концепция Ўзбекистонда солиқ революциясини вужудга келтирадими?
Фото: «Infocom.uz»
Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқиилган мазкур концепция революцион ҳужжат ҳисобланади. Агар у қабул қилинса ва амалга оширилса, мамлакатда бизнес муҳити бутунлай яхши томонга ўзгаради.

Ҳақиқатда шундайми? Ўзи бу концепцияга қандай мазмундаги бандлар ва янгиликлар киритилган? Қуйидаги шарҳда бу ҳақда батафсил маълумот берилади.

Сўнгги йилларда республикамизда солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир қатор чора-тадбирлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигининг ҳозирги аҳволи ҳали эркин бозор иқтисодиёти принципларига жавоб бермайди, бизнес зиммасида катта солиқ юки сақланиб қолаётгани, кўп сонли солиқлар ва уларни маъмурийлаштириш таомилларининг мураккаблиги сабабли иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.

Солиқ юкининг юқори даражаси капиталнинг хуфия оборотга олиб чиқилишига сабабчи бўлмоқда. Кичик ва йирик бизнес субъектлари ўртасида солиқ юки даражасидаги салмоқли тафовут (ўрта ҳисобда 3-4 баравар) ишлаб чиқаришнинг кенгайтирилишига ва тадбиркорлик субъектларининг йириклашишига тўсқинлик қилмоқда.

ҚҚСнинг юқори ставкаси ва ундириш тизимининг мураккаблиги солиқ тўловчиларнинг оборот маблағлари тортилишига, оралиқ ва пировард истеъмол маҳсулотлари қиймати қимматлашишига, йирик ва кичик бизнес ўртасида самарали кооперация мавжуд бўлмаслигига олиб келмоқда.

Юридик шахслар мол-мулкига солиқ солишнинг амалдаги тизими ишлаб чиқариш капитал иншоотлари ва инфратузилмасига инвестицияларга ғов бўлмоқда, салмоқли капитал талаб этадиган тармоқларга харажатлар оширилишига олиб келмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромадларга солиқ солиш тизимининг такомиллашмаганлиги меҳнатга ҳақ тўлаш фонди пасайтирилишига ва, охир-оқибат, хуфия маош тўлаш схемалари қўлланилишига олиб келади.

Самарасиз солиқ маъмуриятчилиги умуман Давлат бюджети даромадлари даражасига салбий таъсир кўрсатади.

Амалдаги тизимнинг шу ва бошқа кўплаб камчиликлари республикамизнинг инвестицион жозибадорлигига жиддий путур етказади, боиси аксарият инвесторлар назарида Ўзбекистон солиқ қонунчилиги нормалари тушунарли бўлишини, соғлом рақобатни, солиқ маъмуриятчилиги очиқ-ошкоралигини, солиқ юкининг мақбул даражасини ва инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояланиши кафолатларини таъминламаяпти.

Шу муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб, солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Концепцияга кўра, улар қуйидагилардан иборат.

I. Солиқ тизимини ислоҳ қилишда устувор йўналишлар

Солиқ қонунчилигини имкон қадар соддалаштириш, норматив ҳужжатлардаги коллизия ва қарама-қаршиликларни йўқотиш, солиқ тўловчилар манфаатини ҳимоя қилиш.

Солиқ тизимидаги ҳар қандай ўзгаришлар кейинги молиявий йилдан кучга кириш тартибини жорий этиш.

Тадбиркорларга солиқ босимини камайтириш, катта ва кичик корхоналари орасида солиқ миқдоридаги тафовутларни бартараф этиш.

Тенг рақобат муҳити яратиш мақсадида, шахсий солиқ ва божхона имтиёзлари бериш қатъиян таъқиқланади.

Солиқлар умумий сони камайтирилади, бир хил базадан олинадиган солиқлар умумлаштирилади. Солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади.

II. Солиқ тизими ислоҳ қилинадиган асосий йўналишлар


Юридик шахслар даромад солиғи бекор қилинади. Тижорат банклари ва суғурта компанияларидан бундан мустасно.

Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилади, лекин шу билан бирга айланма маблағ миқдори 1 миллиарддан кўп бўлган, барча тоифадаги солиқчилар уни тўлашга мажбур бўлади. ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг самарасизлари бекор қилинади.

Юридик шахслар даромадидан давлат мақсадли фондларига олинадиган тўловларнинг барчаси бекор қилинади.

Жисмоний шахслар даромад солиғи, ягони ижтимоий солиқ, нафақа фондига суғурта тўловлари ягона 25 фоизли солиқ айлантирилади.

Соддалаштирилган тартибда солиққа тортиш тизими бекор қилинади. Ер солиғи ва ягона солиқ тўланадиган фаолият турлари қайта кўриб чиқилади.

Янги солиқ тизимида кичик бизнес корхоналари ҳисобланадиган юридик шахслар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
  • йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан кам;
  • қўшилган қиймат солиғи тўламайдиган;
  • 5%ли даромад солиғи тўлайдиган.

Тадбиркорлик субъектининг йиллик даромад миқдори 1 миллиард сўмдан ошган тақдирда хусусий тадбиркорлар юридик шакли ўзгармаган ҳолда умумий солиқ тизимига ўтказилади.

Юридик шахслар мол-мулкига бўлган солиқ босими босқичма-босқич камайтирилади. Хусусан, 2019 йилда 2,5 фоизгача, 2021 йилга қадар 1 фоизгача.

Соддалаштирилган солиқ тизимини бекор қилиш эвазига ер ва мулк солиқлари тўловчилари сонини кенгайтириш. Беш йил ичида кўчмас мулк солиғи жорий этиш.

Сув ва ер бойликларидан фойдаланувчилар учун солиқ тизимини такомиллаштириш.

Акциз солиқларини умумлаштириш эвазига уларнинг турларини қисқартириш.

Интеллектуал мулк солиғи олиш услубларини ишлаб чиқиш.

Резидент бўлмаган юридик шахслардан солиқ олиш тизимини такомиллаштириш.

III. Солиқ маъмурияти соҳасидаги ислоҳотлар

Ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали, солиқ органлари ва солиқ тўловчиларининг шахсий алоқасини имкон қадар чеклаш.

Солиқ тзимига онлайн маълумот берувчи касса-назорат аппаратлари ўрнатиш.

Тадбиркорликнинг айрим самарасиз шаклларини, жумладан оилавий ва хусусий корхоналар бекор қилиш.

Ўхшаш базалардан олинаётган солиқларни қайта кўриб чиқиш ва уларни қисқартириш.

Ўзбекистонда солиқ турлари сонини камайтириш.

Ортиқча олинган солиқларни қайтариш тизимини ишлаб чиқиш.

Солиқ соҳасида йўл қўйилган қонунбузарликлар учун жарима чораларни қайта кўриб чиқиш.

Солиқ имтиёзларини фақат маълум мақсадлар учун бериш ҳамда самарасиз сарфланган имтиёзларни бюджетга қайтариш механизмларини ишлаб чиқиш.

Солиқ тизимидаги аудит механизмини тубдан такомиллаштириш. Коррупцияга қарши ички назорат тизимини ўрнатиш.

Солиқ тўловчиларнинг солиқ қонунчилигидан хабардорлик даражасини ошириш. Турли вебинар ва онлайн-чатлар ташкил қилиш.

IV. Солиқ ислоҳотларидан кутилаётган натижалар

Юқоридаги силоҳотлар натижасида пайдо бўладиган янги солиқ тизими, қуйидагиларни таъминлаши керак:
  • Иқтисоднинг тезкор ривожланишини;
  • Тадбиркорлик субъектларига бир хил солиқ босими қўйилиши;
  • Соғлом рақобатбардош тадбиркорлик муҳити яратиш, шахсий имтиёзлар бериш амалиётига чек қўйиш;
  • Иқтисодни янада эркинлаштириш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлари порталида муҳокамага қўйилган. Ушбу муҳокамада барча истовчилар қатнашиб, концепция юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

Шунингдек, эртага, 29 март куни пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да мазкур муҳим ҳужжат муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтади. Соат 10:00да бошланадиган муҳокамага солиқ соҳасидаги экспертлар, бизнес-жамоатчилик вакиллари, ОАВ, халқаро молия институтлари, дипломатик корпуслар ва бошқалар таклиф қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Янги концепция Ўзбекистонда солиқ революциясини вужудга келтирадими?